Ичимлик орқали ахлоқсизлик тарғиб қилинмоқда
Қонунда ҳар иккаласига ҳам жавобгарлик бор.
Ижтимоий тармоқларда ичимлик рекламаси ва машина устида уни реклама қилаётган қизларнинг шармсиз ҳаракати тасвирланган видеолавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Бу ерда қонун бузилишини кўриш мумкин. Жорий йилнинг 9 сентябридан «Реклама тўғрисида»ги қонун кучга кирди.
Қонунда нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама — ноаниқлиги, рекламадан фойдаланувчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган, юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек жамият ҳамда давлат манфаатларига моддий зарар ва маънавий зиён етказиши мумкин бўлган реклама ҳисобланади. Бунга иккита қизнинг қадриятларимизга тўғри келмайдиган хатти-ҳаракати мисол бўлади.
Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар 47-моддада белгиланган. Яъни молиявий санкциялар қуйидаги миқдорларда пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилади:
- ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган ёки чекланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
- номақбул реклама берганлик, аксилрекламани беришни рад этганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади;
- энергетик ичимликлар, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламалари, пиротехника воситалари, қурол ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлар рекламасига доир талабларни бузганлик, шунингдек ташқи реклама ва ахборотни жойлаштириш тартибини бузганлик — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳолатга расмийлардан муносабат кутиб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter