Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳайвонлар инсон иммун тизимига қандай таъсир қилади?

Ҳайвонлар инсон иммун тизимига қандай таъсир қилади?

Фото: BBC

Ит, мушук, от ёки бошқа ҳайвонлар билан бир хонадонда яшаш фақат руҳий юксалиш эмас, балки соғлиғимиз учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Илмий тадқиқотлар ҳайвонлар билан яқин муносабат инсон организми, хусусан иммун тизимига кучли таъсир ўтказишини кўрсатмоқда. Ҳатто бу ҳолат аллергия, экзема ёки аутоиммун касалликлар хавфини камайтириши мумкин.

Амишлар сири нимада?

XVIII асрда Марказий Европадан Шимолий Америкага кўчиб келган Амишлар бугунги кунда ҳам от аравада юради, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Улар ҳақида кўплаб фильмлар суратга олинган, мақолалар ёзилган. Бироқ сўнгги 10 йилда Амишлар тиббиёт олимларини ҳам қизиқтира бошлади.

Негаки, 1960 йиллардан буён болалар орасида аллергия, астма ва экзема каби иммун билан боғлиқ касалликлар ошиб бораётган бўлса-да, Амишлар бу хавфдан деярли холи. Бу ҳолат олимларни ҳайратга солди.

Икки халқ, икки турмуш тарзи

2012 йили АҚШ ва Германия олимлари Индианадаги Амишлар ҳамда Жанубий Дакотадаги Хуттеритлар номли қишлоқ жамоаси болаларидан қон намуналарини олиб, иммун тизимини ўрганди. Ҳар иккаласи ҳам табиий озиқланади, ҳаво ифлосланиши кам, аммо натижалар фарқли чиқди. Хуттерит болаларида астма ва аллергия ҳолатлари Амишларга қараганда 4–6 марта кўп эди.

Фарқ шундаки, Хуттеритлар саноатлашган фермерлик усулини қўллайди, ҳайвонлар фермада, уйлардан узоқда. Амишлар эса уй-жойларида ҳайвонлар билан яқин яшашади.

Ҳайвонлардан келаётган микроблар: ёрдамчи ёки хавфми?

Итлар ва мушуклар туфайли бизнинг теримизга, оғзимизга ва ҳатто ичакларимизга турли бактериялар вақтинча кириб келиши мумкин. Олимлар бундан фойдаланиб, ҳайвонлар орқали инсон иммун тизимини «тарбиялаш» мумкинлигини ўрганмоқда.

Висконсин Университети профессори Насия Сафдар бу ғоядан илҳомланиб, ҳайвон ва одамлар ичидаги микробларни таҳлил қилиш орқали умумийликларни аниқлашга ҳаракат қилмоқчи. Аммо профессор Гилберт бу фикрга шубҳа билан қарайди: «Ит ёки мушук бактериялари организмимизда доимий қолмайди, лекин уларнинг вақтинчалик таъсири иммун тизимимиз учун муҳим», — дейди у.

«Қадимий микроблар» ва ирсий хотира

Ирландиялик тадқиқотчи Фергус Шанахан Ирландиядаги сайёҳ ром халқининг микробиомини таҳлил қилиб, уларда ҳанузгача «қадимий микроблар» сақланиб қолганини аниқлади. Бу ҳолат Танзания, Монголия, Фижи каби ҳудудларда яшаётган анъанавий қабилаларники билан ўхшаш.

Бу халқларда Крон касаллиги, ичак яллиғланиши, склероз ёки қандли диабет каби аутоиммун хасталиклар деярли учрамайди. Бу эса организмнинг кўп микроблар билан дуч келиши унинг иммун тизимини табиий равишда «чинишини» таъминлашини англатади.

Хулоса: ҳайвонлар — соғлом иммунитет гарови

Болаликда ёки кексаликда бўлса-да, ҳайвонлар билан бирга яшаш иммун тизимимиз учун фойдалидир. Аҳоли ҳайвонлар билан кўпроқ муомала қилган сари, касалликлар камроқ кузатилади. Масалан, Италияда болаларга отлар билан мулоқот қилиш учун махсус ферма ташкил қилинди ва натижада болаларнинг ичакларида фойдали бактериялар кўпайди.

Иммунолог Лиам О'Махонининг фикрича, ҳатто ит билан юришга чиқишнинг ўзи ҳам организмни турли микроблар билан алоқага киришишга мажбур қилади, бу эса соғлиқ учун жуда муҳим.

Манба: bbc.com

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг