Газ, электр ва йўлни тўсган одамлар — Шуҳрат Абдураҳмонов саволларга жавоб берди
Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бугун 2020 йил якунлари ва 2021 йилда режалаштирилган ишлар бўйича халққа ҳисобот бериб ўтди. Ҳисоботдан сўнг ҳоким ва матбуот вакиллари ўртасида мулоқот бўлиб ўтди.
— Ҳисоботни эшитдингиз. Ҳамма жойни гуллатвордик, Андижон яшнаяпти, демоқчи эмасман. Ишлаяпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Ҳисоботда айтилгани эса ҳали хомаки лойиҳалар. Яқин вақтларда яна янгилари чиқади. Ўзбекистон ва шу қаторда Андижон ҳам шиддат билан ривожланмоқда. Статистикага кўра йилига 33 минг одам онкология касалликларидан даволаниш учун Ҳиндистонга борган, 22 минг одам эса юрак-қон томир касалликларидан даволанган. Биз халқимиз овора бўлиб, хорижга бормаслиги учун мана шундай шифохоналарни Андижонда очмоқчимиз. Шу йўналишда янги лойиҳалар қилишга тайёрланмоқда. Хориждан шифокорлар таклиф қилинади. Улар шунчаки келиб-кетмайди, шу ерда яшайди. Шифокорларга уй берамиз ва касалхона очиб берамиз.
Эътиборлиси, Бобур бобомизнинг авлодларидан бўлган ҳиндистонлик сармоядор Андижонга келди. Медицина институти очилса қанчадан-қанча талабалар билимли бўлади. Янги иш ўринлари яратилса, қўшимча солиқ тушумлари бўлади.
Маърузада тўлиқ ҳисобот беришга ҳаракат қилдим. Агар мана шу рақамларни журналистлар текширишни истаса, ўзимиз ёрдам беришга тайёрмиз. Ҳар битта қилинган ишни кўрсатишни истаймиз.
— Вилоятда кўп ишлар қилинганини ҳисоботда айтиб ўтдингиз. Газ етишмовчилигини аниқ тушунтирдингиз. Аммо электр энергиясидаги реал вазият анча оғир, одамлар кўчага чиқмоқда. Ҳар йили таъминот бўйича кўп гаплар айтилмоқда, аммо муаммо ҳам тугамаяпти. Халқ ҳар йили қиш келишини юрак ҳовучлаб кутади. Бу муаммолар қачон ҳал бўлади?
— Газ ва электр бир бирига боғлиқ нарса, бири бўлмаса, иккинчиси ҳам муаммога айланади. Вилоятда 580 минг хонадон бўлса, 487 минги аввалдан газлашган эди. Аммо йиллар давомида етарли газ таъминоти бўлмади. Натижада 2015 йилга келиб газ етиб бориши қийин бўлган маҳаллалар тармоқдан узилиб, кўмир ва газ балон билан таъминлашга ўтилган. Қишда одамлар қийналавергандан сўнг Ўзтрансгаз билан келишдик. Улар бизга 487 минг хонадондан 246 мингтасини кафолатли газ билан таъминлай оламиз, деб айтишди. Қолган хонадонларга газ етказилмаслиги аниқ бўлди. Шундан сўнг ўша маҳаллалар тармоқдан узилди. Биз йўқ газга ишониб қолмасдан, кўмир ва бошқа воситаларни тарқата бошладик.
Бу нарса анча оғир кечди. Газ кафолатланмаган хонадонлар электр тармоғига иситиш мосламаларини улай бошлади. Электр иситиш учун эмас, балки ёритиш учун. Андижон вилоятида чироқ ўчмай ёниши учун кунига 18 миллион киловатт энергия талаб қилинади. Ҳозир кунига 17 миллион киловатт оляпмиз. Демак бир миллион киловатт танқислик ҳам бор.
Биз мана шу танқисликни тўғри тақсимлаш учун чироқ ўчиши графигини туздик. Аммо бу ҳам ечим бўлмади. Графикни тайёрлаб, эълон қилганимиздан сўнг, газ босими пасайиб кетди ва электрга босим кўпайиб, тизим ташлаб юборяпти. Агар ўша вақтда энергия тизими ўчирилмаса, ёниб кетиши мумкин. Шу сабабли графикдан чиқиб кетишга мажбур бўляпмиз.
Тизимда муаммолар мавжуд ва шу билан бирга халқимиз ҳам тежамкорлик қилса яхши бўларди. Агар электр энергиясини тежаб ишлатсак, етишмаётган 1 миллион киловаттни қоплаб олган бўлардик.
— Андижон вилояти қаердан олади электр энергиясини?
— Водий вилоятларини таъминлаш мақсадида Тўрақўрғон ИЭС ишга туширилгач чироқ ўчиши камайди. Етишмаётган қисми эса Қирғизистондан олиб келинарди. Ҳозир Қирғизистонда ҳам вазият яхши эмас. Улардаги ГЭСлар ишлаши учун етарлича сув мавжуд эмас. Натижада муаммолар вужудга келмоқда.
— Муаммони ечиш учун нима қилиш керак?
— Табиий газ етиб бориши кафолатланган хонадонларни олиб қолиб, қолганини тармоқдан узиш керак. Газ етиб бормаётган хонадонларга кўмир ва газ балон етказиб берилади. Ортиқча истеъмолга йўл қўймасликни тарғибот қиламиз. Бугунги куннинг энг долзарб вазифаси шу. Газ қуйиш шаҳобчаларига фақат кундузи газ бериб, кечаси аҳолига етказиш мақсад қилинган.
— Электр энергиясининг муқобил вариантлари кўриб чиқиляптими?
— Кеча шу масалада инвестор билан гаплашиб олдик. Андижонда қуёш батареяларини ишлаб чиқариш бўйича 17 миллион евролик лойиҳа амалга оширилади. Корхонага ер ажратиш масаласи ҳам ҳал қилинган. Қуёш панелларини ўзимизда ишлаб чиқармасак бўлмайди. Кун сари аҳоли сони ва тадбиркорлик субъектлари кўпаймоқда. Уларга биринчи навбатда газ, электр ва сув керак. Шу мақсадда барча лойиҳалар тайёрланди, банклар билан келишилган. Насиб қилса январ ойида қуёш батареяларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
— Бутун вилоят бўйлаб кўпқаватли уйлар қурилмоқда. Уларга канализация тортиш масаласи нима бўлади?
— Вилоятда локал канализация тизими ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳар қандай турдаги биноларга ўрнатиш мумкин. Туманлардаги кўп қаватли уйлар мана шундай тизим билан таъминланади.
— Ўша кўпқаватли уйлар табиий газ билан қандай таъминланади?
— Барча туманларда ҳам газ йўқ, демоқчи эмасман. Кўп қаватли уйларга эса табиий газ етиб бориши шарт. Шахсан ўзим буни назоратга олганман. Чунки кўп қаватли уйда кўмир ёқиш ёки газ балон ўрнатиш мумкин эмас. Худо сақласин, ҳар-хил холат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳамма кўп қаватли уйлар газ билан таъминланади.
— Андижон вилоятида газ ва электр етишмаслиги туфайли одамлар кўчага чиқиши ҳолати учраб турибди. Бу борада ҳоким сифатида қандай изоҳ бера оласиз?
— Президентимиз биздан халқни рози қилишни сўраяпти. Биз ҳаммасини очиқ айтишимиз керак, бор нарсани бор, йўқ нарсани эса йўқ дейиш шарт. Одамлар йўқ нарсага ишониб қолмасликлари керак. Очиғини тан олиш лозим, қайсидир маҳаллаларга газ билан таминлаш кафолати берилган, аммо турли сабаблар туфайли газ етиб бормай қолди. Бухородан келаётган газ босими пасайиб кетгани бунга сабаб бўлди. Одамларнинг талаб қилишга ҳаққи бор. Биз имкон қадар ишлаяпмиз. Фуқароларимизга тушунтиришга, улар билан тарғибот ишларини олиб боряпмиз.
— Ҳисоботда ҳамма соҳада ўсиш қайд этилган. Бирорта ҳам соҳада пасайиш кузатилмаган. Карантин иқтисодга таъсир қилмадими?
— Режа пандемия шароитидан келиб чиқиб белгиланган. Биз ана ўша режани ошириб бажарганимизни қайд этганмиз. Агарда пандемия бўлмаганда, режа ҳам шунга яраша бўларди.
— Андижонда дори-дармон учун кам ҳаражат қилинган. Бунга сабаб нимада?
— Дори бўйича учинчи марта ҳисобот беряпман шекилли. Биринчи марта дори-дармон омбори калитини кўрсатганимда, «калит кичкина-ку», дейишди. Кейин яна шу масала кўтарилганда, журналистни омборга олиб кириб, захирани кўрсатдим. Бу масалани тўғри қабул қилишингизни сўрайман. Касаллик Ўзбекистонга кириб келганда барча вилоят ҳокимлари олдига уч ойлик дори-дармонни захира қилиш вазифаси қўйилди. Халқимизни касаллик балосидан олиб чиқиш учун ишладик. Андижонда фармацевтика ривожланган, катта корхоналар бор. Бу корхоналар дори-дармонни Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан тўғридан-тўғри олиб келди, захира яратди. Ҳозир ҳам 24 миллиард сўмлик дори захираси керагидан ортиқ турибди. Буни балки айтиш нотўғридир, аввало Худо сақласин, ҳозир касаллик пасаймоқда ва шу билан йўқ бўлиб кетсин. Андижонда дори-дармон масаласида ҳеч қандай муаммо йўқ. Дорини ўз вақтида олиб келганимиз учун муаммо бўлмади.
— Андижон, Наманган, Фарғона ва Жиззах вилояти ахборот хизматларининг муаммо борлиги айтилди. Айнан мана шу ҳолат бўйича нима дея оласиз? Ахборот хизмати фаолиятидан қониқяпсизми?
— Ҳамма нарсадан қониқдим, десам ҳаёт тўхтаб қолади. Янги тизим бу, ривожланишда давом этмоқда. Ўзгариш бор, албатта, аммо етарли даражада эмас. Вилоятдаги барча ишларни ёритиб бориш матбуотнинг вазифаси. Уч соатлик ҳисоботда кўп ишлар айтилди, аммо шуларнинг барчаси халққа етиб бордими, бу бошқа савол. Агар вилоятдаги барча матбуот хизматларида қандайдир муаммолар бўлса, моддий техника базасини таъминлаб берамиз.
— Қиш келиб, жуда кўп муаммолар пайдо бўляпти. Бу жиҳатлар вилоятга қайсидир маънода боғлиқ эмас. Вилоятга боғлиқ бўлган нарса — йўл. Кўплаб йўлларимизда йўлни ажратиб турувчи чизиқлар йўқ.
— Ҳокимият биносидан чиқишингиз ҳамоно йўллар чизилганини кўришингиз мумкин. Бу нарсага жуда катта эътибор берамиз. Норматив бўйича йўл чизиқлари бир йилда икки марта чизилиши керак. Аммо биз 5-6 марта ҳам чизяпмиз. Афсуски бўёқнинг сифати яхши эмас, узоқ вақт турмайди. Агарда шундай масалаларда муаммо бўлса, журналистлар менга етказишса, вазиятни ўнглаймиз. Йўл чизиқлари учун пул ажратилган. Масалан, Асака-Шаҳрихон йўли бугун кечаси билан чизиб чиқилди. Бир ҳафтада ҳаммаси якунланади.
— Фарғонага кетишда Олтинкўл, Шаҳрихон ва Бўстон туманларида йўл жуда нотекис. Бу йўлларни қайта қуриш режаси йўқми. Масалан Фарғона ва Наманганда йўл анча текис.
— Сиз айтган йўл Буюк Ипак йўли ҳисобланади. Республика миқёсида пул ажратилиб, босқичма-босқич таъмирланмоқда. Келаси йилга 40 миллиард сўм пул ажратилган. Бу жуда катта иш, бир кунда қилиш мумкин эмас. Насиб қилса бизда ҳам йўл текис бўлиб қолади. Маҳаллий йўлларга келсак, ўйдим-чуқурларни ямаш бўйича катта талаб қўйганмиз. Бу ҳам газ билан боғлиқ, асфалт тайёрлаш ишлари назоратга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter