Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазони «кимсасиз орол»га айлантирамиз — Исроил бош вазири таҳдид қилди

Ғазони «кимсасиз орол»га айлантирамиз — Исроил бош вазири таҳдид қилди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху жангариларнинг ҳарбий амалиётидан сўнг Фаластин анклавини «кимсасиз ороли»га айлантиришга таҳдид қилди ва тинч аҳолини уйларини тарк этишга чақирди.

«Биз бу кун учун қасос оламиз. Биз ҲАМАСнинг барча позицияларига ҳужум қиламиз. Ғазони кимсасиз оролга айлантирамиз. Ғазо фуқароларига мурожаат қиламан. Сиз ҳозир кетишингиз керак. Биз нишонга оламиз», – деди Исроил раҳбари телевидение орқали.

Якшанба куни эрта тонгда ҳам Исроил қўшинлари Ғазо секторини бомбардимон қилишда давом этмоқда. Ҳарбийларга кўра, мамлакатдаги вазият тўлиқ назорат остида эмас.

«Ғазо секторида ҳам Исроил хавфсизлик кучлари ва ҲАМАС ўртасида фаол жанглар давом этмоқда», деди Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Жонатан Конрикус.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги можаронинг кескинлашуви 7 октабр куни эрталаб бошланганди. ҲАМАС ташкилоти Исроил ҳудудига минглаб ракеталарни отди, кейин унинг жангчилари у мамлакатга кириб борди.

Исроил бунга жавобан «Темир қиличлар» операциясини бошлади. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат уруш ҳолатида эканини таъкидлади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил ва Фаластин ўртасидаги зиддиятни тўхтатишга чақирди.

Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси Исроилдаги мавжуд вазият юзасидан Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Фаластиндан ўққа тутилиши оқибатида Исроилда ҳалок бўлганлар сони 300 кишига етган, 2 мингга яқин киши жароҳатланган.

Ғазо секторида эса Исроилнинг ракета зарбалари туфайли 256 киши ҳалок бўлди, 1788 киши яраланди.

Ғазо секторининг камида 20 минг аҳолиси Исроил томонидан ўққа тутилгани сабабли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг