Ислоҳотлар бугун амалга оширилмаса, эртага кеч бўлади
Ислоҳотларни кечиктириш яқин йилларда чуқур инқирозга олиб келади – тадқиқотчилар томонидан чиқарилган хулоса шунга далолат қилмоқда.
Маълум этилишича, бугунги кунда газ транспорт тизимининг ўтказувчанлик қуввати 190 миллион кубометрни ташкил этмоқда. Аммо газ транспорт тизимида модернизация ишлари ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда, йиллик 3 фоиз амортизация ва қувурларнинг жисмонан эскириши ҳисобига 2030 йилга бориб уларнинг газ ўтказиш имконияти суткасига 146 миллион кубометргача пасайиб кетиши прогноз қилинмоқда.
Маълумот учун: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим этилган 2030 йилгача бўлган истеъмол баланси прогнозларига асосан, табиий газга бўлган истеъмол ҳажми йилма-йил ортиб, 2030 йилга бориб, табиий газ ресурсларига нисбатан эҳтиёж суткасига 220,8 миллион кубометрни ташкил этади.
Шунга мувофиқ, табиий газга ўсиб бораётган талабни қондириш учун 2023 – 2030 йилларда газ транспорт тизимини модернизация ва реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Мазкур чора-тадбирлар амалга оширилмаган тақдирда, 2025 йилга бориб, тизимнинг табиий газ ташиш қуввати суткасига 169,9 миллион кубометргача тушиб кетади. Натижада табиий газни ҳаттоки ёз мавсумида ҳам талаб этилган ҳажмларда етказиб бериш имконияти чекланиб қолади.
Бунинг оқибатида аҳоли уёқда турсин, саноат корхоналари ва бошқа турдаги ишлаб чиқаришларни ҳам табиий газ билан тизимли таъминлаш мушкул масалага айланади. Бу эса ишлаб чиқаришнинг пасайишига, нархларнинг қимматлашувига, инфляциянинг кескинлашишига, пул массасининг ортиши ҳамда қадрсизланишига олиб келади.
Бир сўз билан айтганда, истеъмолчида бир қоп пул бўлиши мумкин, аммо сотиб олиш учун маҳсулот топилмайди. Импорт маҳсулотлар эса бирмунча қиммат бўлади.
Ҳар қандай соҳани ривожлантириш учун энг аввало иқтисодий асослар керак. Шундоқ ҳам зарар билан ишлаётган соҳага инвестор ҳам келмайди, давлатнинг ўзи сарфлаган маблағлар ҳам беҳуда кетаверади. Бу худди таги тешик идишда сув ташигандек гап.
Шу сабабли ҳам электр энергияси ва табиий газ нархини бозор механизмлари орқали белгилаш вақти аллақачон етиб келган. Бу чора-тадбирларни амалга оширишга бугун киришмасак, эртага кеч бўлади.
Нархларни мақбуллаштириш аҳолини электр билан узлуксиз таъминлашда зарур инфратузилма янгиланиши билан бирга, истеъмол маданияти ошишига ҳисса қўшади. Одамлар ўзи сарфлаётган электр энергияни шахсан назорат ва таҳлил қилиб бориши, хулоса қилиши, табиий равишда тежамкорликни таъминлаши самарали натижа беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter