Экология қўмитаси делегацияси Канадада: нималар муҳокама қилинди?
«Давлат экология қўмитаси делегацияси шу кунларда Канаданинг Монреаль шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Биологик хилмахиллик тўғрисидаги конвенциясининг 15-томонлар конференцияси (СОР-15)да иштирок этмоқда», — деб хабар бермоқда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.
Тадбир доирасида сўзга чиққан Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломуродов иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, атроф-муҳит ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш масалалари хусусида тўхталди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг сессияларида илгари сурилган Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этишга қаратилган ташаббуслар халқаро даражада кенг қўллаб-қувватланилаётганини алоҳида таъкидлади.
—Маълумки БМТ Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилинган, — деди қўмита раиси ўз маърузасида. — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст фонди тузилгани ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари самара бермоқда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг кенгайтирилиши, мамлакатимизнинг ўзига хос ноёб экотизимлари ва ландшафтлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши, халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар рўйхати (Рамсар конвенцияси) ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғи каби нуфузли халқаро рўйхатларга киритилиши борасида хайрли ишлар амалга оширилди.
Конференция доирасида Давлат экология қўмитаси раиси БМТ бош котиби ўринбосари, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ижрочи котиби О. Aлгаерова, БМТнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича конвенцияси (UNCCD) ижрочи котиби И.Тияо, БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш конвенцияси (CMS конвенцияси) ижрочи котиби А.Френкель, Глобал экологик жамғармаси (GEF) ижрочи директори ва раиси Карлос Мануэль Родригес, Бирлашган Араб Амирликлари Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Мариам бинт Мохаммед Альмейри каби бир қанча иштирокчилар билан учрашув ўтказди.
Учрашувда кейинги йилларда Оролбўйида чўлланишга қарши курашиш бўйича тизимли равишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 5 йил давомида 1 миллиард дарахт кўчатлари экиш ишлари изчил давом эттирилаётгани муҳокама қилинди.
Ушбу тадбир доираси энг эътиборга молик жараён у GEFнинг «Star» тармоғи 7-цикли доирасида Ўзбекистонга ажратилган грант маблағларини ўз вақтида ўзлаштириш масалалари ва 8-цикл доирасида Ўзбекистонга ажратиладиган малбағларни ўзлаштириш бўйича режалар муҳокама қилингани бўлди.
Унга кўра К.М.Родригес GEFнинг молиялаштириш маблағлари миқдори глобал миқёсда 30 фоизга ортганлиги тўғрисида сўз юритиб, ушбу маблағларни халқаро миқёсда сувлар ва кимёвий моддаларни бошқариш йўналишидаги минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб қилиш истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон томони устувор йўналишларда ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлиги, айниқса, сув тежамкорлик, сув ресурслари муҳофазасини таъминлаш ва оқова сувларни тозалаш билан боғлиқ лойиҳалар учун GEF маблағларининг жалб этилиши келгусида юқори самара беришини таъкидлади.
Шунингдек, мамлакатимизда кимёвий моддалар полигонларини консервация ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга грант маблағларини жалб этиш истиқболлари ҳам эътибордан четда қолмади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар 2023 йил 9-13 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган UNCCD Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг навбатдаги йиғилишини юқори савияда ўтказиш бўйича амалий ишларни ташкил этишга келишиб олишди.
Шу билан бирга, Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон Республикасида Атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш ва яхшилашга қаратилган техник кўмак лойиҳасини амалга ошириш масаласини кўриб чиқишди. Дастлабки қадам сифатида келгуси йил бошида атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш мавзусида соҳа мутахассислари учун халқаро экспертлар иштирокида семинар ташкил этиш маъқулланди.
Давлат экология қўмитаси раиси Н.Обломуродов барча конференция қатнашчиларини 2023 йил 23-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган БМТ Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясини 14-томонлар конференцияси (CMS COP-14)да иштирок этишга таклиф қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter