«IMEI тизими жорий этилганидан кейин маҳсулотимизга талаб кучайди» – расмий дилер (видео)
Сўнгги вақтларда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масала барчанинг диққат-эътиборида бўлди. Вазият юзасидан расмий баёнот берилди, шунингдек, фуқароларнинг паспорт маълумотларининг ўғирланиши ҳолати ҳамда шахсга доир маълумотлардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш оқибатлари ҳақида гапирилди.
Аммо жараёнга бевосита алоқадор томон – хориждан мобиль қурилмаларини импорт қилиб олиб келувчилар қандай фикрда? IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш тизимининг жорий қилиниши расмий импортчилар фаолиятига қандай таъсир қилди? Бу ҳақда «GOODS AND SERVICES IMPEX» МЧЖ раҳбари Ойбек Йўлдошев билан қисқа интервью уюштирдик.
– Мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилгандан кейин, биз расмий равишда импорт қилиб олиб кираётган маҳсулотимизга талаб анча-мунча кучайди, – дейди Ойбек Йўлдошев. – Биз 2013 йилдан бери импорт билан шуғулланамиз, асосан «Samsung» бренди маҳсулотларини расмий дилери ҳисобланамиз. Импорт қилинаётган маҳсулотлар божхонада расмийлаштирилади, барча солиқлар тўланади. Охирги пайтлар истеъмолчилар, яъни, харидорларнинг ҳам дунёқараши кенгайиб, қандай маҳсулотни сотиб олиш лозимлигини яхши тушуниб боришмоқда. Харидор сифатида эътиборлироқ бўлиб боришяпти. Импортёр сифатида айтишим мумкинки, IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимининг жорий қилиниши бозорда ҳалол рақобат муҳитини шаклланишига хизмат қилмоқда.
Мутахассиснинг қайд этишича, тизимнинг жорий этилиши ички бозорга ноқонуний йўллар орқали кириб келаётган мобиль қурилмаларнинг савдосига чек қўйилишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, нарх-навонинг кескин ўзгариб кетиши олди олинмоқда.
– Чунки, биз каби расмий дилерлар ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя қилиб, барча маҳсулотларни тегишли ташкилотлардан рўйхатдан ўтказиб, барча солиқларни тўлаб, мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиб, шундан кейингина сотувга чиқарамиз. Аслида, ҳар бир импортёр ўз маҳсулотларини мана шундай тартибда савдога чиқариши лозим. Мобиль қурилмаларнинг IMEI-кодлардан ўтказиш бу харидорнинг вазифаси эмас, бу импортёрларнинг вазифаси ҳисобланади. Харидорларга тайёр маҳсулот етказиб бериш керак. Телефон аппаратларининг блокка тушиб қолмаслиги учун харидорлар мана шу жиҳатларга, телефон аппаратларини сотиб олаётган вақтларида, эътибор беришлари лозим. Агар бирор фуқаро ўзи хорижий мамлакатга бориб, ўша ердан ўзига телефон сотиб олсагина IMEI-кодларини рўйхатдан ўзи ўтказади, – деди Ойбек Йўлдошев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter