Ер нега думалоқ эмас?..
Сайёралар ва уларнинг йўлдошлари, кўпчилигимизнинг назаримизда, ўта мукаммал шар шаклида — бироқ бунақасини фақат расмларда учратасиз, аслида ундай эмас.
Агар қўлингизда Ернинг қоқ ўртасидан бошланиб сайёранинг энг баланд нуқтасида тугайдиган жуда узун ўлчагич бўлганида эди, сиз Эверест (Жомолунгма) чўққисига дуч келмасдингиз. Ердаги энг баланд нуқта дунёнинг бутунлай бошқа томонида — Эквадорда жойлашган, ёзмоқда «Live Science».
Қутбларда Ер силлиқлангани боис, Эквадордаги Чимборасо сўнган вулқони Эверест чўққисидан баландроқ. Таъбир жоиз бўлса, Эквадор жойлашган экватор чизиғи — Ернинг энг туртиб чиққан қисми. Ер мукаммал шар эмас, балки текис сфероид (шарсимон) шаклга эга.
«Аслида аксарият сайёралар ва йўлдошлар чинакам шарлар эмас, у ёки бу тарзда силлиқланган», — тушунтирди NASA реактив ҳаракатлар лабораторияси сайёрашуноси Таттл Кин.
Ер, бошқа сайёралар ва йўлдошлар нега мукаммал шар шаклида эмас?
Сабаби — айланувчи жисмга таъсир қилувчи марказдан қочиш кучи. Марказдан қочиш кучи — ҳаракатланувчи моддий нуқта жисмга таъсир қиладиган, унинг ҳаракатини чеклайдиган ва эгри чизиқли йўналишда ҳаракат қилишга мажбур қилувчи куч.
Сайёралар ва йўлдошлар айланар экан, марказдан қочиш кучи уларнинг экваторларини «семиртираверади». Юпитер ва Сатурн бунга яққол мисол. Сиз бу газ гигантларининг масштаблаштирилган тасвирларини кузатсангиз, улар қутбларида нисбатан текис, ўрта қисмида эса энлироқ эканини кўрасиз. Киннинг айтишича, Қуёш тизимида энг тез айланувчи (ўз ўқи атрофида) сайёралар бўлгани учун ҳам уларда бу хусусият яққолроқ кўзга ташланади. Жисм ўз ўқи атрофида қанча тез айланса, унга марказдан қочиш кучи шунча кўп таъсирини ўтказади.
Яна бир мисол: Плутон катталигидаги Хаумеа карлик сайёраси. Койпер белбоғида жойлашган ушбу сайёра ўз ўқи атрофида шунчалик шиддатли айланадики (4 соатда бир марта!), оқибатда деярли тухум кўринишига келиб қолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter