Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил олими Эронга атом бомбаси ташлашни таклиф қилди

Исроил олими Эронга атом бомбаси ташлашни таклиф қилди

Исроиллик таниқли тарихчи олим Бенни Моррис мамлакат раҳбариятини Эронга ядро қуроли билан зарба йўллашга ундади. «Haaretz» газетасида чоп этилган мақоласида олим Эроннинг ядро дастурини тўхтатишнинг мақбул йўли шу эканини урғулаган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 14 апрелга ўтар кечаси Эрон Дамашқдаги консуллиги Исроил томонидан бомбаланганига жавобан яҳудий давлати ҳудудига дрон ва ракеталар орқали ҳужум уюштирди. Оқибатда, Теҳрон ва Тель-Авив ўртасида муносабатлар янада таранглашиб, томонлар уруш ҳолатига келиб қолди. 

Бенни Моррис Исроил раҳбариятининг Эрон ракета ҳужумига жавобини «заиф» деб баҳолаган. Унга кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, Исроил яқин ойларда аниқ ҳаракатлар қилиши керак.

Б.Моррис фикрича, АҚШ Эрон билан тўлақонли урушга журъат қилмас экан, Исроил азалий рақибига қарши курашда «ноанъанавий имкониятлар»дан фойдаланишга мажбур бўлади.

Тарихчи олим даъвосига кўра, Эрон ядро бомбаси ишлаб чиқариш учун керак бўлган кўрсаткич –  уранни 90 фоиз бойитиш имконига эга бўлиш арафасида. Ҳозирча Исроил ҳарбий жиҳатдан Эрондан устунликка эга, аммо яқин йилларда бу устунлик бой берилиши мумкин. Шунга кўра, у Исроил тезроқ Эрон ядро дастурини йўқ қилиши керак деб ҳисоблайди.

Сўнгги вақтларда Исроил расмийлари томонидан оммавий қирғин қуролини ишга солиш эҳтимоли бот-бот муҳокама қилинмоқда. Жумладан, 2023 йил ноябрь ойида Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу Ғазо секторида атом бомбасини қўллаш ҳақида гапирган эди. Бу таклиф сўнгги ойларда Исроилнинг Ғазо секторидаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини ташвиш билан кузатаётган дунё ҳамжамиятини янада кучли хавотирга солди.

Маълумот ўрнида, Исроил оммавий қирғин қуролига эга эканини очиқ тан олмайди, буни инкор ҳам этмайди.

Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро ташаббус (ICAN) ҳисоботида Исроил оммавий қирғин қуролига эга давлатлар сафида зикр қилинган.

Халқаро тузилма хулосасига кўра, ҳозирда Исроил 90 та ядро каллагига эга.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг