Инҳа университети ва «Trend Micro» ўртасида меморандум имзоланди
Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети талабаларга таълим бериш сифатини янада ошириш борасида янгидан-янги лойиҳаларга қўл уриб келмоқда. Бу борада университет турли халқаро таълим муассасалари, компаниялар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Навбатдаги шундай ҳамкорлик киберхавфсизлик соҳасида ечимлар ва дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича жаҳон етакчиларидан бир бўлган «Trend Micro» компанияси билан бўлди.
Кеча, 22 октябрь куни «Trend Micro» компанияси билан ИНҲА университети ўртасида ҳамкорликда илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш, инновацион лойиҳалар тайёрлаш ҳамда униветситет талабалари учун маъруза ва мастер класслар ўтказишни кўзда тутувчи меморандум имзоланди.
Меморандумни имзолаш маросимида «Trend Micro» компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Нурбек Раҳимов бошчилигидаги вакиллар иштирок этди.
Маросимда IUT ректори Музаффар Жалолов меҳмонларга университетни ташкил этишдан мақсад, бу ерда талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шарт шароитлар, жаҳон стандартлари даражасида жиҳозланган маъруза хоналари, талабалар томонидан ишлаб чиқарилаётган лойиҳалар ва турли ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
ИНҲА университети ва «Trend Micro» ҳамкорлиги талабаларга таълим жараёнида замонавий технологияларни қўллашнинг энг янги имкониятлари эшикларини очади. Бу ҳамкорлик яна шуниси билан муҳим-ки, ўзбек ёшларига ўзларининг энг зўр технологик фантазияларини амалга ошириш имконини бериб, улар «Trend Micro» томонидан қўллаб-қувватланиши ва келгусида янада ривожлантирилиши таъминланади. Шунингдек, талабалар ва ўқитувчиларга «Trend Micro» ахборот ресурслари, илмий базаси ва технологик салоҳиятидан фойдаланиш имкони берилади. Бир сўз билан айтганда, компания киберхафсизлик ва АТ-таълим соҳасида университет ҳаётидаги барча ташаббусларни амалга оширишни рағбатлантиради. Келажакда эса Ўзбекистонда масофавий таълимни ташкил этиш режалаштирилган.
Нурбек Раҳимов, «Trend Micro» компаниясининг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери:
– Ушбу ҳамкорлик мавжуд жараёнларни рақамлаштириш ва университетнинг илмий-тадқиқот фаолиятини тўла қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган. Компаниямиз экспертлари ахборот технологиялари оламидаги ўз билимлари ва тушунчалари билан ўртоқлашади, шунингдек, технологик лойиҳалар устида иш олиб борадиган талабалар клубларини ташкил этишга кўмаклашади. Биргаликда махсус танловлар, дастурий ва аппарат таъминоти кўргазмаларини ўтказишимиз яхши самара беришига ишонаман. Ҳамкорлик доирасида амалга оширилган барча ишлар ҳар икки йилда жамоатчилик ҳисоботида ёритиб борилади.
Усмонжон Йўлдошев,
«Xabar» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter