Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи: «XXI асрда бунга йўл қўйиб бўлмайди...»

Европа Иттифоқи: «XXI асрда бунга йўл қўйиб бўлмайди...»

Дунёда ҳар уч аёлдан бири ҳаёти давомида зўравонликка дуч келади. Европа Иттифоқи дипломатик хизмати 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни муносабати билан тарқатган хабарда жаҳондаги ҳолат хавотирли ва таҳликали деб баҳоланган. 

«Европа Иттифоқи хотин-қизларга нисбатан барча зўравонлик кўринишларини қоралайди. Бу йил биз тўқнашувлар кетаётган ва гуманитар инқироз шароитидаги ҳудудларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Украина, Мьянма, Афғонистон, Эфиопия, КДР, МАР, Жанубий Судан, Яман ва уруш ҳамда зиддиятлар давом этаётган бошқа мамлакатларда хотин-қизлар доимий таҳдид, жинсий, жисмоний зўравонлик муҳитида яшамоқда. ЕИ ушбу мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш ва айбдорларни жазолаш ишига содиқ қолади, дунёнинг бирор бир ерида бундай хатти-ҳаракатга ўрин бўлмаслиги керак», – дейилади хабарда. 

Интернет кенг тарқалиши билан дунёда онлайн таъқиб ва тазйиқлар ҳам кучаймоқда. 50 фоиз қизлар реал ҳаётдан кўра кўпроқ виртуал оламда таъқибга учраётганини маълум қилган. Тадқиқотларга кўра, асосан 18-24 ёшдаги қизлар онлайн зўравонлик қурбони бўлмоқда. 

БМТ Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни сифатида белгиланган. 1991 йилдан буён «Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси ўтказилади. Акция ҳар йили 25 ноябрдан 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади.

ЕИ дунё давлатларини зўравонликка қарши кураш борасида дадил қадамларга ундаган.

«XXI асрда хотин-қизларга нисбатан шафқатсиз муносабат, таъқиб, зўравонлик, уларга қўл кўтариш, мажбурий никоҳ давом этиши мумкин эмас», – дейилади ЕИ баёнотида.

2022 йил март ойида Европа комиссияси аёлларнинг таъқиб этилиши ва оилада зўравонликка қарши кураш бўйича ҳужжат қабул қилган. Унда ҳуқуқбузарликка қарши комплекс кураш, жумладан, онлайн таъқибларнинг олдини олишга доир чоралар белгиланган.  

ЕИнинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган гендер тенглигига доир стратегиясида амалий тадбирлар кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 500 млн евро ажратилган Spotlight глобал ташаббуси ҳам хотин-қизларга қарши зўравонликнинг барча кўринишларига қарши курашга қаратилган.

16 кунлик акция доирасида ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси махсус мурожаат билан чиққан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг