Ички ишлар вазири «Жаслиқ»даги маҳбуслар сонини маълум қилди
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов «Жаслиқ» колониясининг ёпилиши бўйича изоҳ бериб, илк бор ушбу муассасадаги маҳбуслар сонини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг (Жаслиқ колонияси) тугатилиши тўғрисидаги қарор юзасидан изоҳ берди.
1999 йилда Қўнғирот туманининг Жаслиқ қўрғонида қурилган муассасанинг ёпилиши «мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ва жаҳон ҳамжамияти олдида жуда катта аҳамиятга эга», дея таъкидлаган вазир «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
«Бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир қилган ва узоқ муддат озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келмоқда. Ушбу колония нафақат бизнинг фуқаролар орасида, қолаверса халқаро ташкилотлар орасида ҳам салбий ном қозонган колония ҳисобланади», — деди ички ишлар вазири.
«Бу колонияни муҳтарам президентимиз қарори билан тугатиш нима учун зарур бўлиб қолди? Биринчидан, жойлашиши — Нукус шаҳридан 300 км, Қўнғирот туман марказидан эса 180 км узоқликда. Иккинчидан, иқлимини олсак, қишда қаҳратон совуқ, ёзда жазирама иссиқ. Жазони ўтаётган шахслар, уларнинг қариндошлари, яқинларининг келиб-кетишларига ҳам ўта ноқулай», — деди у.
«Сиз бир тасаввур қилинг, Фарғона вилоятидан, Андижон ёки Сурхондарё вилоятидан ота-она ёки фарзандлари билан ўша ерда жазо ўтаётган маҳкумни кўриш учун келиш жуда кўп масофа босиб, Жаслиқ қўрғонига борилар эди», — деди Пўлат Бобожонов.
У «Жаслиқ» колониясида 5000 дан 10000 кишигача, шунингдек 5000 нафаргача диний экстремистларнинг сақланиши тўғрисидаги хабарларни рад этди.
«Мазкур муассасанинг бугунги кундаги лимити 1100 ўрин. Ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланаяпти ва шуларнинг атиги 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслардир», — деди вазир.
ИИВга бир ой муддатга Жаслиқда сақланаётган маҳкумларни суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига ўтказиш топширилди.
Пўлат Бобожонов президентнинг 2017 йилдан буён 4000 нафарга яқин маҳкумни афв этганини эслаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, озод қилинган шахслар давлат ва жамият эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Масалан, Рамазон ҳайити арафасида 361 киши жазони ўташдан тўлиқ озод қилиниб, оиласи ва яқинлари бағрига қайтди.
ИИВ раҳбари колониянинг ёпилиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter