Ихтисослаштирилган мактабларда кимлар ўқийди? (фото)
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари бошланди.
Бугун, 3 июль куни Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларига старт берилди. Имтиҳонлар 8 июлга қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Имтиҳонлар 3 сменада - 08:00, 13:00 ва 18:00 бўлиб ўтмоқда.
Президент фармон асосида мамлакатимизда 193 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ташкил этилади. Шундан 168 таси 2022-2023 ўқув йилида ўз фаолиятини бошламоқда. Мазкур мактаблардан 23 таси мактаб интернатлари бўлиб, уларда ётоқхона ҳам мавжуд. Қолган 145 та ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилар уйидан қатнаб ўқишлари учун мўлжалланган.
Янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга 2022/2023-ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 1 июндан – 30 июнга қадар онлайн шаклда ariza.piima.uz сайти орқали амалга оширилди.
Президент таълим муассасалари агентлиги директори ўринбосари Алишер Уббиевга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.
– Ихтисослаштирилган мактабларга нечанчи синфдан қабул қилинади?
– 2022-2023-ўқув йилида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимига ўтказилган 168 та ихтисослаштирилган мактабларнинг:
- аниқ фанлар йўналишига 5-11-синфларга;
- табиий фанлар йўналишига 7-11-синфларга қабул бўлиб ўтади.
– Мактабларнинг сиғими қандай бўлади?
– Бу йили янги ташкил этилаётган 168 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар учун аввал Халқ таълими вазирлигида бўлган айрим мактаблар, шунингдек коллежлар бинолари ажратилган. Шунга кўра, уларнинг сиғими ўша биноларнинг ҳажмига қараб белгиланади. Дейлик, баъзи мактабларда 5-синф ўқувчилари учун олтитагача синфлар ташкил этилса, айримларида битта синф бўлади. Ҳар бир синфда 24 нафардан ўқувчи бўлади.
Яна бир жиҳати, кўпгина мактабларимиз ҳам аниқ, ҳам табиий фанларга йўналтирилган. Айримлари эса фақат аниқ фанларга ихтисослашган бўлади. Бу мактабларнинг биноси катта-кичиклигига ҳам боғлиқ бўлади.
– Ихтисослаштирилган мактабларнинг қайси синфларига ҳужжатлар кўп топширилди?
– Мактабларнинг 5-синфи учун талабгорлар сони кўп, чунки Президент мактабига тайёрланган болалар ихтисослаштирилган мактабларга ҳам ариза топшириб, имтиҳонлардан ўтишмоқда.
Энг кам талабгорлар 11-синфлар учун қайд этилди.
– Янги ташкил этилаётган мактабларда ўқиш қачондан бошланади?
– Бу мактабларнинг очилиши ҳокимиятларнинг таъмирлаш ишларини қачон тугатишига боғлиқ. Кўпчилиги сентябр ойидан очилади, лекин баъзиларида таъмирлаш октябр-ноябр ойларигача давом этиши ҳам мумкин. Унгача имтиҳондан ўтган болалар ўзларининг аввалги мактабларида ўқиб туришади ёки қайсидир мактабларимизда икки сменали ўқиш ташкил этилиши мумкин.
– Имтиҳон натижалари қачон эълон қилинади?
– Ихтисослаштирилган мактабларда имтиҳонлар 9 июль куни якунига етади ва шундан сўнг икки ҳафта ичида натижалар эълон қилинади.
Қайд этиш лозимки, 5-синфларга натижалар алоҳида бўлади. Чунки бунда Президент мактабига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичидан ўтиб, иккинчи босқичидан ўта олмаган талабгорлар ариза ёзиб, ихтисослаштирилган мактабларга имтиёз асосида киришлари мумкин. Уларга 50 фоизлик квота ажратилган. Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, Президент мактаби имтиҳонларида 480 ўқувчи иккинчи босқичга ўтади. Шундан иккинчи босқичда юқори натижа кўрсатган 24 нафари ўқишга киради, қолган 456 нафарига пойтахтда янги ташкил этилган ихтисослаштирилган учта мактабга ихтиёрий равишда ариза топшириб, имтиёз асосида кириш имконияти берилади. Имтиёз асосида киришда балнинг юқорилигига қараб устунлик берилади.
Маълумот учун: янги ташкил этилган ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга ҳужжат топширган ўқувчиларга имтиёз Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан тасдиқланган Халқаро, минтақавий ва асосий фан олимпиадалариининг математика, физика, кимё, биология, ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан вилоят босқичида 1-2-3 ўринни эгаллаган 9-10-11 синф ўқувчиларига татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент мактабларига кириш имтиҳонларидан ҳам репортаж тайёрланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter