Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Питтсбургда почта қандай ишлайди ёхуд соатига 22 доллар ишлайдиган почтачи

 Питтсбургда почта қандай ишлайди ёхуд соатига 22 доллар ишлайдиган почтачи

Мен чет элни орзу қилмаганман. Америкага мени бошлаб келган болалар соғинчи бўлди. Асалтойлар дийдорига тўйиб-тўйиб олгачгина атрофи жаҳонга боқдим.

Питтсбург АҚШнинг шимолида жойлашган серёмғир шаҳар. Ҳавоси шу қадар мусаффоки, бир нафас сайр қилсангиз бутун вужудингиз енгиллашиб, гўё ёшликка қайтасиз. Бир-бирига ўхшамас бетакрор бежирим уйлар. Шуниси таажжубланарлики, улар деворлар ёки панжаралар билан тўсилмаган. Бу асрлар бўйи юзага келган одат, меъморий талабдир. Муҳими, ҳар бир оила ўз тураржойини бинойидай сақлайди. Ўзларигагина хос безайди. Гулларга, дарахтларга, ўсимликлар борки барига меҳр беқиёс. Баъзи уйлар саҳнида бир донагина дарахт-ку, унга бўлган муносабат лол қолдирарли даражада – ер бўйлаган ям-яшил гиламдек майсалар гўё дарахтга инсон муҳаббатидан сўзлаётгандек! Эҳтимол, уйларни зийнатлаб туриш, дарахтларга эътибор ҳам одатий ҳолдир. Ҳеч қандай шаҳар раҳбарияти кўрсатмаси, тегишли ҳужжатларга ҳожат йўқдир.  Бу ҳам америкача маданият ва маънавият.

Питтсбург шаҳри. Илк кўзга ташлангани шу бўлдики, йўллар жуда ҳам равон, теп-текис. Транспорт ҳаракати ҳам йўлга монанд бир маромда ва асосан бир ёқлама. Тиғиз вақтларда баъзи кўчалар ёпилади. Транспорт рақамлари орқа томонидагина қўйиларкан. Ҳайдовчилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-эътиборга ҳам ҳавасим келди: бир-бирига йўл берадилар, қўллари билан ишоралар йўллайдилар: «Йўл берганингиз учун миннатдорман», «Марҳамат,  оқ йўл!» ва ҳоказо.

Видеокамераларни  баъзи кўчаларда учратасиз, у ҳам бўлса тирбандликнинг олдини олиш учун. «Фотокамера бор» ёзуви ҳам шундан огоҳлантиради, холос. Ғаройиби, таблода «Тезликни пасайтиринг!» ҳам шундай, пасайтирмасангизгина жарима келади.  Шаҳарлараро йўлларда ҳам радар жуда ҳам кам. Бўлса ҳам «Радар бор» деган ёзувни кўрасиз. Мактаб даврида йўл бўйида полиция туради. Эрталаб кутиб олиб, ўқиш тугагач, кузатиб ҳам қўяди. Йўллардаги белгиларнинг кўринишли эканлиги ҳам диққатга сазовор. Трассаларда кийик югуриб кетаётган белгидан  ташқари «Ҳайвонларни эҳтиёт қилинг» белгиларини жуда ҳам кўп учратасиз. Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида одам аралашувисиз автоматик тарзда кредит картасидан тўлайсиз.

Таҳсинга лойиқ жиҳатларидан бири тўғрилик ва инсонга ишонч. Эрта тонгда келинимни ёнимга чақириб рўпарадаги уйни кўрсатиб сўрадим: 

     – Бу нима, икки кундан буён олишмаяпти.

     – Ҳа. Мен ҳам кўрдим, – деди келиним. – Етказиб бериш хизмати айтилган вақтга олиб келгану эгаси иш билан қаергадир кетиб ҳали қайтмаганда.

    – Каттагина, қиммат нарса шекилли! Ҳеч ким тегмайдими?    

    – Ҳеч ким. Анави ялангроқ жойни кўряпсизми, ўша ерда бир ойча катмон турди, кимдир топиб яққол кўзга ташланади, деб қўйиб қўйган бўлса керак. Эгаси ёдига тушиб олиб кетган бўлиши керак.

Кейин бундай манзарани кўп кузатдим. Аслида, бизда ноҳалоллардан ҳалоллар кўп, аммо ўша 10-15 фоиз одам ишончга соя соладилар. Биз ҳалолликни тарғиб қилиб ёзаверамиз, ёзаверамиз.

– Аммо бу ерларда, тўғрилик, виждонлилик одатдаги ҳол.

– Шундайми, – сўрайман келин-қизимдан. 

– Шундай, табиий ҳол, – деди келиним. – Мавзуни давом эттириб. – Ойижон, сизга бир воқеани айтиб берай. Бир куни ўғлингиз ишдан қўнғироқ қилдилар. Қарангчи, катмоним уйда қолмабдими, деб, ичида банк кредит карталари (кодсиз), майда долларлари бор эди. Ҳаммаёқни роса ағдар-тўнтар қилиб қидирдим, қани топилса! Америкага келганимизга ҳеч қанча бўлмаган ойлар эмасми, юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Кейин хаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим, машинага ўтираётганда тушириб қўйишган! Қўрғонланмаган, тўсилмаган уйлар эмасми, кўчадан ўтган одам олиб кетган бўлиши ҳеч гапмас. Пастга югуриб тушиб чор атрофнини қараб чиқдим. Йўқ. Қўл-оёқларимда мадор кетиб ерга ўтириб қолдим. Ўша онда худонинг менга раҳми келдими, кўзим почта қутисига тушди. Ирғиб туриб қутига қўлимни тиқдиму севинчдан юрагим ҳапқириб кетди. Хайрият-хайрият. Катмон шу ерда экан! Қўлларим титраганича почта қутисидан олган катмонни очиб қарадим. Кредит карталари ҳам, ҳужжатлари ҳам, долларлари жойидай эди. Ким экана ўша яхши инсон? Ўйладик. Қўшниларимиз қисқа муддатда синашта бўлиб кетишганди. Ҳаммаси ҳам худди шундай қилган бўларди! Лекин биз почтачимиз деган тўхтамга келдик. Чунки катмон почта хабарномалари, хатлар, буклетлар ва журналлар билан аралашиб чиққанди. Шу сабабли почтачимиз, деган тўхтамга келдик.

Хўш, қўшнилар аёлларнинг почта хизмати борасида фикрлари қандай? Қизиқ-да. Уч аёл «Яхши. Бизга маъқул» деди, фақат Наталья Веис (у қозонлик бўлиб, университетда чет тиллар факультетида таҳсил олган, Америкага келганига йигирма йил бўлган бўлса, шундан буён бир корхонада бухгалтер лавозимида ишларкан). Унинг жавоби зиёлига хос бўлди:

– Пенсильвания штатида, шаҳримизда соҳа ходимлари бинойидай яшашади. Жуда бойу бадавлат десам балки тўғри бўлмас, лекин турмушлари ўзига яраша фаровон. Улар жуда кучли ижтимоий ҳимояга олинганлар. Шунинг учун шекилли, почтада ишласам, деганлар кўп. Аниқлик, тўғрилик, тезкорлик – уларнинг ўзгармас шиори! Яна бир устунлиги шундаки, Мустақиллик, Янги йил олди ва Янги йил кунлари каби қатор байрамларда қўшимча ишчилар олишади. Уйларнинг ички ва ташқи томонлари шундай ажойиб тантанаворлик касб этадики, офаринлар, демасликнинг иложи йўқ. Турган гапки, буларнинг бари почтага иш, даромад келтиради. Айтмоқчиманки, улар оммавий суратларда шодликларини баҳам кўришни хуш кўрадилар. Почтанинг иши ҳаддан ортиқ кўпайиб кетиши шундан. Хатлар, откриткалар ва совғалар... Эҳ-ҳе, санаб адо қилолмайсиз. Мана, қаранг, – деди у ва менга уйидан олиб чиққан откриткаларни кўрсатди. – Менга бу откриткаларни дугонам жўнатган. Унда оилавий хурсандчилик саналари, болажонининг атак-чечак йўлга киргани, тили чиқаётган паллалари, илк мактабга борган кун ва шунга ўхшаш унутилмас дамлар акс эттирилган. Бу нима дегани, сен яқинимсан, қадри баландимсан, сени ҳурмат қиламан, дегани!

Телефонда айтган бошқа, кичкина мактубчада  меҳр изҳор этган бошқа-да! Бу асрий қадриятлардан бири, бу инсонга азиз ва ардоқлилигини эслатиб туриш анъанасини ҳеч ким бузмайди, бузолмасин. Ўзимизда ҳам, яқинларингизга, жигарларингизга меҳр изҳор этиб туринг, деган даъват ҳам бор. Афсуски, телефон бор, телеграм бор деймиз-да қўямиз.

Бинобарин, бу тахлит изҳори диллик ҳам Наталья айтганидек, «Америкача маданиятдан далолат. Улар маданияти ва почтасидан кўп нарса ўрганиш мумкин ва зарур».

АҚШ ПОЧТА ХИЗМАТИ – UNITED STATES POSTAL SERVICE рақобатчи хусусий почта хизматлари бўлса ҳам обрў-нуфузини туширмай муваффақият билан ишлаб келмоқда экан. Бу нарса ютубда ҳам таъкидланади ва камчиликлардан холи эмаслиги қайд этилган. Питтсбург шаҳридаги офиси олдидан бепарво ўтиб кетолмадим. Ишлаб ўтирган қизни суҳбатга тортдим. У 23 ёшдаман, ишим ўзимга жуда ёқади, мароқланиб ишлайман, деди. Қиздан почтачилар ойлик маоши соатига 22 доллар эканлигини билиб олдим.

Мазкур хизмат агентлиги раҳбарини мамлакат президенти лавозимидан озод этолмайди. Бу ҳам хизматнинг бутунлай давлат тасарруфида эмаслигидан далолатдир. Яъни, почта ҳукуматнинг мустақил  агентлиги мақомига эга. Шундай бўлса-да давлатнинг антимонопол қонунчилик ҳужжатлари уларга татбиқ қилинмайди. Қатор мамлакатларда почтага ишонч йўқолган. Мустақиллик ва фаолиятни мунтазам модернизациялаш ва маҳсулотларни кўпайтириш шарофати билан почта асл почта мартабасини қўлдан бермай келади. Ва шуни айтиб ўтиш керакки, мазкур мамлакатда почта хизмати энг йирик иш берувчи сифатида АҚШда учинчи ўринда туради. Хизмат тарихи 1692 йилдан Буюк Британия колонияси вақтидан бошланиши ҳам 472 йиллик тажрибадан сўзлайди.

Почта хизмати мавзусида кўпларнинг фикру мулоҳазаларини ўргандим. Улар орасида банкда айти соҳасида ишлаётган наманганлик йигит (мутахассислиги иқтисодчи ) Анваржоннинг фикри менга маъқул тушди: «Биз Америкадамизу, айтмасам ҳам ҳамма билади – қалбимиз тўрида она ватанимиз савлат тўкиб туради. 2020 йилда юртимизда телекоммуникация шиддат билан ривожланиб, халқимиз ҳаётида янгиланишлар бошланганда қанчалар севинганимни таърифлаб беролмайман. 70 ёшдан ошган опамлар ҳам андроид телефондан фойдаланишмоқда. Интернет кириб бормаган хонадон қолмади, ҳисоб. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатилаётгани, масофалар қисқаргани, маблағлар тежалаётгани... Бўлар экан-ку! «Ўзбекистон почтаси» ҳам илгари қадам ташлай бошлади. Кадрлар ўқитилди, салоҳиятлари ошириляпти. Лекин самара исталган даражага етишини анча кутамиз. Сабабларини мен санаб ўтирмай, юқоридагилар ўзлари ҳам биладилар. Бир нима етишмаяпти, очиқроқ айтсак, журъат етишмаяпти. Мен бир гап айтай – инқилоб ясаш керак. Аввало, почтачилар ойлик маошларини ақалли 5-6 млнга чиқариш, хизматлар нархини маълум муддатларга бўлса ҳам арзонлатиш керак. Яна бир гап, Америка почта тизимини шундоқина кўчириб ишлаш зиён қилмайди. Ўзингиз ҳам гувоҳи бўлгандирсиз, Америка почтаси жуда кўп реклама маҳсулотларини ташийди. Супермаркетларнинг акцияларини, корхоналар, фирмалар эълонлари ёритилган турфа ранг хабарномаларни ҳам тарқатади. Почта ўз хизматини таклиф қилади, бунча хабарномангизни мана мунчага тарқатамиз, дейди. Ишлари баракали давом этаётган бўлса-да мутахассислари қўл қовуштириб ўтирмайди. Ташаббускорликни, ҳар куни бир ғоя умидида интилиш, бош қотириш почтачилар қон-қонига сингиши шарт. Мана масала қаерда!»

Ҳафиза САЛЯҲОВА,
«Хаbar» мухбири, АҚШ, Питтсбург шаҳри

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг