75 ёшида уйланган собиқ канцлер судга чақирилди
Яқин кунларда Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдер суд қилиниши кутилмоқда. Унга қарши янги хотини — Сойон Шрёдер-Кимнинг собиқ эри даъво билан чиққан.
Шрёдерга унча-мунча айблов қўйилмаяпти — зино! Айблов хулосасига кўра, алданган эр «эмоционал стресс»дан азият чекмоқда ва компенсация сифатида 100 миллион Жанубий Корея вонини талаб қилмоқда.
100 миллион вон — тахминан 75 000 евро. Бу собиқ канцлер учун унча катта пул эмас. Бироқ бу иш бир неча йил олдин кўрилганида эди Шрёдер жиддийроқ оқибатлардан хавфсираган бўлармиди?! 2015 йилгача Жанубий Кореяда эр-хотин хиёнатига икки йиллик қамоқ жазоси тайинланган.
Алданган эр ҳануз ажрашиш азобидан қийналмоқда — пул кўнгил озорининг ўрнини тўлдириши керак. Бироқ бу «севги тарихи»да Шрёдер қандай роль ўйнади? Мазкур саволга суд йиғилишида жавоб топилади. Негаки 51 ёшли кореялик (Шрёдернинг хотини)нинг таъкидлашича, у 2015 йилда собиқ канцлер билан учрашишни бошлаганида, унинг пластик жарроҳ (олдинги эри) билан никоҳи аллақачон бузилиб бўлганди.
Шрёдер бу вақтда ҳали Дорис Шрёдер-Кёпф билан ажрашмаганди: 19 йил бирга кечган умр 2018 йилда барҳам топди. СДПГ сиёсатчисининг таъкидлашича, унинг никоҳи амалда 2016 йилнинг баҳоридаёқ барҳам топганди.
Мавзуга оид: Германия собиқ канцлери Герхард Шрёдер бешинчи марта уйланади: келин — корейс таржимони
Нима бўлганда ҳам, Шредёр 2018 йилнинг майида бешинчи марта уйланди. 75 ёшли куёв никоҳдан жуда бахтиёр кўринди, у ҳатто янги қаллиғига гольф ўйнашни ўргатди. Берлиндаги «Adlon» меҳмонхонасида кечган тантанали маросимда 51 ёшли «келинпошша» қўпол қадам ташлаши билан ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter