Ғазода бутун бошли оиланинг ёстиғи қуриди (фото)
Исроил ташлаган бомба оқибатида Ғазода Туркиянинг «Anadolu» ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг яқинлари ҳалок бўлди. Ўн кун аввалги авиаҳужумда Мунтазирнинг ота-онаси, ака-сингиллари ва жиянлари – ўнлаб қариндошлари ҳам ҳаётдан бевақт кўз юмганди.
Сўнгги бомба ҳужуми пайти Мунтазир ал-Савваф оғир жароҳатланган. Ғазода Исроилнинг кенг кўламли амалиёти оқибатида соғлиқни сақлаш тизими буткул издан чиққани маълум. Оғир аҳволдаги операторни шифохонага шахсий машинада олиб боришган. Шифокорлар дори-дармон йўқлиги сабаб беморга кўмак кўрсата олмаган ва у вафот этган.
Ходимининг вафоти муносабати билан таъзия изҳор қилган «Anadolu» ахборот агентлиги раҳбарияти ушбу қотиллик айбдорлари жазога тортилишини кераклигини таъкидлаган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳам «Anadolu» ходимининг ўлимини тасдиқлаган. Қўмита ҳисоб-китобига кўра, 7 октябрдан буён 54 нафар фаластинлик, 4 нафар исроиллик ва 3 нафар ливанлик журналист ҳалок бўлган.
Ғазо ҳукумати эса ҳалок бўлган фаластинлик журналистлар сони 73 та етганини маълум қилган.
Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан қарийб икки ойдан буён Ғазода қуруқлик ва ҳавода ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. 1 декабр куни, олти кунлик гуманитар сулҳдан кейин яҳудий ҳарбийлари Ғазода жанговар ҳаракатларни қайта бошлади.
Исроил бомбаларидан ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари сони 16 мингдан ошди. Сўнгги бир кун ичида 700 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тинч аҳоли вакиллари қонини тўкишни тўхтатишни талаб қилмоқда.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроил ҳужумларига нишон бўлаётган Ғазо минтақаси болалар қабристонига айланаётгани ҳақида бонг урган ва ноинсоний оммавий жазолаш амалиётига чек қўйиш лозимлигини айтган.
Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси икки ойдан буён сув, озиқ-овқат, электр энергия, ёнилғи ва тиббий хизматдан маҳрум ҳолда жон сақламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қамалдаги ҳудудда юқумли касалликлар янада кенг тарқалишидан огоҳлантирган.
Куни кеча ҳалок бўлган Мунтазир ал-Савваф тасмага муҳрлаган суратлар орқали Ғазодаги вайроналар кўламини тасаввур этиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter