Президентлик сайловида бетарафлигини эълон қилган Washington Post 200 минг обуначисидан айрилди
Президентлик сайловида номзодларнинг ҳеч бирини қўлламаслигини эълон қилган Washington Post газетаси обуначилари сони кескин қисқарди. National Public Radio (NPR) хабарига кўра, газета баёнотидан сўнг бир ҳафтада 200 мингдан ортиқ ўқувчи обуначилар сафини тарк этган.
Молиявий қийинчиликлар билан курашаётган газета учун бу қаттиқ зарба бўлди. АҚШнинг йирик газеталари орасида, New York Times ва Wall Street Journalдан сўнг, Washington Post учинчи ўринда туради. Ўтган йил якунида Washington Post обунчачилари сони 2,5 млн нафар атрофида бўлиб, уларнинг кўпчилиги нашрнинг онлайн ўқувчилари эди.
Сўнгги ўн йилликлар мобайнида Washington Post Демократик партия номзодларини қўллаб келган. Кўпчилик нашр Камала Ҳаррис фойдасига мақолалар чиқаришини кутганди, аммо бу гал газета танлов ихтиёрини муштарийларга қолдирди.
Миш-мишларга кўра, Washington Postнинг «бетарафлик сиёсати» газета эгаси — Amazon компанияси асосчиси Жефф Безоснинг қарори бўлиши мумкин. У 2013 йилда газетани 250 миллион долларга сотиб олганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter