Huawei катта вице-президенти Сиан шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 19 май куни Ўзбекистон делегациясининг Хитойга ташрифи дастури доирасида Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарлари ва вакиллари иштирокида Сиан шаҳрида давра суҳбати ўтказди. Huawei Technologies Co. Ltd. катта вице-президенти Жаноб Ван Цзянфен компания вакили сифатида учрашувда иштирок этди ва Huawei компаниясининг Ўзбекистонда тармоққа киришини кенгайтириш, яшил ривожланиш, иқтидорларни тайёрлаш ва экотизим ҳамкорлиги бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.
Huawei 24 йил давомида Ўзбекистонда ўз хизматларини тақдим этиб, маҳаллий тармоқ операторлари ва экотизим ҳамкорлари билан инновациялар, тажриба алмашиш ва истеъдодларни қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистон фуқароларига фойда келтириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Компания давлатнинг рақамли трансформациясини амалга ошириш ва мамлакатда углерод нейтраллигига эришиш учун энергия тежовчи технологиялар жорий этиш истагини қўллаб-қувватлайди.
«АКТ инновациялари, яшил энергия секторидаги ҳамкорлик рақамли иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда. Аввалгидек, Huawei очиқ ҳамкорлик тарафдори, тадқиқот ва алоқа, булутли ҳисоблаш ва яшил энергияни ривожлантириш учун илғор технологияларни ишлаб чиқаришга сармояларни кўпайтиришни мақсад қилган. Huawei, шунингдек, Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида. «Seeds of the Future» ва «AKT akademiyasi» каби таълим дастурлари орқали Huawei маҳаллий истеъдодларни етиштиришга ёрдам беради ва ўсиб бораётган рақамли иқтисодиётга ўз ҳиссасини қўшиш учун бутун мамлакат бўйлаб мижозлар, ҳамкорлар ва университетлар билан ҳамкорликни давом эттиради», – дея таъкидлади Ван Цзянфен.
Ван Цзянфен ва Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Чен Цзякай Сиан халқаро кўргазма марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўргазмасига ташриф буюришди. Ушбу кўргазмада Ўзбекистонда Huawei ечимлари асосида энергетика соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб ҳамма жойда мавжуд бўлган алоқа технологиялари тақдим этилди.
Huawei компанияси 1987 йилда ташкил этилган бўлиб, ахборот-коммуникация инфратузилмаси ечимлари ва ақлли қурилмаларни етказиб берувчи етакчи глобал провайдер ҳисобланади. Huawei компаниясининг 170 дан ортиқ мамлакат ва минтақаларда офислари мавжуд ва 207 000 ходимларига эга. Компаниянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1999 йилда очилган. Айни пайтда унда 400 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда, шундан 70 фоизи маҳаллий ишчилардан иборатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter