Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Почта бўлимида электрон ҳукумат хизматлари кўрсатилмоқда (видео)

Почта бўлимида электрон ҳукумат хизматлари кўрсатилмоқда (видео)

Президентимизнинг «Почта алоқаси соҳасини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бугун жойларда «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти ҳамда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамкорлигида янги хизмат турлари йўлга қўйилмоқда.

Эндиликда юртдошларимиз почта бўлимларига электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланиш учун ҳам мурожаат этишади.

Почта – инсониятнинг кундалик ҳаётида катта аҳамиятга эга. Ҳатто бугунги юқори технологиялар асрида ҳам кўпчилик почта хизматларидан фойдаланишни афзал кўришади.

Мавзуга доир лавҳаларимиз Тошкент вилоятидаги Нурафшон почта алоқа боғламаси «Қорасув» алоқа бўлимидан тайёрланди.

– 1 мартдан бизнинг почта бўлимларимизда ҳам янгиликлар жорий этилди. Ягона порталдаги айрим хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилди. Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази мутахассислари ҳамда «Ўзбекистон почтаси» ходимлари томонидан бизнинг мутахассислар ўқитилди, – дейди Нурафшон почта алоқа боғламаси бошлиғи Абдуманноб Имонқулов. – Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинида алоқа бўлимларимиз мавжуд. Аҳолига қулайлик томони – туман марказидаги давлат хизматлари шохобчаларига вақт кетказиб, пул сарфлаб бориб ўтирмай, ўзига яқин алоқа бўлимига чиқиб, боғчага навбатга туриш, навбатини назорат қилиш, «ИНН» олиш, паспортини ID-картага алмаштириш каби электрон ҳукумат хизматларидан фойдаланишади.

Бугунги кунда мазкур алоқа бўлими Ўрта Чирчиқ тумани ҳамда Нурафшон шаҳридаги 183000 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади.

Ҳозирги кунда ҳам оддий одамлар, айниқса, пенсионерлар кўп ишларини почта орқали битиришади ва унга ишонишади. Ахир, у йиллар синовидан ўтган.

Айниқса, қишлоқлардаги почта алоқаси алоҳида бир мавзу. Бу ерда уни ҳаёт маркази дейиш мумкин.

– Бошида Ягона интерактив давлат хизматларидан фойдаланишга фақат давлат ишхонасида ишлайдиган тушунган, билган ходимлар келишарди. Ҳозирга келиб оддий аҳоли ҳам фойдаланишни бошлади, ёрдам беряпмиз, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, – дейди Қорасув алоқа бўлими бошлиғи Шаҳло Ризақулова. – Уларга ҳам қулай бўлди. Чунки ҳамма ишини битта жойда битириб кетишади.

Электрон ҳукумат хизматларининг почта тизимига кириб бориши аҳоли билан янада яқинликни таъминлаб, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди.

Эслатиб ўтамиз, бугун почта алоқа бўлимларида қуйидаги электрон ҳукумат хизматлари кўрсатилмоқда:

  • СТИР аниқлаш;
  • Юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқдан қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • Никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотнома;
  • Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш;
  • Манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш;
  • Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш учун ариза юбориш;
  • Фуқаро номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • Aрхитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;
  • Жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) олиш;
  • Болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш навбатини текшириш;
  • Болани давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш;
  • Туғилганлик ҳақида маълумотномани олиш;
  • Ўлим рўйхатга олинганлиги ҳақида маълумотномани олиш;
  • Пенсия (нафақа) ҳақида маълумот;
  • Наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • Доимий (вақтинчалик) яшаш жойи бўйича маълумот.
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг