Энди давлат мулкини ўмарганлар ҳақида хабар берганларга пул берилади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига молия вазирининг «Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида хабар берган жисмоний шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги буйруғи муҳокамага қўйилди.
Низомга мувофиқ давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликларига: давлат молиявий назорати объектларида қонунчиликка хилоф равишда маблағларнинг ва товар-моддий қийматликларнинг камомадига, ўзлаштиришга, талон-торожликларга йўл қўйилиши ҳолатлари киритилган.
Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга у(лар)нинг хабарлари асосида белгиланган тартибда давлат молиявий назорати тадбирлари ўтказилади.
Рағбатлантириш давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан бир марталик пул мукофоти шаклида белгиланади. Хабарларни юборган жисмоний шахслар ихтиёрий равишда раҳбатлантиришдан воз кечиши мумкин.
Мурожаат қилиш тартиби
Қоидабузарлик ҳақидаги хабар жисмоний шахслар томонидан ягона идентификация тизимида (One ID) рўйхатдан ўтган ҳолда дастурий комплекс орқали юборилади.
Қоидабузарликлар батафсил баён этилиши, жумладан қоидабузарлик йўналиши ёки тури, қоидабузарликлар содир этилган назорат объектининг жойлашган аниқ манзили ҳамда қоидабузарликларга тааллуқли бошқа тегишли маълумотлар киритилиши лозим.
Хабарлар қабул қилинганлиги, кўриб чиқиш жараёни, якуний натижаси ёки рад этилганлиги тўғрисида қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахслар ёзма электрон кўринишда хабардор қилинади.
Фуқаролар юборган хабар Инспекция томонидан беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади ҳамда қабул қилинган қарор натижаси назорат тадбири ўтказиш ёки рад этиш дастурий комплексга жойлаштирилади.
Қоидабузарликлар содир этилган назорат объектида Инспекция томонидан уч ойгача бўлган муддатда давлат молиявий назорати тадбири ўтказилиши лозим.
Қандай рағбатлантирилади?
- Қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;
- қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;
- қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;
- қоидабузарликлар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш юз баравари ва ундан ортиқ бўлганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида.
Қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахслар бир нафардан ортиқ бўлган ҳолатларда рағбатлантириш суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.
Маблағлар тўлиқ ундирилган кундан бошлаб беш иш кунида мукофот пулини қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахсларга нақд пулсиз кўринишда, яъни уларнинг банк пластик картасига ўтказиб бериш учун Инспекция томонидан тегишли хулоса тузилади.
Давлат фойдасига ундирилган маблағлар манбаини тақсимлаш ваколатига эга субъект икки иш кунида Инспекция томонидан тақдим қилинган хулосага асосан мукофот пулини қоидабузарликлар ҳақида хабар берган жисмоний шахс(лар)га нақд пулсиз кўринишда, яъни у(лар)нинг банк пластик картасига ўтказади.
Қандай хабарлар кўриб чиқилмайди?
- қоидабузарлик ҳолатлари аниқ кўрсатилмаган бўлса;
- назорат объектининг тўлиқ номи ва манзили аниқ кўрсатилмаган бўлса;
- қоидабузарлик ҳақидаги хабар илгари юборилган хабар мазмуни (назорат объекти, қоидабузарлик йўналиши, субъекти) билан бир хил бўлган тақдирда.
Бунда қоидабузарлик илгари ўрганилиб тегишли чоралар кўрилган бўлса, бундай хабарлар қайта кўриб чиқилмайди ва бу ҳақда хабар берган жисмоний шахсларга белгиланган тартибда хабар берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter