Икки ойлик чақалоғини сотмоқчи бўлган аёл 5,5 йилга қамалди
Бухоро вилояти, Қоракўл туманида яшовчи 28 ёшли аёлга суд ҳукми ўқилди. У икки ойлик чақалоғини сотаётганда қўлга олинди ва 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очилов маълум қилди.
Суд ҳужжатларига кўра, судланувчи қоракўллик А.В. фуқаро туманнинг бошқа маҳалласида яшовчи Б.Р. билан ишқий муносабатда бўлиб келган ва 2013 йилда ундан ўғил фарзандни дунёга келтирган. 2014 йил январь ойида эса Б.Р.га қонуний турмушга чиққан ва улар бирга яшай бошлашган. 2017 йилда қиз фарзандли бўлишган. Орадан бир йил ўтгач, яъни 2018 йилда турмуш ўртоғи Б.Р. Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган. Бу орада эру хотин телефон орқали жанжаллашиб қолишгани боис, улар бири-бири билан умуман гаплашмай қўйишган. А.В. эри билан аразлашиб юрганига қарамай, 2020 йил сентябрь ойигача қайнонасининг уйида яшаб келган. Шундан сўнг А.В. қайнонасининг уйидан чиқиб кетиб, қишлоқ ҳудудидаги алоҳида уйга кўчиб ўтган. 2022 йилнинг июль ойида А.В.га Қоракўл тумани марказидаги ижтимоий ётоқхонадан ҳокимият томонидан хона ажратиб берилган.
А.В. ижтимоий ётоқхонада ножоиз юриш-туриши билан қўни-қўшнилар тинчлигини буза бошлаган. Хулқ-атворидаги тартибсизликлар сабаб 2022 йил июль ойида катта фарзанди унинг қарамоғидан олинган ва турмуш ўртоғи Б.Р.нинг ота-онаси қарамоғига топширилган. Шундан сўнг А.В. Қарши шаҳрига кетган ва у ердаги корхоналардан бирида ошпаз бўлиб ишлай бошлаган. Бу ерда у қаршилик С.Р. исмли эркак билан танишиб, у билан ишқий муносабатда бўлиб юрган. 2023 йилда эса А.В.нинг вояга етмаган қизи ҳам унинг қарамоғидан олиниб, қайнона-қайнотасининг қарамоғига топширилган. Енгил-елпи турмуш тарзига ўрганган А.В. фуқаро С.Р.дан ҳомиладор бўлган ва олти ойдан сўнг, Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида бориб, у ерда тикувчилик цехларида ишлай бошлаган.
2023 йилнинг май ойида Қоракўл туманига қайтган ва шу йилнинг июль ойида Қоракўл туманидаги туғруқхонада ўғил фарзандни дунёга келтирган. Сентябрь ойида фуқаро А.В.га нотаниш аёл телефон қилиб, ундан боласини сотиш-сотмаслигини сўраган. А.В. эса боласини сотмаслиги, унга фарзанд керак бўлса, бошқа туғиб беришини билдирган. Бироқ, нотаниш аёл унинг боласини яхши парваришлашини, камчиликларсиз ўстиришини тушунтирган. Шунда А.В. у аёлга яшаш уйи йўқлигини, субсидия асосида уй олмоқчи эканини, уйнинг бошланғич тўлови учун тўланадиган пулни берса, икки ойлик чақалоғини унга беришини айтган.
Орадан кўп ўтмай, нотаниш аёл у билан юзма-юз учрашган ва ўзини «Азиза» деб таништирган. А.В. Азизадан сотиб олаётган уйининг бошланғич тўлови 60 миллион сўм эканини ва чақалоғини унга бериши эвазига бу сумманинг ҳаммасини тўлиқ қоплаб беришини сўраган.
«Азиза» исмли аёл Бухоро туманидаги «Шергирон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Чорбакр» кафесида А.В.га 5000 АҚШ долларини 60 миллион сўмга ҳисоблаб берган. Ва А.В. у пулларни олиб, фарзандини ҳеч қандай ҳужжатларсиз «Азиза»га топширган. Улар кафедан чиққан пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келишган. Ҳолат холис ва гувоҳлар иштирокида расмийлаштирилган.
«Суд-тергов жараёнида судланувчи оилавий шароити оғирлиги сабабли уйсиз қолгани учун вояга етмаган боласини сотишга мажбур бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини инобатга олиб, қонуний енгиллик берилишини сўради»,-деди суд раиси.
Ўзининг ҳатти-ҳаракати фуқаро А.В. Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси), 3-қисмининг «а» банди билан айбли, деб топилган. Унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилган ҳамда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter