Имкон берилса бас (видео)
Мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш, уларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар борасида берилаётган солиқ имтиёзлари тадбиркорлик субъектларининг жадал ривожланиши, замонавий юқори технологияларни жорий этиш ҳисобидан жаҳон бозори талабларига мос келадиган рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишида муҳим ўрин тутмоқда.
Андижон вилоятида енгил саноатнинг ип-калава, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган тармоғи анча ривожланган. Олтинкўл туманидаги «Konteks-Tashkent», Хўжаобод туманидаги «Nil-Granit», «Xojaobod Fayz-M», «Xo’jaobod Fazo», Булоқбоши туманидаги «Fan Tekstil» ҳамда Марҳамат туманидаги «Abbos Meros Tekstil» корхоналари маҳсулотларига нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам талаб юқори.
Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги «2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳудудларда тўқимачилик ва саноат соҳасининг изчил ривожланишини, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш билан бир қаторда хорижлик ишбилармонлар билан самарали ҳамкорликни янги босқичга кўтарди.
- Мазкур қарор ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 28 январдаги «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида вилоятда фаолият юритаётган 444 та корхона ўтган йили 26 миллиард 836 миллион сўмдан зиёд солиқ имтиёзига эга бўлди, - дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Акромжон Очилов. – Айни пайтда улар солиқдан тежаб қолинган маблағларни фаолиятини кенгайтиришга, соҳага илғор технологияларни жорий этишга йўналтиришмоқда.
2009 йилда «Полвонтош Текстил» номи билан иш бошлаган «Abbos Meros Tekstil» масъулияти чекланган жамияти иқтисодиётимиз ривожи йўлидаги ислоҳотлар туфайли Япония, Германия ва Хитойдан келтирилган технологиялар билан жиҳозланиб, фаолиятини ҳам, маҳсулот турларини ҳам кенгайтиришга муваффақ бўлди. Дастлат фақат ип-калава, 2016 йилдан бошлаб эса тайёр трикотаж маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйган корхонада ходимлар сони қарийб икки бараварга ортиб, 150 нафарга етди.
- Ҳозирги кунда одамлар эгнидаги либослар ёрлиғига қаранг, деярли барчаси ўзимизники, - дейди масъулияти чекланган жамияти директори Мунаввархон Эшонхўжаева. – Маҳсулотларимиз табиий хом ашё – пахтадан тайёрланганлиги учун жаҳон бозорида ҳам харидоргир. Ҳукуматимиз томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кетма-кет имтиёзлар тақдим этилаётгани тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама тараққий этиши учун дастур вазифасини ҳам бажармоқда. Ўтган йили корхонамиз 2 миллион 900 минг АҚШ доллари ҳажмида маҳсулотни Россия ва Қирғизистонга сотди. Натижада 1 миллиарддан зиёд солиқ имтиёзига эга бўлдик. Ушбу маблағни замонавий технологияларни жалб этишга йўналтирмоқчимиз. Мақсад – иш унумдорлигини ошириш.
Соҳа бир қатор солиқ тўловларидан озод қилинганлиги боис, корхоналар ички бозордагина эмас, балки жаҳон бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда. Янги аср бошида хусусий корхона сифатида иш бошлаган «Nil-Granit» бугун йирик саноат объектига айланди. У ерда ишлаб чиқарилаётган эркаклар, аёллар ва болалар кийимлари аллақачон хорижликлар эътиборига тушиб, эътирофига ҳам сазовор бўлган. 2017 йилда ушбу корхонанинг 5 миллион 400 минг доллар ҳажмидаги маҳсулотига Россия, Украина, Молдова, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан харидорлар топилди. Солиқдан тежаб қолинган 1 миллиард 693 миллион сўм маблағ илғор технологияларни жорий этишга, пахта толаси ва ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлайдиган цехлар ташкил этишга йўналтирилмоқда.
2005 йилда атиги 8 нафар ишчи билан саноатга илк одимини отган «Xojaobod Fayz-M» корхонаси мавжуд яратилган шароитдан унумли фойдаланиб, бугунги кунда йирик хўжалик субъектига айланди. Ҳозирга келиб, 250 га яқин киши меҳнат қилмоқда.
- Эркаклар ва ёш болалар учун трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан фаолиятимизни бошлаганмиз, - дейди корхона бош ҳисобчиси Шерзодбек Назаров. – 2016 йилда эса ип-йигирув цехини ташкил этдик. Бу қўшимча 120 нафар аҳолининг бандлигини таъминлади. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили бизга куч бағишлагани, шубҳасиз. Замон ҳар биримизни фаол бўлишга, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга ундамоқда. Жорий йил ип-йигирув цехимизни кенгайтирмоқчимиз. Ҳозирда янги бино қурилиши бошлаб юборилди. Яқин йиллар ичида ишлаб чиқариш учун керакли хом ашё – пахтани ўзимиз етиштиришни кўзлаб турибмиз. Албатта, солиқдан имтиёз ва преференцияларнинг берилаётгани фаолиятимизнинг кенг қулоч ёйишига хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, корхона ўтган йили 3 миллион 150 минг АҚШ доллар қийматга эга бўлган маҳсулотни Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилди. Натижада 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд солиқ имтиёзига эга бўлди. Бу эса корхонада янги ғояларни тезроқ амалга оширишга қанот бағишлади. 1 гектар ер майдонида иссиқхона барпо этилди. Малакали мутахассислар билан маслаҳатлашиб, серҳосил, эртапишар помидори, булғор қалампири ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириб, аввало ишчилар таъминотини, ортганини эса яқин хорижий давлатларга экспорт қилишни мўлжаллаб туришибди.
Тадбиркорликни йўлга қўйиб олиб, иш ўз-ўзидан ривожланаверади, деб ўтирадиган замон эмас. Изланиб, янгиликларни ҳаётга тез татбиқ этиш зарур. Корхона туман аҳолиси учун яна бир қулайлик яратиш ҳаракатида. Хорижий технологиялар билан жиҳозланган замонавий шифохона фаолияти йўлга қўйилади. Режа амалга ошадиган бўлса, аввало, хўжаободликлар шифо излаб, вилоят маркази ёки пойтахтга боришларига ҳожат қолмайди. Шу билан бирга қўшимча яна 50 га яқин иш ўрни яратилади.
Юртимизда изланганга имкониятлар бисёр. Муҳими, тараққиётимизни янги босқичга олиб чиқиш мақсадидаги бу имтиёзлар тадбиркорларимизда эзгу ғояларни уйғотиб, истиқболли лойиҳаларни жадаллик билан ҳаётга татбиқ этилишига замин яратмоқда.
Дилмурод Парпиев,
Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси
жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter