Глобал геосиёсий жараёнлар тўлқинида сузаётган ижодкор
Куни-кеча «Янги китоб» нашриётидан халқаро мавзуларда узоқ йиллардан буён моҳирлик билан қалам тебратиб келаётган истеъдодли ва моҳир журналист, «Олтин қалам» мукофоти совриндори, фидойи ва жонкуяр инсон Шарофиддин Тўлагановнинг «Бу сирли дунё» китоби нашрдан чиқди.
Унда йил давомидаги энг муҳим саналар – миллий ва халқаро байрамлар, жаҳон миқёсида нишонланадиган кунлар моҳиятини очиш орқали муаллиф инсониятнинг тарихий эврилишлари, кўпқиррали давлатлараро муносабатлар тизимлари, мураккаб геосиёсий ўзгаришлар силсиласини ўзининг мустақил журналистик нигоҳи ва олижаноб инсоннинг қалб призмасидан ўтказади.
Элликдан ортиқ қизиқарли ва фактларга бой мақолалар жам бўлган китоб амалий журналистика учун ҳам, спичрайтерлик йўналиши ва оддий китобхонлар учун ҳам фойдали қўлланма ҳисобланади.
Жумладан, «Давлат ёки ҳукумат раҳбарининг Янги йил табриги» деб номланган мақоласида қаламкаш жумладан, шундай ёзади: «1999 йилнинг 31 декабрь куни Россия халқини бир эмас, икки президент табриклади. Президент Борис Ельцин истеъфога чиқиши борасида баёнот берганидан кўп ўтмай президент вазифасини вақтинча бажарувчи Владимир Путин телевидение экранларида пайдо бўлиб, Россия халқини Янги йил билан қутлади».
Муаллиф халқаро майдонда осойишталик ва урушсиз ўтган кунлар қадри нечоғли баландлигини ва глобал тинчликка барча бирдек масъул эканини куюнчаклик билан кўрсатиб ўтади.
«1 январь – Жаҳон тинчлик куни» мақоласида шу номдаги икки турли айёмга баҳо беради: «Бу байрам илк бор 1967 йил 8 декабрда Рим католик черкови раҳбари – Рим Папаси Павел VI томонидан жорий қилинган. «Жаҳон тинчлик куни» (World Day of Peace) ёки «Тинчлик ҳақида жаҳон дуолари куни» – халқаро байрам бўлиб, шу куни Ватиканда Рим Папаси бошчилигида диндорлар Тангрига мурожаат қилиб, Ер юзидаги барча урушлар тўхталиши ва инсонларга тинчлик сўраб илтижо қиладилар. Шу ўринда, асосан, католикларнинг байрами бўлмиш бу тадбирни 2002 йилдан бери 21 сентябрда нишонлаб келинадиган «Халқаро тинчлик куни» (International Day of Peace) билан адаштирмаслик керак».
Ёки Ш.Тўлаганов халқаро тил кунига бағишланган таҳлилий мақоласида жуда эътиборга молик рақамларни келтириб ўтади: «Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашади. Иккинчи ўринда эса 600 та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа – Янги Гвинея мамлакати туради».
Давлатлар ҳақида тўхталганда эса албатта ўша мамлакатнинг Ўзбекистон билан икки томонлама алоқалари қисқача тарихи ва ҳамкорлик динамикасига қисқача тўхталиб ўтишга ҳаракат қилади. Кўп ишлатиладиган, бироқ оддий ўқувчига нотаниш сўзларнинг маъносини ва келиб чиқиш илдизларигача муфассал изоҳлаб беради, инглиз тилида ёзилиши ва замонавий глобал тенденцияларни ифодалашга урунади.
Тўпламда мавзуларнинг қамров кўлами ранго-ранг, муаллиф қалами етиб борган география кенг, мушоҳада ва таҳлилий ёндашув теран. Уларда атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгаришлари оқибатларидан тортиб, умуминсоний қадриятлар заволга учраётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланиш натижасида юзага келаётган оғриқли муаммолар, геноцид қурбонларидан тортиб, атом электр станциялари фожиалари, цивилизациялар ўртасидаги зиддиятлар тобора авж олаётгани, турли минтақалардаги мураккаб геосиёсий тарангликларгача батафсил қамраб олинади.
Муаллиф сайёрамизда кечаётган нотинчлик ва талотўплар азал-абад давом этаётган ачинарли воқейлик, «инсониятга ҳамиша йўлдош» бир муаммога айланиб қолганини кескин қоралайди ва қатъий исёнкор бир журналистик позициясини ва азалий қалб орзусини илгари суради: «Олимларнинг фикрича, беш минг йиллик тарих давомида ер юзида 14 минг 500 та уруш бўлиб ўтган. Бу урушлар оқибатида 3,5 миллиард киши ҳалок бўлган. Бу ноҳуш анъана бизнинг асримизда албатта тугаши керак».
Ш.Тўлаганов 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ёзилган «Глобал замоннинг глобал муаммоси» мақоласида Африка қитъасида қўлига қурол олиб, қотилга айланаётган ва келажаги тўлиқ хавф остида қолган ёш болалар ҳақида қон ютиб оғриқ чекади: «Вояга етмаган болаларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Марказий ва Ғарбий Африкадаги мамлакатларда истиқомат қилувчи ҳар ўн боладан биттаси қандайдир қуролли гуруҳнинг каллакесари экани айтилади. Умумий маълумотларга қараганда, кейинги 10 йил мобайнида дунёнинг 41 мамлакатидаги қуролли тўқнашувларда 300 мингга яқин болалар иштирок этган».
«Бу сирли дунё» китобида кўплаб тарихий шахслар номлари учрайди. Қирқдан ортиқ мамлакатлар, турли атоқли давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ўттизга яқин халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳақида, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеялари резолюциялари, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияларида қабул қилинган муҳим қарорлар тўғрисида қимматли маълумотларни учратиш мумкин.
Албатта, бугун ана шундай янгича ёндашувда, журналистик теран қараш билан чиқарилган хулосаларга эга, ёт оқимлар ва ахборот хуружларининг аҳамиятини чуқур тушунган ҳолда ва уларга қарши фақат маърифат кучи билан курашиш мумкинлиги таъкидланган бу каби китоблар афсуски кам ва ўқувчиларимизда жуда катта эҳтиёж мавжуд.
Энг аввало, кенг аудитория учун, айниқса, мактаб ўқувчилари ва олийгоҳлар талабалари мўлжалланган китоб бугунги кунимиз учун ниҳоятда зарурдир.
Ушбу ажойиб маънавий туҳфани келгуси йили 60 ёшни қаршилайдиган, асли тарих ва жамиятшунослик бўйича салоҳиятли мутахассис бўлган, заҳматкаш ижодкор Шарофиддин Бакировичнинг Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги салкам 30 йиллик сермаҳсул меҳнати маҳсули десак ҳам тўғри бўлади. Ушбу муаллифнинг 1990-йиллар иккинчи ярмида эфирга узатилган унинг «Ўзбекистон» радиосидаги «Дунё», «Халқаро кундалик», «21 аср бўсағасида», «Шарҳловчи минбари», кейинчалик эса «Эврилиш» каби муаллифлик эшиттиришларини мухлислар яхши эслайди.
Бугунги кунда эса «Ўзбекистон 24» радиоканалида ўзининг қизғин ва сермаҳсул ижодий фаолиятини давом эттирмоқда, ижтимоий тармоқларда тезкорлиги ва оригинал чиқишлари билан ажралиб туради.
Биз сўз билан айтганда, мазкур янги нашр бўлажак сиёсатшунослар, сиёсий технологиялар ва халқаро журналистика соҳаси мутахассислари, кенг китобхон учун қимматли маълумотларни ўзида жамлаган бебаҳо қўлланмадир.
Лазиз Раҳматов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter