Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркия ваколатхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркия ваколатхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати

Инновацион ривожланиш вазирлигининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев Туркиянинг Ўзбекистондаги ТИКА (Туркия Республикаси Бош вазири Аппарати ҳузуридаги Ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бошқармаси) ваколатхонасининг раҳбари Али Исхан Чағлар ҳамда Туркия Миллий таълим вазирининг маслаҳатчиси профессор Мустафа Хилми билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди. 

Али Исхан Чағлар Туркия Миллий таълим вазирининг маслаҳатчиси Мустафа Хилмини вазирлик маслаҳатчиси сифатида фаолият олиб бориши учун номзод сифатида таклиф қилди. Унинг инновацион фаолиятни ривожлантириш борасида катта тажрибага эгалигини билдириб ўтди. Проф. Мустафа Хилми ўз режалари ҳақида гапириб берди.

Илмий ишланмаларга оид лойиҳаларини тижоратлаштириш борасида ТИКА ваколатхонаси Туркиянинг йирик тадбиркорларини жалб қилишини ҳам билдирди.

Туркия Республикаси Бош вазири Аппарати ҳузуридаги Ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бошқармаси (ТИКА) ривожланаётган мамлакатларга кўмак бериш ҳамда уларга иқтисодиёт, савдо, илмий-техник, маданият, таълим ва ижтимоий соҳаларда муносабатларни ўрнатиш мақсадида 1992 йили ташкил этилган бўлиб, 20 та мамлакатда 23 та мувофиқлаштирувчи идоралари фаолият юритмоқда.

Техник кўмак тақдим этиш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишда ТИКА мамлакатларнинг миллий қадриятлари, ижтимоий ва маданий хусусиятларига алоҳида эътибор қаратади, уларнинг тажрибасига таянади. Айниқса, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ТИКАнинг диққат марказида туради. Умуман олганда, ТИКА бошқармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни икки турга ажратиш мумкин. Булар техник кўмак ва ҳамкорликдир. Техник кўмак тренинг-дастурлар, асбоб-ускуналар, мутахассисларнинг хизматларни ўз ичига олувчи ижтимоий, молиявий лойиҳалардан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг