Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ич кийимдан бронежилетгача» – Россия армиясидаги ўғирликлар бадалини урушга отланганлар тўлаяптими?

«Ич кийимдан бронежилетгача» – Россия армиясидаги ўғирликлар бадалини урушга отланганлар тўлаяптими?

Россиянинг Украинага «қисман сафарбарлиги» армиядаги кўпгина ишкалликларни юзага чиқарди. Хусусан, ҳарбийлар таъминоти омборхоналари талон-торожи, аниқроғи, ўғирликлар ҳам бугун аён бўлмоқда.

Ҳозирда сафарбар қилинганлар яқинлари рюзак, тиббиёт қутиси, ҳарбий кийим, ички кийим, пайпоқ, пойафзал, бронежилет ва тепловизор каби ашёларни ўзлари сотиб олиб бераётгани сир бўлмай қолди.

Уруш тарафдорларидан бири, заҳирадаги генерал-лейтинант ва депутат Андрей Гурулев ўзининг телеграмм каналида шундай ёзади: «Шахсий таркиб қабул пунктларидаги бир ярим миллион дона комплект қаерга йўқолган, тушуниб бўлмайди, кийим ёки бошқа нарсалар билан боғлиқ муаммолар қаердан пайдо бўлаяпти? Буни ҳеч ким тушунтиришни истамайди».

Июлнинг ўрталарида Россия қўшинлари «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси билан биргаликда Луганск вилоятидаги Углегорский ТЭСини ўқ-оташ остида қолдирганда, Евроосиёнинг бошқа бир нуқтасида, Курил мажмуасидаги Итупир оролида Курил горнизони ҳарбий судида маҳкама жараёни ўтар эди. Маҳаллий ҳарбий қисмнинг истеҳкомдаги кийим-бош хизмати бошлиғи Дмиртий Горин хизмат сохтакорлиги айби билан судланарди.

Аниқланишича, Горин ўтган кузда сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. Уларда ёзилишича, икки ҳарбий хизматчи гўё қатор буюмларни олган. Ҳарбийлардан бири 100 та юк сумкаси, 3 та балаклава, тўртта ёзлик фуражка ва ёмғирдан сақловчи иккита ҳимоя костюми олгани қайд этилган. Бошқаси – 35 та футболка, 50 та дастрўмолча, 150 жуфт қишлик ва ёзлик пайпоқ яна бир жуфт ботинка олган эмиш.

Горин эҳтиёткорлик мақсадида сохта «накладной»ларда ашёларни аллақачонлар хизматдан кетган ҳарбийлар номига ёзган. Судда эса у буюмлар нотўғри сақлангани сабаб яроқсиз ҳолга келиб қолгани ва уларни ҳисобдан чиқаришга қўрққани учун шундай йўл тутганини айтади. Айбланувчига анчайин енгил ҳукм ўқилган – 25 минг рубль жарима билан қутилган.

Муромдаги (Владимир вилояти) истеҳком муҳандислик қисми буюмлар хизмати бошлиғи катта лейтенант Илгиз Ахмедовнинг бу боради омади кўп ҳам юришмади – 2021 йилда Россия НАТОга ўз ултиматумини қўя бошлаганда, у шартли равишда икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У ҳарбий буюмларни юк машинасида ташиб чиқарган.

Тафсилоти шундай: 2018 йилда Ахмедов «Урал» машинасини омборга киргизди ва унга 209 жуфт ёзлик пойафзални юклади. Пойафзал Нижегород вилоятига, унинг танишига, гўё қарзини қоплаш учун жўнатилган. Кейин аксарларга берилиши керак бўлган пойафзалдан 100 жуфтини яна ўғирлади-да, уларни аскарлар кийиб яроқсизга чиқаргани ҳақида акт тузди.

Бу икки ҳукм денгиздан томчи холос. Россиялик ҳарбий мулозимлар йиллар давомида ўз армияларини ана шу тарзда талашди, ғорат қилишди. «Правасудие» давлат автоматлаштирилган тизим маълумотига кўра, сўнгги саккиз йил ичида Россия горнизон ҳарбий судлари томонидан омборхонадан йўқолган буюмлар айби билан камида 558 та иш кўриб чиқилган.

Ўғирликлар ҳар хил усулларда турли даражадаги мулозимлар томонидан содир этилган. Новосибрскийда қора курсида айни айблов билан қандайдир старшина эмас, бутун бошли ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси кийим-кечак хизмати бошлиғи ўтирди.

...Юк шунчалик кўп эдики, хизматдаги КамАЗдан фойдаланишга тўғри келган. Ўғирлаб сотилган товарлар хилма-хиллиги билан диққатни тортади. 2019 йил апрелида айбланувчи жиноий шериклари билан қисмдан 60 дона дала костюми, шунча фурашкаси билан, 50 та ички кийим ва 20 жуфт пойафзални КамАЗга ортишган. Бунда фақат кийим-кечак, пойафзал билан чекланиб қолмай, ҳатто, ғалтак иплари, ҳожатхона қоғозлари, 50 мингта қоғоз конверт, факс учун роликлар, 36 минг дона А4 ҳажмли қоғоз учун ялтироқ «файл», суюқ совунли бутилкалар улкан юк машинасида ортилган. Ўғирланган молларни сотишга унга Новосибирск олий қўмондонлик ҳарбий билим юртидан капитан Дмирий Никитин ёрдам берган. Бу учала айбдор ҳам жаримага тортилган холос.

Кузатувчилар армия омборхоналаридан ўғирлик доимо бўлганини таъкидлашади.

Оддий аскарлар орасида бир неча куртка ёки пойафзални ўғирлаб қўлга тушганлар ҳам бор. Лекин, кўп ҳолларда сотишга мўлжалланган 50 тадан 200 тагача бўлган куртка, плаш, кўйлак ва пойафзал ўмарилган. Алоҳида ҳолатларда минглар устида ҳам гап кетади. Масалан, 2009 йилда Новосибирскийда 1200 та ёзги костюм, 2000 та юк сумкаси, ўша йили Узоқ Шарқда 5 минг та жилет, 4 минг жуфт этик ва 2,5 минг жўн қўлқоп ўғирланган. 2015-2016 йилларда эса Ульяновский вилоятида, бугун сафарбар бўлганларга яқинлари ўз ҳисобидан харид қилаётган моллар — 2,5 минг ички кийим ва футболка, 13 минг жуфт пайпоқ ва 200 та ётоқ қоплари ғойиб бўлгани аниқланган.

Жиноят содир этишда турли усуллар — аслида бўлмаган одамлар номига расмийлаштириш, бир марта берилган буюмни бир неча марта деб кўрсатиш, сифати бузилган деб кўрсатиш, ўлчами тўғри келмагани учун алмаштириш учун олиб чиқиш каби сохтакорликлардан фойдаланилган.

Ҳарбий қисмлардан фақат кийим-кечаклар эмас, балки катта миқдордаги ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳам ноқонуний йўл билан олиб чиқилаётгани таъкидланади. Украинада қолдириб кетилаётган Россия ҳарбий техникаси миқдори катталиги сабаби ана шу билан изоҳланаяпти — техника юриши учун ёнилғи керак.

Ҳатто техника эҳтиёт қисмлари ўмарилгани маълум.

Таҳлилчилар Россия армияси билан боғлиқ янги кирдикорларни, рақамларни ўрганаверади. Бу ёқда эса урушга «сафарбар» қилинганлар пайпоғи йиртилганми-йўқми, уруш ичида. Охири бахайр бўлсин!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг