Олимпиада чемпионига уй ва бир умр текин овқат беришмоқчи — Филиппин
Филиппинлик Карлос Юло Парижда иккита олтин медални қўлга киритиб, ватанида миллий қаҳрамонга айланди.
Юло Олимпиада чемпиони бўлган илк эркак спортчи ҳамда битта Олимпия ўйинида иккита олтин медал олган атлет сифатида Филиппин тарихига кирди.
The Guardian ёзишича, воқеага мамлакат президенти Бонгбонг Маркос Facebook ижтимоий тармоғида шундай муносабат билдирди: «Филиппин «тарих ёзилишига гувоҳ бўлди», Юло спорт гимнастикаси бўйича эркин машқларда 15 000 балл тўплаб, биринчи мукофотни қўлга киритди».
Юло — олимпия «олтин»ига сазовор бўлган иккинчи филиппинлик. Илк маротаба мамлакатга Олимпиада чемпионлигини аёл спортчи — оғир атлетикачи Хидилин Диас 2020 йилда туҳфа қилганди.
Ғалабанинг иккинчи куни Юло яна бир марта шоҳсупага кўтарилди — таяниб сакрашда энг яхши натижа кўрсатиб, Филиппин ҳисобига XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг иккинчи «олтин»ини ёзиб қўйди.
Фердинанд Мартин Ромуалдес (Филиппин парламенти қуйи палатаси спикери) Карлос Юлони «спорт қаҳрамони» ва «миллий бойлик», дея таърифлади.
Юлога хизматлари учун давлат томонидан 3 млн филиппин песоси (52 минг доллар атрофида) ва Конгресс медали топширилади. Бундан ташқари, спортчиларни рағбатлантирувчи қонунга кўра, у 10 млн песо (173 минг доллар атрофида) мукофот пули олади.
Бу ҳаммаси эмас. Мамлакатдаги хусусий компаниялар уни тақдирлаш бўйича беллашувга киришиб кетган. Бири тўлиқ жиҳозланган икки хонали квартира совға қилмоқчи, яна бири эса ресторанлардан овқат етказиб беришни бир умрга бепул қилмоқчи. Телефон учун ғилофлар, автомобил фаралари, фотограф хизматлари, бепул эндоскопия хизматлари таклиф қилаётганлар ҳам бор.
Қолаверса, Юлога қаҳва ва лимонли ичимликлар ишлаб чиқариш бизнесида улуш таклиф этилган, гўзаллик клиникаси эса 10 млн евролик реклама шартномаси имзоламоқчи. Хуллас, бу ҳали бошланиши...
«Нима дейишни ҳам билмайман. Биз кичик мамлакатмиз, шунинг учун ҳам олтин медал олиш имконияти — катта воқеа. Медални мени қўллаб-қувватлаган филиппин халқига бағишлайман», — деди Карлос Юло.
Унинг қўшалоқ ғалабасини филиппинликлар бутун мамлакат бўйлаб нишонлашди. Қаҳвахона ва ресторанларда кимнинг исми Карлос, Кала (лақаби), Эдриел (иккинчи исми) бўлса, овқат ва коктейллар билан меҳмон қилишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter