Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Валиевлар оиласи яна олти нафар болани асраб олди

Валиевлар оиласи яна олти нафар болани асраб олди

Меҳрибонлик уйига борганингизда илк ҳис қилган туйғунгиз болаларнинг кўзларидаги меҳрга ташналик бўлади. Гарчи тарбиячилар болаларнинг ўз оналаридек бўлиб кетса-да, уларнинг кўзларида оила меҳрига ташналикни ҳис қиласиз.

Лекин айнан бола асраб олишдаги ҳужжатбозлик, йиллаб навбат кутишлар ва фақатгина фарзанди йўқларга бола асраб олишга рухсат борлиги каби масалалар меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг кўпчилиги оила муҳитини ҳис қилмай катта бўлишига сабаб бўларди.

Фарғона тумани, Чекшўра МФЙда истиқомат қилувчи Валиевлар оиласи Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйидан тегишли тартибда, 6 тагача бола олишга шароити борлигини билдирганидан сўнг Миллий гвардия бу мурожаатга беэътибор бўлмасдан оиланинг шароитини ўрганади.

Шарт-шароитлари билан танишиш пайтда оила барча талабларга жавоб бериши аниқланади. Ва ниҳоят хушхабар яшин тезлигида тарқалди: «Тўрт нафар фарзанди бор Валиевлар оиласи яна олти нафар болани асраб олди».

Бўларканку, сарсон саргардонликка чек қўйиб фарзандлари қаторида яна бир бир неча нафар қоракўзларга оилада яшаш бахтини ҳадя қилса. Куни кеча ушбу хонадонда «Бахтли келажак сари қадам» оилавий болалар уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Яъни, 6 нафар болажон оилага тантана билан қабул қилинди. Фарғона вилояти ҳокими ёшлар билан ишлаш бўлими, халқ таълими, солиқ инспекцияси, прокуратура ходимлари ва бошқа масъуллар иштирок этган ушбу тадбир нақ байрамга айланиб кетди.

Ҳуқуқшунос блогер Шермуҳаммад Деҳқонов:

— Ушбу оила 3 йилдан бери фарзанд асраб олиш учун тегишли идораларга мурожаат қилиб, натижа ололмаган. Бу муаммони Фарғона вилояти Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Акбаров  ижобий ҳал қилиб берди. Расмийлаштириш масаласида эса Фарғона шаҳар Халқ таълими бўлими, васийлик ва ҳомийлик органи мутахассиси Хуршида Ҳакимова яқиндан ёрдамлашиб, асраб олувчи ота-онага кўмаклашди.

Фарғона вилояти бўйича Миллий гвардия бошлиғи полковник Шавкат Акбаров:

— Болаларга оила бағриданда ўзини хотиржам ва бахтли сезадиган муҳит йўқ. Болалар уйида улар учун ҳамма нарса умумий. Оилада эса уларнинг ҳар бирига шахсдек мурожаат қилишади, қадриятларимизни ўрганади, урф одатлар нималигини англаб бошлайди, жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Яъни боланинг оилада ўсиб-улғайишининг келажаги учун ҳам фойда. Бу хонадоннинг катталари бола асраб олишдаги имтиёзлардан бехабар экан. Болаларнинг отаси тадбиркор Набижон Валиев икки гектар ерига болалар учун уй жой қилиб беришни мўлжаллаган экан. Лекин шу нарсани таъкидлашим керакки, оилавий болалар уйида тарбияланган болаларни ҳам барча имтиёзлари сақланиб қолади. Вояга етгач давлат томонидан белгиланган тартибда уй-жой билан таъминланади.

Зиёда Валиева болаларнинг онаси:

— Менинг тўрт нафар фарзандим бор эди, энди ўн нафар бўлди. 4-мактабда Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайман. Иш фаолиятим давомида кўплаб меҳрибонлик уйларида тадбирлар ўтказганман. Ўша пайтлари ўйлардим: «агар имконим бўлганида болажонларнинг ҳаммасини уйимга олиб кетардим», деб. Уч йилдан бери бола асраб олишдаги ҳаракатларим бесамар кетаётганди. Яқинда Президентимизнинг бир видеоселекторда, болаларни оилаларга бериш масаласи ҳақидаги фикрларидан кейин яна ариза билан мурожаат қилдим, бу сафар Миллий гвардия аралашиб ишимни тезда ҳал қилиб беришди, орзуим ушалганидан, болаларга оила бахтини ҳис қилдира олаётганимдан хурсандман.

Маросимни кузатар эканмиз, 6 нафар болани вояга етказиш фақатгина ота-онанинг зиммасида қолиб кетмайди. Бугун уларга  ҳокимлик ва масъуллар томонидан қўшимча яратилган  шарт- шароитлар-ётоқ мебеллари, телевизорлар, стол стуллар бунга мисол. Маҳалла аҳолиси эса болаларни қадами ёқиб кўчалари асфалтланаётгани, столбалар янгиланаётгани, ичимлик суви кириб келаётганидан хурсанд.

«Бахтли келажак сари қадам» оилавий меҳрибонлик уйининг очилиш маросимида кузатганларимиз болажонларнинг кўзидаги қувонч ҳамма-ҳаммасини айтиб турибди. Уларнинг орасида балки ойи ёки дада қандай бўлишини билмаганлари бордир, уларнинг орасида «ўғлим» ёки «қизим», деган сўзни бир марта бўлса-да эшитиш орзусида юрганлари бордир. Яхши инсонлар кўмагида уларнинг бугун ўз онаси бор, ўз отаси бор, қалби меҳрга тўла бобожону бувижонлари, ўз оиласи бор. Дунёни энди англаётган бола учун бундан ортиқ бахт борми?

Умид қиламизки, ушбу воқеадан сўнг Валиевлар хонадонидек олижаноб, болажон инсонларнинг сафи кенгаяди, ишонамизки, яқин келажакда меҳрибонлик уйлари ҳувиллаб, уларнинг кулгулари, қувончлари, бахтли келажаги бағри кенг оилаларга кўчади, ахир эзгуликнинг қаноти бор дейишади.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг