Жан-Клод Ван Дамм Нурмагомедов оиласига таъзия билдирди
Америкалик актёр, режиссёр ва сценарийнавис Жан-Клод Ван Дамм «Instagram»даги саҳифаси орқали Ҳабиб Нурмагомедовга отасининг ўлими сабаб таъзия билдирди.
Ван Даммнинг сўзларига кўра, у Абдулманноп Нурмагомедов билан шахсан таниш бўлмаган, лекин унга қойил қолган. Мурожаат матнида у, шунингдек, мураббийнинг ҳаққига дуо қилишини айтиб ўтган.
«Биродар, мен сизни ҳаётда ҳеч қачон учратмаганман, лекин ҳамиша қойил қолардим! Сизнинг ҳаққингизга дуо қиламан. Аллоҳ даргоҳида қабул қилган бўлсин. Омийн», — дея Ван Даммнинг сўзларини келтирган «360» телеканали.
3 июль куни мураббий Абдулманноп Нурмагомедовнинг вафот этгани маълум бўлди. Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси коронавирус асоратлари туфайли пойтахтдаги шифохонада ҳаётдан кўз юмган. Қайғули хабардан сўнг спортчи 4 июлга режалаштирилган матбуот анжуманини бекор қилди, деб ёзган «kp.ru» сайти.
Кўпгина сиёсатчи ва спортчилар Нурмагомедовлар оиласи ўз таъзияларини билдиришди. Россия президенти Владимир Путин шахсан мураббийнинг ўғлига қўнғироқ қилган.
Мураббий Доғистонда дафн этилди. Дафн маросимида қариндошлари ва яқин дўстлари қатнашди. Унда Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров ҳам иштирок этди, дея таъкидлайди «Звезда» телеканали.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter