«Имтиҳон мен учун байрам» – «Ы» операция»си фильмидаги актёрларнинг қисмати қандай кечган?
Режиссёр Леонид Гайдай суратга олган «Ы» операцияси ёки Шурикнинг бошқа саргузаштлари» фильмининг «Шайтон васвасаси» новелласида имтиҳон топшириш саҳнаси бор. Унда талабалардан бири радиоаппарат ёрдамида «тўнка»ни алдаб, имтиҳон топширмоқчи бўлса, иккинчиси бир нечта билетни қарта сифатида олиб, домлани ҳам шунга ундайди. Бу саҳналар фильмнинг жозибадорлигини янада оширган.
Хўш, кинода профессор ва талабалар ролини ўйнаган актёрларнинг тақдири қандай кечгани ҳақида биласизми?..
Қирқ ёшида қирқилган
Владимир Раутбарт 1929 йили Украинанинг Николаев шаҳрида, яҳудий оиласида туғилган. Унинг ота-онаси сартарош бўлиб ишларди. 30-йилларнинг охирида ушбу оила Ленинградга кўчиб ўтади. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда Володя 12 ёшда эди.
Ота фронтга кетгач, она-бола уни бошқа ҳеч қачон кўрмади. Владимир онаси билан қамалдаги Ленинградда яшади. У ердан Ладож кўли, фронт ортига, Уралга, Молотов вилоятига (Пермь ўлкасига) кўчирилдилар.
Уруш йилларида нафақат одамлар, балки бутун бошли ташкилотлар ҳам фронт ортига жўнатиларди. Ленинград ёш томошабинлар театри ҳам кўчирилди ва Владимир бу даргоҳга оддий ишчи бўлиб жойлашди. Бир неча йилдан сўнг эса уни Молотов шаҳар мусиқа театрига актёрликка қабул қилишди, бироқ маоши жуда кам эди.
Раутбарт маҳоратини ошириб борди. Мухлисларга эга бўлди. Кейинроқ Владимир Раутбарт пойтахтга йўл олиб, Москва театрига ишга кирди. Ўшанда унинг ёши 30 да бўлиб, доимий изланар, ўзининг жанрини қидирар, янги роллар олар ва бошқа театрларга таклиф қилинарди. Владимир худди оз умр кўришини билгандек, куйиб-пишиб ишлар, қўли қўлига тегмасди.
У кинога «Етти энага» юмористик фильми билан кириб келди. Мазкур картинада дирижёр ролини ижро этди. Томошабин ёш актёрни «Ёқут кўзли билагузук», «Улар осмонни забт этадилар» фильмларида ҳам кўрди. Гарчанд роллари кичик бўлса-да, Раутбартнинг маҳорати бутун фильмга сингиб кетарди.
Владимир Раутбартни машҳур қилган роль, шубҳасиз, «Ы» операцияси»даги профессор бўлди. Томошабин уни фильмда уч дақиқадан ортиқ кўрмайди, бироқ профессор ва талабанинг суҳбати «халқ озғаки ижоди»дан жой олди.
Раутбарт 40 ёшга тўлганида уни машҳур «Тимсоҳ Гена» мультфильмидаги кампир Шапоклякка овоз беришга таклиф қилишди. Бу актёрнинг сўнгги иши бўлиб қолди. 1969 йили у шоҳтомири ёрилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Раутбартнинг гулдек хотини бева, икки боласи етим бўлиб қолди.
Пули йўқ, уйи йўқ актёрнинг шуҳрати
Виктор Павлов 1940 йил 5 октябрда Москвада туғилган. Унинг ота-онаси сибирлик бўлиб, Читада яшаган. Отаси муҳандис, онаси врач-акушер эди. Улар 1940 йили Москвага кўчиб ўтиб, коммунал уйга жойлашдилар.
Виктор болалигида безори бўлган. Қулоғининг антиқалиги ҳам жанжаллар туфайли.
1956 йилда мактабнинг саккизинчи синфини тамомлаган Виктор заводда чилангар бўлиб ишлай бошлади. Шу билан бир вақтда ишчи ёшлар мактабида ўқиб, ўқитувчилар уйи қошидаги драма тўгарагига қатнади. Тўгарак раҳбари, актёр ва режиссёр В.Н.Богомолов уни театр билим юртига ўқишга киришга ундади. 1959 йили Павлов олий билим юрти талабалигига қабул қилиниб, 1963 йилда уни тамомлади. Билим юртида бўлажак машҳур ҳамкасблар Михаил Кононов, Виталий Соломин ва Олег Дал ҳам таҳсил олишди.
Павлов иштирокида экранга чиққан биринчи киноасар Лев Кулижановнинг «Дарахтлар катта бўлганда» фильми ҳисобланади. Уни машҳур қилган картина эса «Ы» операцияси» эди. Павловнинг қаҳрамони имтиҳонга ёпиқ рация билан келади ва кулгили вазиятга тушади. «Имтиҳон мен учун байрам» ибораси ҳам айнан унинг қаҳрамонига тегишли.
Шундан сўнг Павлов тез-тез кинога суратга тушадиган машҳур актёрга айланди (унинг фильмографиясида 170 дан зиёд картина бор). Ўз вақтида саҳнага чиқишни ҳам канда қилмади.
Виктор Павлов ҳамкасби Татьяна Говорова билан танишиб, кўнгил қўйди. Улар никоҳдан ўтишга борганда Виктор Таняни қўлидан ушлаб, ўриндиққа ўтқазди. Унга ҳаммаси ҳақида яна бир марта ўйлаб кўришни таклиф қилди. «Бизнинг пулимиз, уйимиз йўқ... умуман, нимамиз бор?..» – деди алам билан. Аммо Таня сира иккиланмади – у Виктор билан ҳар қандай қийинчиликка тайёр эди.
Ширин турмуш қуришди. Оилада қизалоқ Саша туғилди. Павлов жудаям меҳрибон ота эди. Қизига бир-биридан ғаройиб қўғирчоқлар совға қиларди.
Кўп ўтмай, улар уйли бўлишди. Бу хонадонга Александр Абдулов, Борис Хмельницкий, Павел Лунгин ва бошқа ҳамкасблар меҳмон бўлиб келишарди.
Павлов дам олишга алоҳида ўзи боришни истамас, ҳар йили ёзда оиласини албатта денгизга олиб чиқарди. Бир йили Ялтадаги актёрлар уйида яшадилар. Павлов бир неча кунга съёмкага кетди. Кейин эса Таня хахолаган кулги овозини эшитиб, эрини қайтганини тушунди. У Викторни ўзбек дўпписи ва тўн кийган ҳолда иккита қовун ҳамда қути тўла Шарқ ширинликлари билан кўриб, ҳанг-манг бўлди.
Виктор Павлович ўзининг саломатлиги ҳақида кам қайғурарди. У узоқ вақт қон босими ва томирлардаги муаммодан азият чекди. Биринчи инсульт 1999 йилда рўй берди. Татьяна Николаевна нонушта тайёрлаётган вақтда ёнбошига оғаётган эрини тўсатдан кўриб қолди. Актёр шифохонада даволанди. Бироқ... биринчи инсультдан сўнг иккинчиси рўй берди.
Ҳаёти мобайнида қушларга қизиққан Виктор Павлов 2006 йил 24 августда 65 ёшида вафот этди.
Сургундаги одамдек ишларди...
Россия халқ артисти Валерий Носик 1940 йил 9 октябрда Москвада туғилган. Отаси ҳисобчи, онаси кимё заводида цех бошлиғи эди. Валерий туғилгунга қадар отаси, поляк Бенедикт Носек 30-йиллардаги қатағон туфайли қамалган эди. 1939 йили озодликка чиққач, янги паспорт олди ва унинг фамилиясини «и» билан хато ёзишди. Отасининг таржимаи ҳолидаги доғ Валерийнинг тақдирига соя солмади: у мактабда намунали ўқувчилар сафида бўлди, тўртинчи синфдан эса маданият уйидаги актёрлик тўгарагига қатнай бошлади.
Мактабдан сўнг Валерий ВГИК талабаси бўлди. Таҳсил давридаёқ кинода суратга тушди ва Москва ёш томошабинлар театри саҳнасига чиқди. Айнан театр даргоҳида Лия Ахеджакова билан танишди. Улар турмуш қурдилар, бироқ биргаликдаги ҳаёт узоққа бормади. Ахеджакова ва Носик ажрашиш сабабини эълон қилишмади, улар ўзаро ҳурматни сақлаб қолдилар.
Валерий Носик жудаям меҳнатсевар актёр эди: у нафақат спектакль ва кинода ўйнар, балки концерт ва ижодий кечаларда қатнашиш учун ҳам вақт топарди. Кинода кичик роллар тегар, бироқ режиссёрлар унинг иштироки ҳар қандай эпизодни жонлантириб юборишини таъкидлашарди. Леонид Гайдайнинг биз тилга олган фильмида Носик қартабоз-талаба ролини қойиллатган. Унинг «Сиздан угина, биздан бугина» фильмидаги роли ҳам эсда қоларли.
1970 йилда «Уй қуришга шошил» мусиқали фильмини суратга олиш чоғида Валерий Бенедиктович актриса Мария Стерниковани учратди ва у актёрнинг иккинчи рафиқасига айланди. Орадан бир йил ўтиб, оилада Александр туғилди. Афсуски, ўғилнинг дунёга келиши Валерий ва Мариянинг етмишинчи йил охирларидаги ажрашишига таъсир қилолмади.
1972 йили Валерий Носик «Малий театр»га ишга ўтди ва умрининг охиригача шу масканда хизмат қилди. У кинода самарали фаолият кўрсатиб, 130 дан ортиқ фильм ва сериалларда суратга тушди. Ўғли Александрнинг хотирлашича, Валерий Носик худди «сургундаги одам»дек ишлаган, у ҳозиржавоб ва ҳеч қачон ҳеч кимга йўқ демасди.
Бахтга қарши, йиллар ўтиб, актёрнинг соғлиғи панд берди ва аввалгидек ишлай олмай қолди. 1995 йилнинг 4 январида Носик театрга ишга келмади. Унинг жонсиз танасини уйида укаси Владимир Носик топди. Ўлим сабаби юрак хуружи эди. Кўпларнинг севимли актёри 54 ёшда ҳаётдан кўз юмганди. Унинг жасади ёнидан укаси янги пьеса матнини топди – Носик ҳаётининг сўнгги дақиқасига қадар севимли иши билан машғул бўлган эди.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter