Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳидоят» журналининг обуна пуллари қаёққа кетди?

«Ҳидоят» журналининг обуна пуллари қаёққа кетди?

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари, «Ислом нури» газетаси мусулмон халқимиз севиб ўқийдиган нашрлар ҳисобланади. Ўтган йили ушбу нашрлардан «Ҳидоят»га бир юз ўн мингдан ортиқ, «Мўминалар»га ўттиз беш мингдан ортиқ, «Ислом нури»га сал кам ўттиз минг юртдошимиз обуна бўлган. Лекин уларга газета журналларни вақтида чоп эттириб етказиб бериш ишлари негадир ўлда-жўлда бўлиб қолди.

Ўзлари маблағ тўлаб обуна бўлган нашрларни ололмаётган обуначилар ҳақли равишда республикамизнинг турли ҳудудларидан Тошкентга, «Мовароуннаҳр» нашриётига, соҳага алоқадор бошқа ташкилотларга мурожаат қилишяпти, фикр-мулоҳазаларини, эътирозларини билдиришяпти. Ушбу ҳолатга изоҳ бериш, ойдинлик киритиш биз «Мовароуннаҳр» нашриёти бош директори Холмат Атабаевга мурожаат қилдик.

Маълум бўлишича, «Мовароуннаҳр» нашриёти директори «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» масъулияти чекланган жамият (директор Р.К.Жамилов) билан шу йил 6 январда тегишли шартномани имзолаган. Унга кўра, «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси» МЧЖ диний-маърифий нашрларни «Бажарувчи» сифатида чоп этиб бериш мажбуриятини олган. Шуниси қизиқки, ушбу шартномада кўрсатилган нархлар айни шу диний-маърифий нашрларни чоп этиш учун бошқа босмахоналар таклиф этган нархлардан (бир дона нашр учун) минг сўм, саккиз юз сўм қиммат?! Ахир буни қандай тушуниш мумкин? Бу ўринда тарафларнинг маблағларни ноқонуний ўзлаштириш учун тил бириктириб олмаётганига ким кафолат беради? Ахир бу шартномада озмунча маблағ ҳақида келишилмаган-ку!

Биргина «Ҳидоят» журналини олсак, уни бир донасини чоп этиш уч ярим минг сўм этиб белгиланган. Бошқа босмахоналар эса оз-кўпи билан икки ярим минг сўм нарх таклиф этишган. Демак, ўртача нарх икки ярим билан икки минг саккиз юз сўм орасида бўлиши керак. Аммо нашриёт «Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси»га уч ярим минг сўмдан бермоқда. Энди ҳисобланг. «Ҳидоят»нинг тиражи юз минг нусха бўлганида ҳам орадаги фарқ битта сонда юз миллион сўмни, бир йилда эса бир миллиард икки юз миллион сўмни ташкил этади. Битта журнални чоп эттиришда шунча катта зарар билан шартнома имзоланиши «Буюртмачи»га нима учун керак? Битта журнални чоп этишда бугунги бозор нархларидан юқори олиб, шунча катта фойда кўриш «Бажарувчи» томонни «эркалатиб» юбормайдими?

Яна ҳам қизиқ жиҳати шуки, нашриёт ушбу шартномага асосан бир йиллик барча босмахона харажатларини 5.578.800.000 (беш миллиард беш юз етмиш саккиз миллион саккиз юз минг) сўм маблағни январ ойида бирданига босмахона ҳисоб рақамига кўчириб берган! Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Бунинг устига нашриёт директори айтишича, нашрлар босмахонага чоп эттиришга топширилганидан сўнг уларни чоп этиш сабабсиз кечиктиришга йўл қўйилмоқда. Албатта, бу борада карантин чекловларини сабаб қилиб келтиришлари мумкин. Лекин обуначилар талаб қилаётганларидек, баҳона ахтарган эмас, чорасини қидирган, холис ният ва масъулият билан ҳаракат қилган, албатта, яхши натижага эришади. Бу ҳолат бизни яна ўйга толдиради.

Қизиқ, ушбу ҳақиқатлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов  ҳазратлари хабардормикан? Ёки бехабармикан? Кейинги чиқишларимизда ушбу саволларга ҳам ойдинлик киритиш ниятимиз бор...

Биз ушбу мақола сайтга жойланаётган пайтда хабар келдики, «Мовароуннаҳр» нашриётини «Шамсуддин Бобохонов босмахонаси» МЧЖ га қўшиб, янги ташкилот тузиш, янги раҳбар тайинлаш учун ҳаракат бошланибди. Демак, нашриётнинг шунча маблағини олгани етмай, ўзини йўқотишга, қолган-қутган пулига ҳам эга чиқиш пайидан бўлишибди-да.

Оббо, шоввозлар-ей...

Тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари наҳотки бу ҳолга томошабин бўлиб қараб туришса?...

Абдураҳим Холиқназаров


Таҳририятдан: бизга етиб келган мақолани деярли таҳрирсиз эълон қилмоқдамиз...

Ушбу мақола бўйича дастлабки суриштирувларимиздан аён бўлишича ўтган йилнинг охирларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида босмахона ташкил этилган бўлиб, мазкур босмахонада Идора муассислигидаги газета ва журналлар чоп этилиши кўзда тутилган. Энг қизиғи, юқорида муаллиф тўғри таъкидлаганидек, ўз идорасининг буюртмаларига нарх-наво арзон бўлиш ўрнига, аксинча, 30 фоиз қиммат белгиланган. Агар ўз нашрларини бозор нархидан сезиларли ва шубҳали тарзда қиммат чоп этса, босмахона ташкил этишдан муддао не?

Энг ачинарлиси, йил бошидан бир йиллик босмахона харажатларини ундириб олган босмахона катталари йил ярмига етар-етмас яна пул сўраётган экан... Айтишларича, босмахонада қоғозга пул йўқ эмиш...

Ана холос!!!

Унда йил бошида олинган маблағ қаерга гумдон бўлди? Ахир босмахоналар ҳисобига пул тушиши билан қоғозларни жамлаб олишга шошиладиларку?

Бу ерда гап миллионлар эмас, миллиардлар устида кетмоқда!

Мазкур мақола муаллифи таҳририятга аён ва у айнан шу тизимда фаолият олиб боради. ОАВ ҳақидаги қонунларга кўра, таҳририят муаллифни очиқламайди, далилларга эса, муаллиф жавобгардир.(Шундоқ ҳам мақолага илова қилинган ҳужжатлар нусхасида ҳам далиллар «манаман» деб турибди).

Мазкур фельетонга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан жавоб кутиб қоламиз...

Манба: azon.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг