Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Отлов» дегани — бизнинг ҳайвонлар учун ўлиш, дегани...

«Отлов» дегани — бизнинг ҳайвонлар учун ўлиш, дегани...

Ҳеч эътибор берганмисиз, бизнинг бағрикенг диёримизда одамлар гавжум жойда уй ҳайвонларининг юрганини, эркин юрганини? Йўқ! Чунки Ўзбекистонда ҳайвонлар ўз ҳаддиларини билади, билмасинам-чи, ҳамма қўлида тош, таёқ билан қувади, ободонлаштириш ишчилари худди чиқинди тергандек териб кетади, тутқич бермаганини болалар кўз ўнгида темир билан уриб, ўлдириб йиғиштириб олади.

Битта-яримта адашиб тирик қолганини эса кеча яқинда гувоҳи бўлганимиз энди хитойлик ишчи қилган ишни қилади – уради, бўғади, ичига сим тиқади, тириклайин ёқади. 

Бундан икки йил олдин май ойида Германия фуқаролари Самарқандда ҳайвонларга қилинган шафқатсизликдан ҳайратда қолдилар ва улар Шавкат Мирзиёевга хат ёзди ва NUZ.UZ сайтига мурожаат қилдилар. Таҳририят мактубни ўзгаришларсиз чоп этган.

«Ҳурматли жаноб Президент, мен ва турмуш ўртоғим Оливер Лоибе Германия фуқаролари, мана уч йилдан бери Самарқандда бўлдик. Мен турмуш ўртоғим оила аъзоси сифатида Германия Ташқи ишлар вазирлиги номидан Zfa (хорижий таълимнинг марказий идораси) ташкилотидан немис тили ўқитувчисиман. Биз, шубҳасиз, Ўзбекистондай меҳмондўст ва бой анъаналарга эга мамлакатда ишлаш имконияти яратилгани учун Ўзбекистон ҳукуматидан жуда миннатдормиз. Бизни Самарқандда яхши кутиб олишди ва  кўплаб дўстлар  орттирдик ва  шартномани яна уч йилга узайтиришга қарор қилдик.

Бизнинг бу ерда қолишимизга соя соладиган ягона нарса замонавий цивилизация билан уйғун бўлмаган, уйсиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз, кўпинча шунчаки ғайриинсоний муносабатдир. Ўтган ёзда шафқатсиз қийноқлар натижасида ўлдирилган, номаълум ҳайвонларнинг, шу жумладан, яқин атрофдаги уйлар аҳолиси боқаётган ва  болалар билан ўйнаган иккита итнинг, шунингдек, ҳеч кимга зарар келтирмайдиган олтита мушукнинг заҳарланиши фактига дуч келдик.  Биз ҳайратда қолдик ва ҳозир бизнинг оиламизнинг тўлиқ аъзоси бўлган тирик қолган охирги итни уйга олиб бордик.

Бу йил вазият яна такрорланмоқда. 19 май куни маҳалламиз ҳудудида яна бир бор итларни бутунлай йўқ қилиш «маросими» бўлиб ўтди. Шунга қарамай, бу ерда севган  ва биз овқатлантирган ўша Бобиклар, биринчи навбатда, қурбонлар бўлишди. Итлардан бири бизнинг қарамоғимизда эди, у қўшни уйнинг болалар боғчасида яшар эди. У қўшни уйларнинг барча аҳолиси томонидан севилган, тўлиқ эмланган, яқин келажакда биз уни стерилизация қилмоқчи эдик. Итнинг эгаси, кекса аёл, унинг қўшнилари ва болалари итнинг азобланишига ва унинг ўлимига гувоҳ бўлишди, улар ҳали ҳам олинган зарбадан тузалолмайдилар. Улар итни ўзлари кўмиши керак эди.

Итни заҳарлаш бу қутуриш профилактикаси сифатида шунчаки садизм билан чегараланган ва ҳайвонни севадиган одамларнинг юрагида чуқур жароҳатлар қолдирадиган аянчли мисолгина эмас, балки бу жуда самарасиз чорадир. Чунки масъулиятсиз эгалар томонидан ташлаб юборилган ҳайвонлар туғилишда давом этмоқда. Бундан ташқари, шаҳарда йўқолиб кетган ҳайвонлар бутунлай йўқ қилингандан сўнг, кемирувчилар назоратсиз кўпая бошлайди, улар ҳам қутуриш ва бошқа хавфли касалликларнинг ташувчиси ҳисобланади. Кўпроқ инсонпарвар ва самарали ечим бу ҳайвонларга меҳрибон одамларнинг шафқатли қиёфасини яратишга қаратилган тадбирларни кўпайтириш, бедарак йўқолган ҳайвонларни тутиб олиш ва уларни стерилизация қилиш, кейинчалик соғлом ва агрессив бўлмаган ҳайвонларни озодликка чиқариш, шунингдек, уйсиз ҳайвонлар учун бошпана яратиш ва аҳоли орасида маърифий ишларни амалга оширишдир. 

Сизни ушбу масалани кўриб чиқишга ва бутун инсоният тарихи давомида биз билан бирга яшаб келаётган тирик мавжудотларни шафқатсиз равишда йўқ қилишга алоқадор одамларни жавобгарликка тортишга чақираман.

Албатта, биз ушбу муаммога эътиборни жалб қилиш учун ҳайвонларнинг соғлиғи билан шуғулланадиган жамиятлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан боғланамиз, айниқса, ўтган йилдан бери Самарқандда ҳайвонларнинг оммавий заҳарланиши шаҳарни ҳар йили Самарқандда ўтказиладиган мусиқа фестивалига сайёҳлар келиши учун тайёргарлик билан изоҳланган.

Ўзбекистон ушбу муаммони ҳал қилишига ҳурмат ва ишонч билан,

Галина Лойбе, доктор, Самарқанддаги Zfa маслаҳатчиси».

Бизнинг ҳайвонларга бу муносабатимиз баъзилар учун даҳшат! Биз учун эса табиий ҳол. Ривожланган давлатларни қаранг ҳайвонлари қандай бахтиёр, ривожланмаган давлатларни қаранг ҳайвонлари хор. Ривожланиш ва ривожланмаслик ўзимизнинг тилда айтганда, кўкариш шу табиатга, ҳайвонот оламига қилаётган яхшилигимиз ёки ёмонлигимизга қараб баҳоланадими, деб ўйлаб қоламан. Афсуски, бу мактубдан кейин ҳеч бир ўзгариш бўлгани йўқ, ҳамон ҳайвонлар заҳарланмоқда, қийналмоқда, ўлдирилмоқда.

Яқинда Туркияга пресс-тур билан бордик. Кўзимиз тушгани бизга ёт бўлган манзара – итларнинг, мушукларнинг одамлар орасида бирга юриши, бирга яшаши, бирга ҳаёт кечириши. Қаерга қараманг, қайси объектга борманг, қайси ошхонада овқатланманг, қайси дам олиш жойида бўлманг, улар ўша жойнинг эркатойи. Барисининг қулоғида чипи бор ҳоҳ у уй ҳайвони бўлсин хоҳ у кўча ҳайвони бўлсин! Давлатнинг ривожланганлик белгиси ҳайвонларга муносабатда бўлишининг яна бир бор исботи бу.  

Шермамат Жамилов, Истанбул:

– Мушуклари ҳам ошхоналарда, йўлакларда, кўчаларда бемалол юришибди, ҳеч ким ҳайдамас экан, аксинча, овқат чиқариб қўйишади. Итлар ҳам қулоғида чипи билан  хиёбонларда дам олиб, соялаб ётишибди. Баъзиларининг тагига қоғоз-картон тўшалган, олдига овқатлар қўйиб кетишган. Мен айни пайтда буни Истанбулда ҳозир кўраяпман.

Ҳалима Ҳаким, Силифки:

–  Мен яшаётган жойда ҳам худди шундай. Қораденгизнинг Трабзонига қизим келин бўлиб тушган. Ўша жойда ҳам бир йил яшадим. Кўчаларда ит, мушуклар гала-гала бўлиб юрарди. Ҳаммаси семиз, топ-тоза, қорни тўқ. Ҳокимият  томонидан уларга овқат берилар, эмланар экан. Бирон нарса берсак, емасди, ўйнамоқчи бўларди. Чунки уларнинг қорни тўқ, шунчаки меҳр керак. Бизнинг итлардай жаҳлдор эмасди. Мушук, итларга бирон нарса бўлса дарров керакли жойга телефон қилишарди. Келиб олиб кетишарди даволашга. Москвада  ишлаганимда иккита қоровул итга 200$ овқати учун беришарди ҳар ой.

Касалхонага обориб эмлатиб, даволатиб келардим.

– «Аккую» АЭС ҳудудида бундай кучуклардан 3-4 таси бор, –  дейди цехлардан бирида мутахассис бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик  Евгения Ягинли.  – Бизнинг юртдан фарқли ўлароқ бу ерларда одамлар ҳайвонларга жуда меҳрибон, ҳатто бу кучуклар учун директоримизнинг ўзи озиқ-овқат учун маблағ ажратади ва назорат қилиб туришни топшириқ беради.

Мана шу мақолани ёзиш асносида ижтимоий тармоқларда яна бир шумхабар тарқалди: «Чирчиқда итларга ва мушукларга нисбатан ов бошланди, тезда ўз ҳайвонларингизни яширинг». «Отлов» дегани бизнинг ҳайвонлар учун дўхазга бориш, уйга қайтмаслик, азобланиб, очликдан, сувсизликдан ўша ерларда ўлиш, дегани.

Кечагина бир хушхабар эшитдик, яъни бир корхонада кучукни тириклай ёқаётган хитойлик ишчи ўз юртига депорт қилинди. Умид қиламизки, бундай ваҳшийликлар жавобсиз қолмаслигини бошқалар ҳам аста-секин англаб етадилар. Мақолани ёзишдан асл мақсад ҳам шу.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг