Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди

Гавайилик қаҳрамон АҚШни ўзгартирмоқчи. Президентлик пойгасига яна бир хоним қўшилди

Тулси Габбард.

Фото: «Argument»

Шу йил 11 январда АҚШдаги президентлик сайловининг партия ичида кечадиган дастлабки босқичига Гавайи штатидан 37 ёшли Тулси Габбард ҳам қўшилди. У мамлакатда гавайилик қаҳрамон сифатида ном қозонган.

Ироқ урушидаги қайноқ нуқталардан Кувайт миллий гвардияси бош мураббийлигигача

У 1981 йил 12 апрелда Америка Самоасида таваллуд топган. Отаси – бизнесмен ва сиёсатчи, штат сенатори Майк Габбард эди. Ҳозирда ватанпарварлик тарғиботи ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган нодавлат ташкилотларига раҳбарлик қилмоқда.

Онаси – узоқ йиллар давлат мулозими ва кейинчалик ҳиндуизм дини тарғиботчиларидан бири Кэрол Габбарддир.

Тулси оилада 5 фарзанднинг тўртинчиси эди. У 2 ёшга тўлганида бутун оиласи Гавайига кўчиб ўтишади. Гавайи Тинч океани университетида бизнес бўйича таҳсил олди. 2002-2004 йилларда Гавайи штати вакиллар палатаси аъзоси ва шу тариқа 21 ёшида АҚШ тарихида энг ёш депутат сифатида тарихга кирди.

2003-2010 йилларда АҚШ миллий гвардияси таркибида кўнгилли бўлиб ҳарбий хизматга отланди.

2004 йилда Ироқ урушида энг қайноқ нуқталарда бўлиб, тиббиёт полкида ярадорларга ёрдам кўрсатди.

2007 йили Алабама ҳарбий академиясининг зобитлик мактабини АҚШ аёллари орасида биринчи бўлиб, энг яхши натижа билан якунлади.

Фото: «veteranstoday.com»

Шундан кейин Гавайи армияси миллий гвардияси 29-махсус хизмат бригадасида хизматини давом эттирди. Ўз взводи билан 2009 йилда Яқин Шарққа келди ва Кувайт миллий гвардияси бош мураббийи бўлиб ишлади. 2010 йилда рота командири сифатида майор ҳарбий унвонига эга бўлди.

2010 йили Гонолулу шаҳар кенгаши сайловларида 6-округдан ғалаба қозонди. 2013 йил 3 январдан Гавайи округидан АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси. Ҳиндуилик (гаудия-вайшнавизм таълимоти) эътиқодига амал қиладиган илк конгресс аъзоси сифатида ҳам тарих солномаларидан жой олди.

Сайловолди кампанияси чоғида уни шахсан президент Барак Обама қўллаб-қувватлади. У ўз қасамёдини Бхагавадгитага қилди. Ушбу китоб нусхасини Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг АҚШга ташрифи чоғида унга эсдалик совғаси сифатида тақдим этди.

Демократик партия сафида ҳам шахсий позициясини мустаҳкамлаб борди. 2013-2016 йилларда Демократик партия миллий қўмитаси, яъни сиёсий кучнинг машинасида вице-раис бўлди. 2016 йил ноябрда навбатдаги муддатга сайланди.


Мавзуга оид: Президентлик пойгаси. АҚШда катта жанг бошланди


У Гавайи штати конгрессида таълим, туризм ва иқтисодий тараққиёт бўйича қўмитада самарали хизмат қилган бўлса, АҚШ Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитасида қизғин фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилдаги президентлик сайловларида Берни Сандерсни қўллаб-қувватлаган.

Туғилганидан буён вегетариан. Махатма Ганди ҳаётини ўзининг олий идеали деб билади. Биринчи турмушидан 2012 йилда ажрашган ва иккинчи турмуш ўртоғи Абрахам Виллиамс билан 4 йилдан буён бирга яшайди.

Абортлар тарафдори ва урушларга қарши

Ходим амалдаги президентни кескин танқид қилиб чиқаётганлар сафини кучайтирмоқда. У бир неча миллиард долларга тушаётган Мексика билан АҚШ ўртасидаги чегара қурилишига қаршидир. Ҳомиладорликнинг 20 кунидан кейин абортларга қўйилган тақиқларни ҳам инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши деб ҳисоблайди. Тинч океани шериклиги келишувига ҳам қарши бўлмоқда.

Минг афсуски, у бир пайтлар ўз сиёсий фаолиятини бошлаган йиллари ўзи нафратланган бир жинсли никоҳнинг эндиликда тарафдори бўлмоқда.

Уни бошқалардан ажратиб турувчи қирраси — АҚШнинг мустақил давлатлар ишига ҳар қандай ҳарбий аралашувига қаршилигидир. Айниқса, Ироқ, Ливия ва Суриядаги босқинларни қаттиқ танқид қилади. Ироққа қўшин олиб кирилиши катта хато бўлган эди, деб таъкидлашдан чарчамайди. У Оқ уйдан Афғонистондан тезлик билан қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилиб келади.

Фото: «thedailycoin.org»

Габбард собиқ президент Барак Обаманинг Сурия ва Ливиядаги билвосита ҳарбий ҳаракатларини танқид қилган ва иммиграция масаласи бўйича қатъий мавқеини эгаллаган эди.

Суриянинг қонуний ҳукуматини ағдариш мақсадида қилинган ноқонуний уруш миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солди, АҚШнинг халқаро обрўсини тўкди ва иқтисодий манфаатларига путур етказди, деб ҳисоблайди. Шу сабабли у АҚШнинг Суриядаги ҳарбий аралашувларини тўлиқ тўхтатиб қўйишга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам илгари сурган.

Фото: «Heavy.com»

2017 йилда Сурияга яширин равишда учиб бориб, президент Башар Асад билан юзма-юз учрашгани ва у билан илиқ мулоқот қургани бутун Американи ҳайрат солган ва унинг бошига танқидлар ёмғири бошланган эди.

«Биз нега йўқ жойдан душман ясаяпмиз. На Сурия ва на унинг президенти АҚШ учун тўғридан тўғри таҳдид сола олмайди. Шу сабабли, Асад АҚШнинг душмани бўлиши мумкин эмас. Сиёсатчиларимиз учун Сурия аҳолисининг қандай фикрда эканлиги заррача аҳамиятсиз. Бу эса бизни улардан узоқлаштиради. 2001 йилда бизга террорчилар ҳужум қилган эди. Аммо Сурияда уларни Россия йўқ қилмоқда. Мантиқ қани?», дея куюниб интервью берган эди «MSNBC» телеканалига.

Трамп ҳам президентлик сайловолди кампанияси чоғида Суриядаги уруш ва терроризм билан кураш масаласида хоним билан алоҳида маслаҳатлашув ўтказган эди. Ўша куни Трамп жамоаси Габбард хоним номзодини келгусида давлат котиби, мудофаа вазири ёки АҚШнинг БМТдаги доимий вакиллигига кўрилаётгани ҳақида эълон қилган эди.

Бундан ташқари, Обаманинг Эрон билан иқтисодий санкцияларни енгиллаштириш бўйича имзолаган кўп томонлама шартномаси ўз кучида қолиши тарафдори бўлиб келмоқда.


Мавзуга оид: «Энг жозибали прокурор» энди президентликка даъвогар


2016 йил декабрда қуролли террорчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун бюджет маблағларининг сарфланишини тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ва тақдим этган эди.

Ушбу қонун АҚШ ҳукумати ташкилотларига экстремистик гуруҳларни ҳар қандай шаклда қўллаб-қувватлашни тақиқлаб қўяди, терроризмни молиялаштираётган учинчи давлатларга ҳам иқтисодий ёрдам кўрсатишни ман қилади.

У Ўрта ва яқин масофаларга мўлжалланган ракеталарни йўқ қилиш бўйича шартномага риоя қилиш бўйича ҳам қонун лойиҳасини конгресс қуйи палатасига киритган. Ҳужжат АҚШ ҳукуматига қуролланиш пойгасига киришмаслик ва солиқ тўловчиларнинг маблағларини ракеталар ишлаб чиқаришга сарфламаслик мажбуриятини юклайди.

Фото: «eadaily.com»

«Ядро фожеаси хавфи ҳозир шу қадар каттаки, тарихда бунақаси бўлмаган. Трампнинг шартномадан чиқиши бўйича масъулиятсиз қарори бу хавфни янада оширади, янги совуқ уруш оловини ёқади, қуролланиш пойгасининг янги даврини бошлаб беради, бизни ядро фожеасига тобора яқинлаштиради. Шартномадан чиқиш ўрнига биз уни кенгайтириш устида ишлашишимиз керак», дейди Габбард хоним матбуот анжуманида.

Ички сиёсатда нўноқликда айбланмоқда

У асосан ташқи сиёсат бобида Трампни танқид қилишни кучайтирмоқда: «Трамп жаноблари ўзининг сайловолди кампаниясида бошқа давлат ҳукуматларини ўзгартиришга қаратилган урушларга қарши эканлигини айтган эди. Энди эса атрофини ўраб турган янги конверваторлар истагини ижро этмоқда. Бу гал Венесуэла ва Эронда тузумларни ағдариш тарафдори бўлаяпти. Бу ишлар учун ҳар бирдоллар ўз чўнтагимиздан кетмоқда. Биз эса ушбу маблағларни ҳақиқий эҳтиёжманд аҳолига сарфлашимиз керак эди».

2018 йил январда Гавайи оролига ядро ракетаси яқинлашаётгани ҳақидаги ташвишли хабар маҳаллий аҳолини ваҳимага солиб қўйди. Бу қўрқинчли соатларни эслар экан, «Қудратли сиёсатчилар уруш дўмбирасини чалаётганида, АҚШ Россия ва Хитой каби ядро қуролига эга давлатлар билан тарангликни кучайтираётганида, айнан биз урушнинг энг олдинги қаторида бўламиз. Чунки биз ядро уруши чегарасида яшаймиз», дея ўз хавотирини очиқ билдирган эди.

Фото: «RusNext.ru»

Ўшанда Шимолий Корея билан АҚШ ўртасидаги таранглик жуда кучайган бир пайт эди. Гавайи фавқулодда вазиятлар менежменти агентлиги эрта тонгда «ташвиш қўнғироғи»ни берган, бироқ 38 дақиқадан кейин бу хабар ёлғон эканлиги сабабли бекор қилинган эди.

Аммо маҳаллий аҳоли жуда қаттиқ қўрқув ва ваҳимага остига тушиб қолган бу каби хатони бошқа қайтармасликни ҳам штат, ҳам федерал ҳукуматдан талаб қилган эди.

Айрим экспертлар «унинг қуролсизланиш бўйича қонун лойиҳалари ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмаган сиёсий пиар», деб аташмоқда. Чунки сиёсий устқурма ўз қарорини аллақачон қабул қилиб бўлган, лойиҳаларни эса қонун чиқарувчилар қўллаб-қувватламайди.

Боз устига оммавий ахборот воситалари Тулси Габбардни расмий Москва билан яширин алоқаси бор, деган тахминда. Сайтларни ва ижтимоий тармоқларни ўрганувчи экспертлар Россия ОАВда бошқа номзодларга нисбатан айнан Тулси Габбард ҳақида кўпроқ материаллар чиқарилаётгани, унинг ижобий қиёфаси яратилаётгани ҳақида ўз баҳоларини беришди.

Хонимнинг ўзи эса буни рад қилди. Журналистларнинг Россия президенти Путинни АҚШ учун таҳдид соладими, деган саволига «ҳа», деб жавоб қайтарди.

Энг кучлилар охирида чиқади

Президентлик пойгаси оғир атлетикачиларнинг курашига ўхшайди. Энг кучлилар охирида чиқади. Ҳали икки бор президентлик сайловларида қатнашиб, тажриба орттирган Жо Байден, сенатор Берни Сандерс ўз номзодини эълон қилмади.

Уни Трампнинг собиқ бош стратеги Стив Бэннон томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳам айтилмоқда. Аввалги сафар Трамп билан шахсий учрашувни айнан Бэннон уюштирган эди. Бу гал ҳам Трампга қарши тура олмаслиги, Трамп унга бирорта вазирликни таклиф қилишга рози бўлиши мумкин экан.

Гарчи ёш хонимнинг ғолиб чиқиш имконияти камроқ, деб қаралаётган бўлса-да, лекин мустақил қарашлари ва ўз фикрини асосли исботлай олиш маҳорати билан мутахассислар эътиборини тортмоқда.

Бошқа номзодлардан фарқли равишда у демократларни ҳам, республикачиларни ҳам қақшатқич танқид қилмоқда. У миллий озчилик вакили ва бунинг устига номзодлар орасида энг гўзали ҳамдир.

Фото: «Heavy.com»

Шу билан бирга анъанавий сиёсий элитанинг фикрларидан бутунлай ажралиб турувчи янгича қарашга эга. Бу эса кутилмаган совға бўлиши мумкин.

Аммо сиёсатчиларнинг юзсизлиги ва икки томонлама ўйинларни, ҳарбий қудратга таянган Американи бу қадар фош қилиш унинг имкониятларини чеклаб ҳам қўйиши мумкин. Чунки ҳарбий лобби АҚШ бошқарувида шу қадар катта кучга эгаки, улар билан ҳисоблашмаслик мумкин эмас.

Унинг сайловолди штабига маслаҳатчиси, 2016 йилда Берни Сандерс штаби раҳбари ўринбосари бўлиб ишлаган Рания Бетрайс раҳбарлик қилади.

Жон Кеннеди 43 ёшида АҚШ президенти этиб сайланганда энг ёш давлат раҳбари бўлган эди.

Агар Габбард хоним сайланса, АҚШ тарихидаги энг ёш ва илк аёл президент бўлади.

Шу билан бирга бутун инсоният истайдиган тинчлик бобида дунё тарихида бутунлай янги босқич бошланиши, шубҳасиз.

Гавайи – Обама туғилган юрт

Тинч океанида жойлашган Гавайи штатининг пойтахти Гонолулу шаҳридир. 28 минг квадрат километр майдонга эга ва 1,5 миллион аҳолиси бор. У 1959 йилда АҚШнинг 50-штати бўлиб кирган ва қитъа қирғоқларидан 3700 километр олисда жойлашган.

Йиллик ўртача ҳарорат +18-25 бўлиб, АҚШдаги ҳаёт энг қиммат гўша саналади. Тоза сув ва мусаффо ҳаво, юмшоқ иқлими, тадбиркорларнинг рўйхатдан ўтиш тизими енгиллиги сабабли бу ерда бутун дунёда миллионлаб сайёҳлар ва ишбилармонлар келишади. 

Кўплаб курортларга эга. Аммо океандан ёпирилиб келадиган кучли довуллар, доимий ер силкинишлари, вулқон отилишлари иқтисодиётига катта зарар келтиради.

Осиёликлар аҳолининг 40 фоизини, америкаликлар 25 фоизини, метислар 15 фоизини, гавайиликлар 10 фоизини ташкил қилади. Собиқ Иттифоқдан бориб қолган бир неча минг киши, жумладан ўзбекистонликлар ҳам яшайди. Асосан христианлик (30 фоиз) ва буддизм (10 фоиз) динига эътиқод қилинади.

Бу ерда машҳур Пёрл Харбор бандаргоҳи бўлиб, АҚШ ҳарбий денгиз кучлари базаси жойлашган.

Гонолулуда АҚШнинг 44-президенти Барак Обама туғилган.

АҚШнинг бошқа штатларидан фарқли равишда бу ерда қурол-яроқдан эркин фойдаланиш мумкин эмас. Жиноятчилик даражаси ниҳоятда паст. Шу сабабли бўлса керак Габбард хонимнинг сиёсий ва ҳаётий қарашлари ўз халқининг гуманизм табиатига мосдир.

Фото: «news.cgtn.com»

Габбард океан бағридаги масканда улғайгани боис сувда ўзини эркин ҳис қилади. Сёрфинг спорти унинг жони дилидир.

Л.Ҳасан ўғли

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг