Эрдўғон Фаластин–Исроил зиддияти борасида амалий таклиф илгари сурди
Фаластин–Исроил ихтилофини ечиш учун халқаро тинчлик анжумани ташкил этиш зарур. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат парламенти мажлисидаги нутқида гапирган.
«Адолатли тинчликда мағлуб томон бўлмайди» деган таълимотга чин дилдан ишонган давлат сифатида минтақадаги барча нуфузли шахслар иштирок этадиган «Халқаро Фаластин – Исроил тинчлик конференцияси» ташкил этишни тавсия қиламиз. Ушбу анжуман сўнгги 30 йил ичида Мадриддан Ослогача, Шарм аш-Шайхдан Аннаполисгача бўлган кўплаб учрашувларнинг натижасиз тугашидан олинган сабоқлар асосида ўтказилиши керак», – деган сиёсатчи.
Эрдўғон Туркия гуманитар, сиёсий ва ҳарбий мулки билан Фаластиннинг кафилларидан бири бўлишга тайёр эканини билдирган.
У Ғазодаги қирғин ва вайронагарчилик учун Исроилга чексиз ёрдам кўрсатаётганлар ҳам айбдор эканини таъкидлаган.
«Уруш авж олиб кетмаслиги учун барча иштирокчилар масъулият билан ҳаракат қилиши, минтақадан ташқарида бўлган кучлар эса «Исроил билан бирдамлик» дея оловга мой сепишни бас қилиши керак. Мен соғлом тафаккур ва виждонга эга бўлган барча мамлакатларни Нетаняҳу ҳукуматига Исроил давлатини ақл ишлатиб иш кўришга қайтариш учун босим ўтказишга чорлайман», – деган Эрдўғон.
Аввал хабар берганимиздек, Туркия раҳбари Ғазодаги аянчли вазият туфайли Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилган, минтақада тинчлик ўрнатилиши мустақил Фаластин давлатининг барпо этилишига боғлиқ эканини таъкидлаган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter