Энг оммабоп китоб: унинг муаллифи сал бўлмаса муҳаррирнинг оёғига тиз чўккан!
Зейн Грей тушкунлик ва ночорликдан иборат ҳаёт йўли устида ўйлаб кўриб, дунёдаги энг машҳур кишилардан бири бўлиб етишди. Бу машаққатли йўлни эса у кичкина қишлоқда яшаган даврда бошидан кечирган эди.
Ноширлар Зейн Грейга унинг журнал ҳуқуқига хос асарлари учун кўпинча 15 минг фунтгача тўлардилар. Шуниси борки, Грей мазкур маблағни асар ёзилгунича олар, ваҳоланки, ўзининг дастлабки китобларини уч шиллингга ҳам сота олмаганди. Ноширларнинг сўзларига қараганда, улар уч йил давомида ҳар йили Грейнинг миллионтадан китобларини сотишган. Ёзувчиликнинг дастлабки йилларида эса у ҳам очлик, ҳам совуқ гирдобида устма-уст муваффақиятсизликлардан боши чиқмаган эди.
Зейн Грей ёшлигида отасининг қистови билан тиш шифокори бўлиш учун ўқишга йўл олди, аслида бу касбга асло хоҳиши йўқ эди. Лекин нима ҳам қила олардинг: ота амри – вожиб! Шу тариқа пешанасига Американинг ёввойи ғарбида дунёдаги саргузашт асарларнинг энг яхши муаллифларидан бири бўлиш битилган йигитча тиш шифокори бўлиб қолди. У шахсий амалиётини ишга солиб, беморларнинг тишини тешиб, уларга қўрғошин тамға (пломба) қўйиб, умрини ўтказа бошлади.
Аммо Зейннинг фикр-ўйлари машғул бўлаётган бу ишидан анча узоқ эди. Бу, айниқса хонасининг деразаси орқали тош тўшалган кўприк устидан отларнинг туёқ товуши эшитиладиган дақиқаларда кўпроқ сезилар эди. Ўша лаҳзаларда Грейнинг кўз олдида ёввойи саваннада қирмизи тонгни қарши олган отлиқлар бор бўй-басти билан гавдаланар, яқинлашаётган почта поездининг шарпаси ва унга ҳужум қилишга шайланаётган қуролли босқинчилар тўдаси кўриниб кетгандай бўларди.
Вақт ўтган сари Зейн Грей ўзининг кундалик фожиаси билан юзма-юз бўла борди. У ишлаётган касбини кўришга кўзи йўқ эди. Xудди кўп эшкакли кемага боғлаб қўйилган қул каби ҳар куни эрталабдан ўзини азоблаб ва қамчилаб ургандай бўлиб, беморларни қабул қилиш учун йўлга тушарди. Грей ҳаётдаги ягона лаззатни ўзининг ҳақиқатда рўй берадиган орзуларида ҳис қиларди.
Ниҳоят, у ёзувчи бўлишга узил-кесил қарор қилди: тиш шифокорлигидан воз кечиб, кичкина қишлоққа кўчиб ўтди. Зейннинг ҳисоб-китобига кўра, янги масканда тежаб-тергаб яшаши мумкин: бу ов қилиш ва балиқ тутиш ҳисобига амалга ошиши керак. Шу билан бирга у бир вақтнинг ўзида ёзишни ўрганмоқчи эди.
Зейн Грей ўз ҳикоялари устида қунт ва тиришқоқлик билан ишлади. У нуқул ёзар, воқеаларни бир неча бор қайтадан ўзгартириб, қаҳрамонлар феълини чуқурлаштириб, яна ёзиш билан банд бўларди.
Грей навбатдаги ҳикояни тугатар экан, уни бошдан-охиригача шиддатли ғайрат-шижоат билан қайта ўқиб чиқди. Ёзгани жуда ажойиб кўринди. У умум томонидан эътироф этилишига ишонди. Аммо бошқа киши бунга асло ишонмасди. Бу мамлакатда Зейн Грей асарларига қизиқадиган бирорта ҳам ношир йўқ эди.
Ҳикоялар устида тиришқоқлик билан ишлар экан, Грей узоқ давом этган беш йил давомида бир цент ҳам даромад олмади. Грейга фақат ёз пайтида қандайдир пул тегди, у ҳам профессионал баскетбол жамоасида ўйнагани учун эди. Шу, холос. У бир куни ҳикоясини ноширга кўрсатишга ҳаракат қилар экан, полковник Жон Буффало билан танишиб қолди. Буфалло ғарб сафарига бориш учун ёзиш қўлидан келадиган бирор кишини излаб юрган экан, кейинчалик у ҳақда ёзиши керак эди. Бу Зейн Грей учун руҳлантириб юборадиган таклиф бўлди. У дуч келган имкониятни қўлдан чиқармасликка уринди, юраги ҳапқириб, олдинда кутаётган саргузаштларни ўйлади.
Грей ғарбдаги ковбойлар ҳамда ёввойи отлар орасида олти ойни ўтказиб, уйга қайтди ва «Tекисликдаги одамлар» номли қисса ёзди. Энди у мувафаққият қозонишига бутунлай ишонган эди.
Шундан сўнг Грей қўлёзмани «Xарпер» нашриётига жўнатиб, икки ҳафта жавобини кутди. Кейин эса бардоши етмай, нашриётга шоша-пиша ўзи борди. Аммо у ерда қўлига хат тутқазишди. «Биз ғоят афсусдамиз, аммо ёзганларингизда бадиий асар яратишга қодир эканингизни исботловчи ҳеч нимани кўрмадик», – деб ёзилганди унда.
Грей адойи тамом бўлди. У бамисоли жонсиз одамдек серрайиб қотиб қолган эди. Ахир асарларининг бешинчи марта ноширлар томонидан қайтарилиши эди бу! Грей шу даражада гангиган ва эсанкираган эдики, айни дамда кимдир бор кучи билан унинг жағига туширгани минг карра яхши эди.
У гандираклаб ва қоқиниб, зинапоядан зўрға пастга тушди, йиқилиб кетмаслик учун чироқ устунига суяниб, ушлаб қолди. Устунга бошини тирар экан, қўлтиғига қистирган қўлёзмани олишга ҳам ҳоли келмай, аччиқ аламдан йиғлаб юборди.
Ниҳоят, бутунлай эзилиб, ўлгандан баттар бўлиб уйга қайтди. Грей беш йил давомида асосан хотинининг топгани ҳисобига яшаган эди. Энди эса пул ҳам тугаб қолган. Бунинг устига қўлида боласи ҳам бор.
Уларнинг оиласи бутунлай умидсизлик гирдобида ғарқ бўлди. Қарангки, Грейнинг хотини уни яна бир асар ёзишга ундаб, муваффақиятга ишонтиришга эришди.
Қаҳратон қиш пайти эди ўшнда. Кичкина печка хонани деярли иситмас, ёзаётган пайтда қўллар совуқдан увишиб қоларди. Грей ҳар беш дақиқада печканинг дарчасини очиб, қўлини ичига тиқиб иситишга мажбур бўларди.
У бутун қиш бўйи ва ёзнинг ярмига қадар қунт ва сабр-тоқат билан янги қисса устида ишлади. Ёзиб тугатгач, «Xарпер» нашриёти бу асарни ҳам рад этди. Умидсизликдан бутун руҳи тушиб кетган Зейн Грей сал бўлмаса муҳаррирнинг оёғига тиз чўккудай бўлиб, қўлёзмани уйига элтиб ўқишини ёлвориб сўради.
Орадан икки кун ўтгач, Зейн Грей юраги музлагандай бўлиб, жавобини билиш учун нашриётга борди. «Xотиним бутун тун бўйи ухламай китобингизни ўқиб чиқди. Унинг фикрича, асарингиз жуда ажойиб экан, – деди муҳаррир шодон кулиб. – Биз уни, албатта, нашр этамиз».
Мазкур китоб «Саҳро мероси» деб номланарди. У энг оммабоп ва бозоргир китобга айланди.
Ниҳоят узоқ йиллик ночорлик ҳамда умидсизликдан сўнг Зейн Грей муносиб тақдирланди. У йиллар ўтган сайин энг машҳур ва муваффақиятли ёзувчилардан бирига айланиб, олтмишдан зиёд китоб чиқарди. Бу китобларнинг умумий адади олтмиш миллион нусхадан ҳам кўп эди.
(«Машҳур кишилар ҳаётидан
номаълум саҳифалар» китобидан)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter