Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳудудларда тадбиркорлар учун микросаноат марказлари ташкил этилади

Ҳудудларда тадбиркорлар учун микросаноат марказлари ташкил этилади

Президентнинг жорий йил 17 январдаги ПҚ-12-сон қарори билан 2025-2026 йилларда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида микросаноат марказларини барпо этиш лойиҳаларининг манзилли рўйхати тасдиқланган эди.

Ҳукуматнинг яқинда қабул қилинган 308-сон қарори билан микросаноат марказлари учун ер участкаларини ажратиш ва уларда тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш тартиби ишлаб чиқилган.

Микросаноат марказлари ҳудудларнинг ихтисослашуви ва тадбиркорлик анъаналари (ҳудудларнинг драйвери), юқори даромадли иш ўринларини яратиш, шунингдек, хорижий давлатлар (Хитой, Жанубий Корея, Туркия) тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган алоҳида концепция асосида барпо этилиши белгиланди.

Микросаноат марказларида ҳунармандчилик, тикувчилик, пойабзалчилик, қандолатчилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турлари билан шуғулланадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилади.

Микросаноат марказларига ишлаб чиқаришларни жойлаштиришда табиий газга муқобил бўлган ёқилғи турларидан ва энергия тежамкор технологиялардан (гелиоколлектор, иссиқлик насоси, қуёш панеллари, иссиқликни қайта тиклаш-рекуперация қилиш ва бошқалар) фойдаланишга устуворлик берилади.

Микросаноат марказларини қуриш учун ер участкалари ташаббускор пудрат ташкилотларига электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилади.

Ҳужжат билан Ҳудудларда микросаноат марказларини барпо этиш ҳамда уларга кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини жойлаштириш бўйича ишчи гуруҳларнинг намунавий таркиби тасдиқланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг