Жазоир элчиси Ўзбекистон билан тарихий алоқаларни мустаҳкамлашга ундади
Ҳозирги қулай вазият Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида янада кўпроқ ҳаракат қилишга ундамоқда, дейди Жазоир Халқ Демократик Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит. Дипломат бу ҳақда Тошкентда Жазоир мустақиллигининг 60 йиллиги ва икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда гапирди.
Маросимда Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти вакиллари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳозир бўлди. Ўзбекистон ҳукумати номидан эса қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев иштирок этди.
«Жазоир янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатмоқда. Мазкур ислоҳотлар қардош ўзбек халқининг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш йўлидаги интилишларига мос келади. Сўнгги йиллар мобайнида Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари барча соҳаларда жадал ривожланиб борди ва мен мазкур ҳамкорлик даражасидан тўлиқ мамнунлигимни билдираман», – деди Насер Бушерит.
Қайд этилишича, икки давлат робиталари ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган. Зеро, икки халқ муштарак маънавий-маданий жабҳага тааллуқли, иккаласи ҳам ислом цивилизациясига мансуб.
1962 йил 5 июль Жазоир тарихидаги муҳим сана ҳисобланади. Айни шу куни 132 йилдан ортиқ давом этган француз мустамлакаси даври поёнига етган эди.
«Жазоир халқи 1962 йил 5 июлда етти йилдан ортиқ давом этган миллий озодлик учун қуролли курашда берилган катта қурбонлар эвазига ўз мустақиллиги ва суверенитетини тўлиқ тиклади. Ушбу сана, шунингдек, ижтимоий адолат ва иқтисодий ривожланиш, суверен ва мустақил ташқи сиёсат тамойилларига асосланган замонавий миллий давлат қуриш жараёнининг бошланғич нуқтаси бўлди. Ҳозирда Жазоирда хукм сураётган барқарорлик ва тинчлик замонавий демократик давлат, кучли ва рақобатбардош иқтисодиётни барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг самарасидир», – деди Жазоир элчиси.
Таъкидланишича, Абдулмажид Теббун президент этиб сайлангач, мамлакат сиёсий янгиланиш, иқтисодий ривожланиш ва ташқи сиёсатни жонлантириш борасида янги даврга қадам қўйди.
Эслатиб ўтамиз, 1992 йил 30 июнда Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Аввалроқ ушбу муҳим ҳодисанинг 30 йиллиги муносабати билан икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари табрик алмашган эди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в. б. Владимир Норов ўз табригида сўнгги йилларда ўзаро муносабатлар аниқ амалий мазмун билан бойиганини таъкидлаган. Жазоир ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Рамтан Ламамра эса Ўзбекистон билан сиёсат, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш истагини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter