Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада чегарачилар иштирокидаги тўқнашувда икки киши ҳалок бўлди

Фарғонада чегарачилар иштирокидаги тўқнашувда икки киши ҳалок бўлди

Фото: Xabar.uz

Фарғона вилояти, Фарғона тумани чегара олди ҳудудидаги тўқнашувда икки киши ҳалок бўлди. Чегара қўшинлари мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди. 

Жорий йилнинг 16 октябрга ўтар кечаси Фарғона вилоятининг Фарғона тумани «Водил» аҳоли пунктида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ҳаракатланиб келаётган маҳаллий фуқаролар А.М. ва О.Ю. исмли шахслар бошқарувидаги автотранспорт воситаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида мазкур автотранспорт воситасининг салон қисмида мамлакат ҳудудига ноқонуний равишда олиб кирилган товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган, дейилади хабарда.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Чегара қўшинлари бўлинмасига бориш таклиф этилганида, фуқаролар А.М. ва О.Ю. ҳамда воқеа содир бўлган ҳудуд яқинида йиғилган уларнинг ўн нафарга яқин шериклари, спиртли ичимлик таъсирида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлар ва чегарачиларга фаол қаршилик кўрсатиб, уларга нисбатан куч ишлатишган.

Натижада ҳарбий хизматчилар турли кўринишдаги тан жароҳатларини олган. Қаршилик кўрсатаётган кучлар тенг келмаганлиги боис, чегарачилар фуқароларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узишига қарамасдан, улар ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларини давом эттирганлар.

Огоҳлантиришдан тўғри хулоса қилмай, ҳарбий хизматчиларга фаол қаршилик кўрсатишда давом этган фуқароларнинг икки нафари қурол қўлланилиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг