Германияда COVID-19га чалинган беморни даволашга қанча пул сарфланмоқда?
Германияда коронавирус инфекцияси чақирган пневмонияни стационар шароитда даволаш тахминан 10,7 минг еврога тушади. Ушбу маълумотлар COVID-19 беморлари шифохонада даволанганда кетадиган харажатларни ҳисоблаб чиққан суғурта компанияси ахборотида келтирилган, дея хабар берди «Deutsche Welle».
Шу билан бирга, агар тиббиёт ходимлари ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратидан фойдаланмаса, муолажа 5 минг еврога тушади. Борди-ю, ушбу техникага зарурат туғилса, нарх-наво 38,5 минг еврога кўтарилиб кетади. Бу ҳақда Германия давлат суғурта фондлари ассоциацияси вакили маълум қилган.
«Barmer» компаниясининг таъкидлашича, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига улаш шарт бўлмаса, беморни стационар шароитда даволашга 6,9 минг евро сарфланади. Агар қўшимча тиббий асбоб-ускуналар муҳим деб топилса, хизмат нархи 31,7 минг еврога кўтарилади.
Қайд этилишича, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппарати касалликка чалинганларнинг 14 фоизига зарур бўлмоқда.
2020 йил 18 октябрь соат 22:30 ҳолатига кўра, Германияда жами коронавирусга чалинганлар сони 364 303 кишига етган. 9860 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. 290 000 киши касалликдан фориғ бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter