Ғазонинг айрим ҳудудларида ҲАМАСга қарши намойишлар бўлиб ўтяпти

Ғазо секторидаги фаластинликлар ҲАМАСга қарши камдан-кам кузатиладиган норозилик намойишини ўтказиб, ҳаркатни урушни тўхтатиб, секторни тарк этишга чақирмоқда.
Интернетда тарқалаётган видеоларда сешанба куни қисман вайрон бўлган шимолий Байт Лаҳия шаҳрида юзлаб одамлар урушга қарши чиқишаётгани акс этган.
Намойишлар Ғазо шимолида бошланган бўлса-да, вақт ўтиб улар Ғазонинг бошқа ҳудудларида ҳам пайдо бўла бошлаганини ва кечга яқин жанубда Хон Юнисгача намойишлар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди.
Намойишчиларнинг баъзилари Исроил билан урушни тўхтатишга чақирган бўлса, бошқалари очиқчасига ҲАМАСни можаро бошлаганликда айблаб, гуруҳдан Ғазони тарк этишни талаб қилмоқда.
«Намойиш бир неча ўнлаб одамлар иштирокида урушга қарши митинг сифатида бошланган, кейин эса 2 мингдан ошди, одамлар ҲАМАСга қарши шиорлар айтишди», – дейди euronews’га интервью берган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
У, шунингдек, фаластинликлар қўлларидаги ягона имкониятдан – Исроил қирғинини тўхтата олмаётгани, лекин ҲАМАСга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан фойдаланмоқчи эканлигини билдирган.
«Исроил фаластинликларни намойишларга чиқишга ундаган. Жумладан, Ғазо аҳолисига «ечим сизнинг қўлингизда ва ҲАМАС сизни дўзахга жўнатишни истайди», мазмунидаги матнли хабарлар тарқатган», – деб ёзади WSJ.
Намойишлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳнинг тўхтатилганидан бир ҳафта ўтиб, ЦАХАЛнинг Ғазо секторини қайта бомбардимон қилиш оқибатида юзлаб фаластинликларнинг (қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор) ҳалок бўлгани фонида юз бермоқда.
Шу ой бошида Исроил Ғазонинг 2 миллионга яқин аҳолисига озиқ-овқат, ёқилғи, дори-дармон ва инсонпарварлик ёрдамини ҳам тўхтатган эди.
Исроил ҲАМАС 59 нафар гаровга олинганлар (24 нафари тирик экани тахмин қилинмоқда)ни қайтармагунча урушни тўхтатмасликка аҳд қилган. Шунингдек, ҳаракатдан ҳокимиятдан воз кечиш, қуролсизлантириш ва раҳбарларини сургунга юборишни талаб қилмоқда.
ҲАМАС эса қолган асирларни фаластинлик асирларнинг озод этилиши, узоқ муддатли оташкесим ва Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетиши эвазига қўйиб юборишини билдирган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроил армияси 50 000 дан ортиқ фаластинликни, жумладан, аёллар ва болаларни ўлдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter