Германия ТИВ халқаро тузилмаларни адолат асосида ислоҳ қилишга чақирди
БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти каби халқаро тузилмалар фаолияти адолат тамойили асосида, глобал янгиланишларга ҳамоҳанг равишда ислоҳ қилиниши керак, деб ҳисоблайди Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.
Олмон бош дипломати Берлинда бўлиб ўтган Германия хорижий ваколатхоналари раҳбарлари анжуманида шу каби муҳим масалаларни кўтарган.
«Биргина БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳақида мулоҳаза юритиб кўрайлик. Бу тузилма сўнгги бор 60 йил аввал ислоҳ қилинган эди. Ўтган давр мобайнида эса нафақат Германия бирлашди, балки Африка, Лотин Америкаси ва Осиёда 60 та давлат мустақилликка эришди. Ушбу давлатлар ҳақли равишда ўз фикрини айтиш ва музокаралар столида муносиб ўрин эгаллашни талаб қилмоқда. Бу фикр халқаро молиявий институтлар, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, қолаверса, доимий аъзолари сафида Африка иттифоқи ҳам бўлиши лозим «Катта йигирмалик» каби бирлашмаларга ҳам дахлдордир», – дейди Германия ТИВ.
Таъкидланишича, халқаро тузилмалар замон долғаларига мувофиқ равишда такомиллаштирилмоғи шарт. Ушбу долзарб масала ечими пайсалга солинар экан, бошқа глобал ўйинчилар, жумладан, Африка ва Лотин Америкасида фаол ҳаракат қилаётган Хитой ва Россия ташаббус кўрсатиши мумкин.
«Агар биз шунчаки томошабин эмас, балки жамоанинг ўйин қоидаларини ўзгартиришга қодир ишончли ўйинчиси бўлишни истасак, янги ташаббусларни илгари суришдан чўчимаслигимиз керак. Ҳатто муваффақият кафолатланмаган шароитда ҳам олға юришда давом этиш зарур. Шамол қаршилигидан заррача қўрқмай, ўз қадрият ва манфаатларимизни ҳимоя қилмоғимиз лозим», – дейди А.Бербок.
Сиёсатчига кўра, Германия халқаро робиталарни жамоавий муштараклик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқади, ички барқарорлик ҳамда Европа ва Трансатлантик макондаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.
А.Бербок глобал беқарорлик шароитида ЕИнинг ўрнини янада ошириш, Жаҳон савдо ташкилоти фаолиятини ислоҳ қилиш зарурати ҳақида ҳам гапирган.
Аввал хабар берганимиздек, Германия ТИВ Халқаро жиноий суднинг 25 йиллиги муносабати билан берган баёнотида босқинчилик урушини бошлаган шахслар муқаррар жавобгарликка тортилиши учун халқаро ҳуқуқни ислоҳ этишни таклиф қилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter