Испания қироли меросдан воз кечди — коррупцион можаро
Собиқ қирол Хуан Карлос I нинг Саудия Арабистонидан пул олиши билан боғлиқ коррупцион можаро юзага келганидан кейин ўғли — Испаниянинг амалдаги қироли Филипп VI отасидан қоладиган барча мерослардан воз кечди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Филипп отаси Хуан Карлоснинг мероси ва қолаверса, ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган бўлиши мумкин исталган активлар, инвестициялар ва молиявий тузилмалардан воз кечди. Бундан ташқари, Филипп VI нинг қарори билан давлатнинг собиқ раҳбари, яъни отасига бундан буён қироллик саройи ғазнасидан пул берилмайди.
Гап шундаки, Панама фонди номига очилган швейцар банкидаги ҳисоб-рақами аслида Хуан Карлос I ники деб тахмин қилиняпти, ушбу ҳисобга Саудия Арабистонидан €100 млн. пул келиб тушгани юзасидан Испанияда суриштирув бошланиб кетган. Матбуотда отаси очган ушбу фонд бенефициари (фойдасини олувчи) Филипп VI бўлиши мумкинлиги ҳақида гаплар ҳам болалаб кетганди.
Ҳаммаси собиқ монарх билан таниш аёл Коринна Сайн-Витгенштейн ҳамда полиция собиқ инспектори, суд иши фигурантларидан бири Хосе Мануэл Вильарехо ўртасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилотлари матбуотга чиқиб кетганидан кейин бошланди. Вильарехо ушбу суҳбатни ёзиб олгани айтилмоқда. Ўша суҳбатда Сайн-Витгенштейн айтишича, тахтдан воз кечган қирол Хуан Карлос I ундан чет эллардаги мулкларини яширишда фойдаланиб келган, қолаверса, собиқ монархнинг Швейцария банкларида ҳисоб-рақамлари бор.
Таъкидланадики, Хуан Карлос I Макка — Мадина тезюрар темирйўли қурилишида испан компаниялари консорциуми ютиб чиқиши учун саудияликлар билан музокараларда воситачилик қилиб пул ишлаб олишга уринган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter