Ҳиндистонда 40 киши ер остида қолди

Ҳиндистон шимолида туннель қураётган камида 40 нафар ишчи ер остида қолган. Қутқарувчилар сув ва кислород тугаб бораётгани туфайли ишчиларни имкон қадар тезроқ ер юзасига олиб чиқишга ҳаракат қилишмоқда.
CNN хабарига кўра, 12 ноябрь куни Ҳиндистоннинг Уттаракханд штатида ер ости туннелини қуриш вақтида ўпирилиш содир бўлган. Камида 40 киши ер остида қолиб кетган.
Уттаркаши полицияси ер остида қолган ишчилар билан алоқа ўрнатганини айтди. Уларнинг ҳаммаси тирик, лекин сув ва ҳаво захиралари чекланган. Қутқарувчилар ишчиларни имкон қадар тезроқ ер юзасига олиб чиқиш устида ишламоқда. Қамалиб қолганларга кислород баллонлари ва сув берилади.
13 ноябрь куни эрталаб қутқарувчилар 20 метрга яқин вайроналарни тозалашга муваффақ бўлди. Туннелда қолиб кетган ишчилар ташқарига чиқишлари учун улар ҳали яна 40 метрга яқин вайроналарни олиб ташлашлари керак. Фавқулодда вазиятлар хизматларига кўра, бу камида яна бир кун давом этади.
Уттаркаши шаҳрида қурилаётган туннель Ҳимолой тоғларида Чар Дҳам транспорт магистралини яратиш бўйича улкан лойиҳанинг бир қисми бўлиши керак эди. Чар Дҳам миллий автомагистрали Ҳиндистон шимолида бош вазир Нарендра Модининг ташаббуси билан қурилаётган автомобиль йўлидир. Тахминан минг километр узунликдаги йўл лойиҳаси учун Ҳиндистон бюджетидан миллионлаб доллар сарфланмоқда. Магистраль йўлнинг яратилиши ҳиндларнинг машҳур зиёратгоҳлари жойлашган Уттаракханд штатида транспорт имкониятларини яхшилаши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter