Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Машриқий

Худодан сўраб, бекор ётма! (арман халқ мақоли)

Гонконг ва Шинжон Хитойнинг ўгай ўғиллари(ми)?

Гонконг ва Шинжон Хитойнинг ўгай ўғиллари(ми)?

Фото: «Военное обозрение»

Хитой замонамизнинг энг қудратли давлатларидан бири. Ўзига хос сиёсат ва иқтисодиётга эга. Шунга қарамай, Хитойнинг Гонконг ва Шинжон-Уйғур мухтор туманида олиб бораётган сиёсати халқаро миқёсда турли хавотирларга сабаб бўлмоқда. Нега Хитой Гонконг ва Шинжонга агрессив муносабатда бўлмоқда?

Шинжон-Уйғур мухтор тумани: адоватлар азалий…

Ҳукумат 1990 йилги кўча намойишларидан ортидан ва 2008 йилги Пекин Олимпиада ўйинлари олди уйғурларга нисбатан босимларни оширганликда айбланади. Расмий Пекин, албатта, ўз сиёсатига собит қолди. 2009 йилга келиб ҳодисалар ҳақиқатда авжга чиқди, Шинжон пойтахти Урумчида кузатилган кенг кўламли этник чиқишларда 200 инсон ўлдирилди. Расмийлар ўлганларнинг аксари Хитой ханлари эканини айтишади. Ханлар ва уйғурлар ўртасидаги азалий адоват бугунги ҳукуматга ўз таъсирини ўтказгандек.

Ҳодисалар юзасидан тафсилотларни аниқлаш жуда мушкул бўлиб қолмоқда, чунки хорижий журналистларнинг минтақага киришлари қаттиқ назорат қилинади. Хитой қонуний ҳаракатлар қилаётган бўлса, нега халқаро доирадан тафсилотларни яширмоқда? Яқин ойларда оддий одамларни нишонга олган каттароқ кўламдаги зўравонликлар кузатилди. Хуллас, уйғурларга муносабат ўта ёмон.

Уйғур халқи ўзбек халқига энг яқин халқлардан бири бўлиб, икки халқ орасидаги ўхшашлик нафақат ташқи кўриниш, тил, урф-одатлар ва удумларда намоён бўлади, балки икки томоннинг тарихий шаклланиши ва тақдирида ҳам ўхшашликлар бисёрдир. Шунга қарамасдан, бу икки халқ сўнги 100 йиллик ичида сиёсий сабабларга кўра, бир-биридан анча узоқлашган. Уйғур халқи ўз маданияти, маънавияти, дунёқараши билан туркийлар ичида ўз мавқеига эга. Хитойнинг олиб бораётган хитойлаштириш сиёсати, эҳтимол, кўп жиҳатдан уйғурларга бўлган муносабатнинг ўзгаришига олиб келгандир.

Гонконг: бир мамлакат, иккита мафкура

Гонконг Хитойнинг жануби-шарқидаги Британия собиқ мустамлакаси эди. 1840-42-йиллардаги Англия-Хитой уруши даврида Сянган ороли инглизлар томонидан босиб олинган ва 1842 йилги Нанкин битимига асосан Буюк Британиянинг «абадий мулки»га айланган эди. 1982 йилдан Гонконг масаласи бўйича Хитой ва Буюк Британия ҳукуматлари ўртасида музокаралар бошланди ва 1984 йил 19 декабрда Хитой ва Буюк Британия томонидан қўшма декларация имзоланган ва 1997 йилдан Гонконг Хитой юрисдикцияси остига ўтди. Хитой ихтиёрига ўтган Гонконг мамлакатнинг махсус маъмурий тумани деб атала бошланди. Ҳукуматлар алмашинуви Гонконгга салбий таъсирини ўтказди. Ярим аср давомида капиталистик руҳда тарбия топган Гонконг халқининг Хитой Халқ Республикасига топширилиши ғоялар тўқнашувига олиб келди.

2019 йил июнь ойидан бери Гонконгда норозилик намойишлари давом этмоқда. Сўнгги бир неча ой ичида юз берган тўқнашувларда полиция тинч намойишларни тўхтатиш учун кўп маротаба резина ўқлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва қалампир пуркагич қуролларни ишга солди.

Ноябрь ойининг биринчи ҳафтасида намойишлар бошланганига 22 ҳафта тўлди. Норозиликлар Гонконгнинг молиявий округи, аэропорт ва энг гавжум савдо майдончаларида давом этмоқда. Тартибсизликлар бошланганидан бери 3300 дан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган, полиция одамларга шафқатсизларча муносабатда бўлмоқда.

Расмий Пекин Гонконгга ҳам жиддий чоралар кўрмоқда. Гонконг масаласига бирорта геосиёсатчи куч айтарли муносабат билдирмади. Уйғурлар масаласи бир томон-у, Гонконг масаласи бир томон… Хитой эса иккала ҳудудга ҳам қаттиқ чоралар кўрмоқда.

Хитой Гонконг ва Шинжон-Уйғур мухториятига ўгай фарзанддек муносабат қилмоқда. Журналистларга эса ўрганишга имкон йўқ. Хитой қонуний ҳаракатлар амалга ошираётган бўлса, нега ОАВнинг буни ёритишига қаршилик қилмоқда. Инсон ҳуқуқлари ўз чўққисига чиққан асримизда миллатлар ўз тақдирларини белгилай олмаслиги ачинарли.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг