Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бу – инсон қўли билан содир этилаётган фожиа!..»

«Бу – инсон қўли билан содир этилаётган фожиа!..»

Сўнгги бомбардимонларда камида 60 нафар ғазолик ҳалок бўлган. 

Фото: AA

Исроил армияси Ғазо секторида содир этаётган ҳаракатлар геноцид ва этник тозалашга айланди, деб баёнот берди Европа кенгаши Парламент ассамблеяси махсус маърузачиси Саския Клюйт.

Маърузачи Ғазо секторида тинч аҳоли вакиллари ўлдирилаётганини инсон қўли билан содир этилаётган фожиа деб атаган.

«Ғазо секторидаги фаластинликлар тобора торайиб бораётган ҳудудда қамалиб қолган. Улар бомбардимон ва ҳужумлардан яшириниш имконидан маҳрум. «Хавфсиз» деб аталган ҳудудлар ҳам аслида хавфсиз эмас. Буларнинг бари ҳамда Исроил ҳукумати аъзолари Ғазо аҳолиси тақдири ҳақида бераётган баёнотлар ушбу ҳаракатлар этник тозалаш ва геноцидга айланганидан далолат беради», – деган Европа кенгаши Парламент ассамблеяси махсус маърузачиси.

Ғазони муттасил бомбалаётган Исроил армияси жорий йил 2 мартдан буён ҳудудга инсонпарварлик кўмаги киришини ҳам тақиқлаган.

«Зўравонликнинг илк қурбонлари болалар бўлмоқда. Улар озиқ-овқат, сув, тиббий хизмат ва бошпанадан мосуво этилган. Болаларнинг яшаш ҳуқуқи бузилмоқда», – деган Саския Клюйт.

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси махсус маърузачиси Исроил ҳукуматидан тинч аҳолини ўлдиришни тўхтатиш, ҳудудга инсонпарварлик кўмаги киришига рухсат бериш, халқаро ҳамжамиятдан эса Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва халқаро конвенцияларга риоя этилишини таъминлашни талаб қилган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам жума куни Нью-Йорк шаҳрида журналистлар билан учрашувда Ғазо аҳолиси ихтилофнинг энг машаққатли даврини бошдан кечираётгани ҳақида гапирган. 

Исроил 80 кундан буён Ғазога инсонпарварлик кўмаги киришига тўсқинлик қилаётганини танқид қилган Антониу Гутерриш бутун аҳоли очлик таҳдиди остида қолгани ҳақида бонг урган.

Қайд этилишича, сўнгги кунларда Исроил 400 та юк машинасида инсонпарварлик кўмаги олиб ўтишга рухсат берган, аммо шундан ҳам 115 таси етиб борган, холос.

БМТ бош котиби рухсат берилган юк кўламини мавжуд талаб-эҳтиёж қаршисида «денгиздан бир томчи» деб баҳолаган.

Ғазо секторига сув, озиқ-овқат ва дори-дармон кириши буткул тўхтатилгани гуманитар бўҳронни янада оғирлаштирган. Халқаро ташкилотлар 2,3 млн аҳоли очлик, ташналик ва турли хасталиклардан азият чекаётгани ҳақида бонг урмоқда. Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Адҳаном Гебрейесус озиқ-овқат ва дори-дармон Ғазо секторидан бир неча дақиқалик масофада ушлаб турилгани ҳолда, ўлим сони ошиб бораётгани ҳақида баёнот берган.

Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Ғазо секторида гуманитар инқироз чидаб бўлмас даражага етган, деб ҳисоблайди.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 53822 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Уларнинг асосий қисми болалар ва аёллардир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг