Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ижара шартномаси тузишингиз керакми? Янги йилдан нотариусга эмас, солиққа борасиз

Ижара шартномаси тузишингиз керакми? Янги йилдан нотариусга эмас, солиққа борасиз

Фото: «Норма»

2019 йилнинг 1 январидан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор бўлади, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Мутахассислар янги йилдан бошлаб ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш кераклигини айтишмоқда. Агарда ижарага берувчилар ижара шартномасини ҳисобга қўймаса, жаримага тортилади. Жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача.

Уй-жойини текин фойдаланишга берганларга бу сўзлар тегишли эмас, улар солиқ идорасида ҳисобга қўйилмайди. Жисмоний шахслар ўртасидаги уй-жойнинг ижара шартномаси ижара берувчининг ДСҚ веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали онлайн ҳисобга қўйилади. Хоҳишга кўра бунинг учун ижарага берувчининг доимий яшаш манзилидаги (юридик шахс рўйхатдан ўтган жойдаги) ёки ижарага берилаётган уй-жой жойлашган жойдаги солиқ органларига бевосита мурожаат қилиш мумкин.

Онлайн рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, шахсан мурожаат қилинганда – «қоғоз» ариза тақдим этилганда ўша вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Кўчмас мулк ижара шартномасининг солиқ органларида 1 йилдан ортиқ муддатга ҳисобга қўйилиши уни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу тариқа, 1 йилгача муддатга тузилган шартномалар фақат солиқ органларида ҳисобга қўйилади. 1 йилдан ортиқ муддатга тузилганлари эса – солиқ органларида ҳисобга қўйилиш билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Энг муҳими, кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйишда тўлов ундирилмайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг