Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Иқлим ўзгариши оқибатларини маълум даражада юмшатиш учун бор-йўғи 10 йил вақтимиз қолган...»

«Иқлим ўзгариши оқибатларини маълум даражада юмшатиш учун бор-йўғи 10 йил вақтимиз қолган...»

Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганига март ойида 30 йил тўлди. БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги раҳбари доимий вакили Матильда Димовска хоним билан ташкилот томонидан амалга оширилаётган экологик лойиҳалар, мамлакатимизнинг экологик  сиёсати ҳақида суҳбатлашдик.

Муҳтарам Димовска хоним, мана яқинда бутун дунё 5 июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунини нишонлади. Айтингчи, шахсан сиз учун бу кун нимани англатади?

– Бу кун мана 50 йилдан буён дунё бўйлаб нишонлаб келинмоқда, яъни биринчи халқаро конференция ўтказилганига ярим аср бўлди. Ўшанда дунё атроф-муҳитнинг аянчли аҳволга келиб қолганини англаб, бу ҳақда баралла гапира бошлади. Илк конференция Стокгольмда «Бизнинг ягона сайёрамиз» шиори остида ўтказилган. Бу йилги кампаниянинг ҳам шиори: «Ер сайёрамиз ягона». Агар биз дунё сақланиб қолинишини ва келажакда катта йўқотишларга дучор бўлмасликни истасак, нафақат жамоавий, балки индивидуал даражада ҳаракат қилишимиз талаб қилинади. Олимлар иқлим ўзгариши оқибатларини маълум даражада юмшатиш учун бор-йўғи 10 йил вақтимиз қолгани ҳақида бонг уришмоқда. Мазкур кунни Ўзбекистондаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракати, кўплаб ҳамкорларимиз ва энг муҳими болалар билан биргаликда нишонлангани эътиборга лойиқ бўлди.

Айтингчи, бугун БМТ ТД Ўзбекистонда атроф-муҳит билан боғлиқ қайси лойиҳалар устида иш олиб бормоқда ва улардан қайсилари айнан Ўзбекистон учун энг самарали лойиҳалар ҳисобланади?

– БМТ ТД 130 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади, Ўзбекистонда эса 1993 йилдан, яъни қарийиб 30 йилдан бери биологик хилма-хиллик, табиий ресурсларни бошқариш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва бошқа соҳаларда кенг кўламли тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Иқтисодий ислоҳотлар  жадал суръат олар экан, атроф-муҳит ва иқлим билан боғлиқ муаммоларга катта эътибор қаратишимиз лозим. Чунки бусиз ҳеч қандай иқтисодий ислоҳот натижа келтирмайди. Шу боис асосий эътиборни табиий ресурслардан фойдаланиш, асраш, биологик хилма-хиллик, ўзгаришларга миллий даражада  мослашиш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишни қўллаб-қувватлаш каби мавзуларга эътиборни қаратмоқдамиз.

Мен шулардан айримларини тилга олиб ўтмоқчиман. Булар жумласига Оролбўйи минтақасида олиб бораётган барча фаолиятимиз киради. Бу ерда атроф-муҳитга боғлиқ айрим муаммоларни тирикчилик воситалари билан таъминлаш масаласига боғлаган ҳолда ҳал қилишга уриняпмиз. Шунингдек, биз қор қоплонининг ўта муҳим бўлган турларидан бирини сақлаб қолиш, «яшил иқтисодиёт» сиёсатини шакллантиришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам лойиҳаларимиз мавжуд.

Ўтган йил ноябрь ойида COP- 26 Иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро конференциянинг 26-сессияси (COP-26) бўлиб ўтганди.  БМТ ТД бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисини иқлим ўзгаришига мослаштириш борасида ўз олдига қандай вазифаларни қўймоқда?

– Биз нафақат COP-26 анжуманини яқиндан кузатиб бордик, балки ҳукумат ва турли муассасалар, жумладан, Ўзгидромет, Давлат экология қўмитаси, Инвестициялар, ташқи савдо вазирлиги билан COP-26 га тайёргарлик кўриш асносида ҳукумат томонидан мажбуриятлар тўғрисидаги асосланган қарор қабул қилиниши борасида иш олиб бордик. Париж келишуви доирасида Ўзбекистон томонидан белгиланган, яъни миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасига оид иккинчи таърифини қўллаб-қувватлаганимиздан ва газ эмиссияси бўйича мажбурият 300 фоизга ошганидан мамнунмиз, бу жуда яхши натижа. Аммо  олдимизда ҳамон бир қатор саволлар турибди: «Бу ёғига нима қилиш керак?», энди «Ўзбекистон учун нималар устувор аҳамиятга эга?». Мослашишув борасида катта салоҳиятга эга бўлган – қишлоқ хўжалиги, сув, соғлиқни сақлаш, қурилиш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш каби бешта асосий соҳани қўллаб-қувватлаймиз. Бундан ташқари, минтақавий мослашиш режасига эга бўлган учта мақсадли ҳудуд – Бухоро, Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳам эътиборимизда. Глазгода бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатлар ўз зиммаларига ўрмонларнинг йўқолиши жараёнини маълум даражада ортга қайтариш мақсадида ўрмонлаштириш борасидаги ташаббусларини кенгайтиришни ваъда қилишган. Ўзбекистон эса ана шу мамлакатлардан бири. Мамлакатнинг «Яшил макон» ташаббуси диққатимизни ўзига жалб қилди ва бу биз ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган соҳалардан бири. Яна бир муҳим масала – мамлакатлар томонидан карбонат ангидриднинг ташланишининг қисқартирилиши ва унинг савдосини йўлга қўйиш. Яъни, Ўзбекистон ҳам углерод бозорининг аъзосига айланмоқда десак, адашмаган бўламиз. Углерод савдоси механизми ўта муҳим аҳамиятга эга, биз ана шу йўналишда ишлашга умид қиламиз, ҳукуматни бошқа кўплаб масалаларда қўллаб-қувватлаш режамиз бор. Келажакда, ҳозир, COP-26 дан сўнг, масаланинг моҳияти мажбуриятларни бажаришга бориб тақалади.

Шу ҳафтада «Стокгольм+50» конференцияси ўтказилади. Барчамизга маълумки, БМТ ТД конференция ўтказилиши арафасида миллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айни шу тадбирлар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

– Ҳа. Олдинроқ айтиб ўтганимдек, 1972 йилда БМТнинг инсон муҳити муаммолари бўйича биринчи конференцияси бўлиб ўтган эди. Яқинда анжуманнинг 50 йиллигини нишонлаш учун дунё ҳамжамияти вакиллари яна Стокгольмда йиғилишди. Албатта, бундан мақсад нафақат бу санани нишонлаш, балки тадбирда қилинган даъватлар натижаларини биргаликда, юқорида айтганимдек, ҳатто индивидуал даражада мустаҳкамлаш ва тасдиқлашдан иборат. Ушбу конференция барча давлатлар, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам мамлакатнинг атроф-муҳит билан боғлиқ ҳолати, иқлим ўзгариши, унинг ривожланиш соҳасидаги оқибатлари бўйича ўз қарашларинии, тажрибасини ифодалаш, шунингдек, ўз зиммасига мажбуриятларни олиш ва ҳаракатлар бўйича баъзи тавсияларни тақдим этиш имкониятидир. Шу боис БМТ ТДга Швеция ҳукумати кўмагида конференцияга тайёргарлик кўриш доирасида бир қатор миллий маслаҳатлашувлар ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилинди. Бу давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилгани бизларни қувонтирди. Ўтган бир неча ой давомида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзгидромет, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши каби ҳамкорларимиз билан биргаликда қатор маслаҳатлашувлар ташкил этдик. Эътиборимизни бир нечта мавзуга қаратдик: «Яшил ўсиш (ёки Яшил ўтиш стратегияси)», «Оролбўйи минтақасининг барқарор ривожланиши», «Миллий миқёсда белгиланган ҳиссалар ва иқлим ўзгаришига мослашув» ҳамда «Табиий ресурсларни барқарор бошқариш» мавзуларидир. Тадбирларда нафақат ҳукуматлар, балки илмий доиралар, фуқаролик жамияти ва жамоатчилик гуруҳлари вакиллари, борингки, жамиятнинг барча доиралари вакиллари иштирок этди. Мавзуларнинг ҳар бири янада чуқурроқ кўриб чиқилди. Келиб тушган бир қатор тавсияларни умумлаштириб, Ўзбекистон делегациясига топширдик. Ўзбекистон улардан лидерлар мулоқоти доирасида ўз тажрибасини тақдим этганда, сўнгги бир неча йил ичида амалга оширилаётган ишларнинг бориши учун келажак сармоялари ва, албатта, дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилганда фойдаланишига ишонамиз.

Ўзбекистон барқарор ривожланишнинг 14-мақсади, яъни «Денгиз экотизимларини асраш»дан ташқари, қолган барча мақсадларига қўшилди. Ушбу мақсадлар бугунги кунда муваффақиятли амалга оширилмоқдами? Шу ҳақда қандай фикрдасиз?

– Мен Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига содиқ эканлигини қайд этиб ўтмоқчиман. Ўзбекистон ҳукумати барқарор ривожланиш мақсадларига бу қадар кучли қизиқиш ва садоқатни намойиш этаётган кам сонли давлатлардан бири бўлиб, буларнинг барчаси шунчаки оғзаки айтилган мажбуриятлар эмаслиги амалда яққол кўриниб турибди. Атроф-муҳит билан боғлиқ барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳа, Ўзбекистон уларнинг баъзиларида муваффақиятга эришган, бошқаларида эса натижалар яхшиланиши учун иш олиб бориляпти. Масалан,  Ўзбекистон «Ўрмон ва йўқотишларни тиклаш» йўналиши бўйича яхши натижаларга эришмоқда. «Сув ресурслари ва оқава сувларни тозалаш» ёки «Ҳаво сифати» мақсадларига келсак, бу соҳаларда ҳали анча ишлар қилиниши лозим.

Мен 2020 йилда БМТ ЕИК ва БМТ Атроф-муҳит дастуридаги ҳамкасбларимиз томонидан ўтказилган экологик самарадорлик таҳлилининг муҳим ҳужжат эканлигини атмоқчиман. Унда Ўзбекистонда экологик кўрсаткичларни яхшилаш учун нималар қилиш кераклигига оид юзга яқин жуда аниқ тавсиялар ишлаб чиқилган.

Ниҳоят, учинчи жиҳат шундаки, ҳукумат буни жуда жиддий қабул қилди ва расмийлар уни нафақат тақдим этишди, балки жараён давомида бу хусусдаги мулоҳазаларни қўллаб-қувватлашди, мен бунда ҳукумат ҳаракат режаси ва ушбу таҳлилда келтирилган тавсияларга қандай реакция билдириш кераклигига оид йўл харитаси билан келганини назарда тутяпман. Шунинг ўзи етарлими? Бу етарли эмас. Бизга кўпроқ реакция керакми? Албатта керак.

Масалан, ОТБдаги ҳамкасбларимиз Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш ишларига ажратилаётган маблағлар жуда камлигини таъкидлашмоқда. Ўтган давр мобайнида бу харажатлар ортиб борди, лекин улар ҳамон жуда паст. Улар келтираётган кўрсаткичга кўра, ЯИМ нинг 0,05 фоизи  ана шу мақсадларга сарфланади. БМТ ТД сифатида биз ҳам баҳслашмоқдамиз, муҳокамада иштирок этмоқдамиз ва менимча, ҳукумат ҳозир буни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш усулларидан бири, яъни иқтисодий ўсишга экологик ҳиссаларнинг пул қийматини жорий этиш сифатида қабул қилмоқда.

Батафсил жавобларингиз ва ажратган вақтингиз учун миннатдормиз.

Наргис ҚОСИМОВА суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг