Германиялик машҳур сиёсатшунос ва олим Ўзбекистонда тренинг ўтказмоқда
Медиа соҳасидаги германиялик мутахассис Юрген Вермзер «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази таклифига кўра Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар берди.
Немис иқтисодиёти ва халқаро ҳамкорлик фондининг Бош экспертлар хизмати (SES) эксперти, фалсафа фанлари доктори, сиёсатшунос ва олим бўлган Вермзер жорий йилнинг 11 февралига қадар Тошкент, Фарғона ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, журналистика соҳасида таълим олаётган ёшлар, магистрантлар, илмий тадқиқотчилар, шунингдек, оила масаласини ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар билан учрашади. Ташриф доирасида у бир қатор давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ҳамда маҳорат дарсларини ўтказади.
Дастлаб германиялик мутахассис «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова ҳамда муассасанинг бир гуруҳ ходимлари билан учрашди.
Ташриф доирасида Ю.Вермзер «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудий бўлимлари ҳамда Паркент туманидаги Келин-куёвлар инновацион мактаби фаолияти билан танишади. Шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Халқаро пресс-клуб, «Севимли» телеканалида учрашувлар ўтказади. Қолаверса, жорий йилнинг 1 февраль куни хотин-қизлар ва оила масалаларига доир ўтказиладиган йирик медиа анжуманда қатнашади.
Олмон мутахассиси иштирокидаги дастлабки тренинг машғулоти бугун — 23 январь куни пойтахтимиздаги «Гранд Орзу» меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда. Тадбирга «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказининг жамоатчилик билан ишлашга масъул бўлган бир гуруҳ ходимлари, шунингдек, талаба ва магистрантлар жалб қилинган. Улар PR-хизмати ишини самарали ташкил этиш, инқирозли коммуникация менежменти, ОАВ билан муносабатларни мустаҳкамлаш санъати бўйича билим ва кўникмаларни ўзлаштиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter