Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Тошкент вилоятида тежамкор суғориш тизимини молиялаштирди

ЕИ Тошкент вилоятида тежамкор суғориш тизимини молиялаштирди

Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардан бири Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги аҳоли томорқа ерларида янги томчилатиб суғориш тизими жорий этилди.

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Сув тақчиллиги ортиб бораётгани сабаб қишлоқлардаги аҳоли ўз томорқа ерларида сабзавот экинларини етиштиришда тобора қийинчиликларга дуч келмоқда. Бундай долзарб муаммони ҳал этиш учун инновацион ечимлар илгари сурилмоқда», – дейилади ЕИ делегацияси хабарида.

180 метр чуқурликдан сув чиқарадиган вертикал суғориш қудуғининг насослари қуёш панелларидан қувватланади. Масалан, 10 та хонадоннинг 0,8 гектар ерини томчилатиб суғориш орқали эгатлаб суғоришга нисбатан 60 фоизга яқин сув тежаб қолинмоқда.

Қуёш панеллари қувватидан ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергияси давлат электр тизимига сотилади, олинган даромад эса суғориш қудуғи ва томчилатиб суғориш тизимини сақлаш ва бошқариш учун сарфланади.

«Қуёш энергияси билан ишлайдиган ушбу томчилатиб суғориш тизими нафақат сув танқислигини бартараф этади, балки Ўзбекистонда янада барқарор қишлоқ хўжалигига йўл очади. Энг муҳими, маҳаллий томорқа ер эгалари муқобил электр энергия ва суғориш тизимидан самарали фойдаланиш имкониятини қўлга киритмоқда. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг даромадларини оширишга хизмат қилади», – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши ва сувга бўлган талабнинг ортиши атроф-муҳит ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солар экан, мамлакат ҳукумати иқлимга мослашишнинг асосий чораси сифатида фермер хўжаликлари  бошчилигида тежамкор суғориш тизимини жорий қилишни тарғиб қилмоқда. «Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг яшил иқтисодиётга инклюзив ўтишини қўллаб-қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш (EU-AGRIN)» лойиҳаси ҳам шу мақсадга уйғундир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг