«InnoWeek – 2022» ҳафталигининг энг фаол иштирокчилари Инновациялар вазирлиги томонидан тақдирланди
Пойтахтимизда «InnoWeek – 2022» халқаро инновацион ғоялар ҳафталигининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу кунларда «InnoWeek – 2022» сайтида хорижий давлатлар ва мамлакатимиз илмий-инновацион марказлари, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес-инкубаторларнинг етакчи экспертлари, олимлари сўзга чиқишди. Ҳафталикнинг асосий мавзуси «Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар» бўлди.
Ўтган ҳафта давомида бир қатор халқаро форумлар, конференциялар, B2B учрашувлар, панел сессиялари, муҳокамалар бўлиб ўтди. Уларда маҳаллий мутахассислар қаторида жами 25 давлатдан 150 нафар хорижий меҳмонлар қатнашди. Шу билан бирга, кўплаб тадбирларни реал вақт режимида онлайн кузатиш имконияти яратилди. Эфир бир вақтнинг ўзида бир нечта камералар ёрдамида трансляция қилинди, бунинг натижасида иштирокчилар 360 градуслик тасвирларга эга бўлдилар.
Ёпилиш маросимида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳам сўзга чиқиб, ҳафталик ҳақидаги фикри ва олган таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Мен маҳаллий инноватор ёшларимизга битта нарсани айтмоқчиман, давлатимиз раҳбари турли ташрифлар чоғида берган топшириқларига асосан, хорижлик ҳамкорлар билан келишиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилдик. Бизга катта имконият берилди, илгари бундай имкониятга эга бўлмаганмиз. Ҳамкорларимиз 10 нафардан ортиқ PhD даражасига эришган ёшларимизни ўзи билан олиб кетмоқчи. Бу ўқув даргоҳларига кириш осон эмас, масалан, ҳозир биздан атиги бир киши ўқир экан.
Президентимиз ушбу бино бизга топширганларида олдимизга катта нарсани вазифа қилиб қўйгандилар: «Бу бино инновация тарқатсин, инноваторларни жалб қилсин ва уларга кўзгу бўладиган уй бўлсин», деган эдилар. Бугун халқаро ҳамкорларимиз ҳам эришилган ютуқларни эътироф этишмоқда.
Бугун турли номинацияларда ҳар бирингизга имкон берамиз. Биз барчага эътибор қаратишга ҳаракат қилдик. Кимдир эътиборсиз қолган бўлса ғояни ташлаб қўйиш керак эмас, балки уни ривожлантириши зарур. Албатта, ғолиблар бор, ютқазадиганлар бор. Бугун эса ҳаммамиз ғолибмиз. Негаки, Ўзбекистонда мана шундай инновациялар, «яшил иқтисодиёт»га асосланган ривожланиш кетаётганини бутун дунёга кўрсата олдик, – деди вазир.
Маълумот учун, «InnoWeek – 2022» халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги давомида жами 27та халқаро, 9та маҳаллий тадбир ва учта кўргазма, шунингдек, халқаро интерактив ярмарка ўтказилди. Шунингдек, ушбу тадбир «TechnoWays» технологик тараққиёт марафонининг Республика босқичи доирасида ёш авлоднинг энг яхши лойиҳаларини тақдирлаш учун ҳам яхши имконият бўлди.
Ҳафта давомида кўргазмага 20 мингдан ортиқ иштирокчи ташриф буюрди, веб-сайт орқали эса 5658 киши томоша қилди. Жами 61,5 миллиард сўмлик 116та шартнома ва 1,6 миллиард долларлик 18та ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий компаниялар билан умумий қиймати 60 миллион доллардан ортиқ 20та инвестиция шартномаси имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter