Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гурбангули Бердимуҳамедовни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (фото)

Гурбангули Бердимуҳамедовни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида Турманистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Маросимдан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада учрашув ўтказдилар. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Туркманистон етакчисини самимий қутлаб, 27 сентябрь куни нишонланган байрам – ушбу мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги билан яна бир бор муборакбод этди ҳамда биродар туркман халқига тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилади.

– Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги “ўсиш нуқталарини” белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади, — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Туркманистон Президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.

– Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг, — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳоладилар. Етакчилар Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.

Жорий йил 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилиши ҳамда 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми натижалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Икки мамлакатнинг, айниқса чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти улкан экани алоҳида таъкидланди. Туркманистоннинг Лебап ва Дошоғуз вилоятлари раҳбарларининг шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига дўстлик ташрифлари бунга мисолдир. Президентлар бундай мунтазам учрашувлар икки мамлакат ва халқ ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликка юқори баҳо берилди. Томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.

Минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашилди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда жорий йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.

Тошкентдаги музокаралар мамлакатларимиз ва халқларимизнинг ўзаро англашуви ва жипслигининг - бугунги кунда рўй бераётган воқеалар фонида айниқса муҳим бўлган жиҳатнинг навбатдаги тасдиғи бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг